loader

Ҳаж сураси

11-оят. Одамлар орасида Аллоҳга бир четда (яъни сидқидилдан эмас, балки тил учида) ибодат қиладиган кимсалар ҳам бордир. Бас агар унга (диндор бўлгани шарофатидан) яхшилик етса ўша  сабабли хотиржам бўлур, агар бирон фитна – бахтсизлик етса (диндан) юз ўгириб кетур. У дунёю-охиратда зиён кўрур. Бу эса очиқ аниқ зиёндир.
Муфассирлар айтишади: - Бу оят аробийлар ҳақида нозил бўлган. Улар ўз чўлларидан Мадинага Расулуллоҳ (с.а.в)нинг олдиларига ҳижрат қилиб келишган эди. Уларнинг бирлари Мадинага келиб соғлиги яхши бўлса, оти чиройли тойча туғса, хотини ўғил туғса, моли кўпайиб яшаши яхшиланса хотиржам бўлиб иймонда турарди ва: - бу динга кирганидан бери фақат яхшилик кўрдим, - дерди. Агар Мадина касалликлари тегиб қолса, хотини қиз туғса, бияси бола ташласа, мол-мулки камайса, нафақа - садақа берилмай қолса шайтон унга келиб: - Аллоҳга қасамки, шу динга кирганингдан бери фақат ёмонлик кўрдинг, - дерди. У васвасаланиб динидан қайтарди. Шунда Аллоҳ таъало ушбу оятни нозил қилди.
Атийя Абу Саид Ал Худрийдан: - яҳудлардан бир киши исломга кирди-ю кўзи кўр бўлди, моли кетиб қолди, боласи ўлиб қолди. У бунда исломни сабаб қилиб шумланди. Расулуллоҳ (с.а.в)нинг олдиларига келиб: - Мени (исломдан) озод қилинг, - деди.
У киши: - Ислом бекор қилинмайди, - дедилар.
Шунда у: - Мен шу динимга кирганимдан бери ҳеч яхшилик кўрмадим. Кўзим кўр бўлди, мол – мулким кетди, болам ўлди, - деди. Шунда Расулуллоҳ (с.а.в): - Эй яҳудий, олов темирни, олтинни, кумушни ифлосликлардан қолипга қуйиб, ажратиб олганидек, ислом ҳам кишиларни қолипга қуйиб ажратиб олади, - дедилар ва ушбу оят нозил бўлди.
 
19-оят. Мана шу икки ғаним, (яъни мўъминлар билан кофирлар) парвардигорлари (нинг ҳам дини) хусусида талашдилар (яъни мўминлар Аллоҳнинг ҳақ дини бўлмиш Исломнинг ғолиб бўлишини истадилар, кофирлар эса, бу динни йўқ қилмоқчи бўлдилар). Бас, кофир бўлган кимсалар учун ўтдан бўлган кийимлар бичилди, (энди) уларнинг бошларидан қайноқ сув қуйилиб;
Қайс ибн Убода айтади: Абу Зардан эшитдим: - Аллоҳ билан қасам ичаманки, мана шу икки ғанимлар... ушбу олти киши ҳақида нозил бўлган: -  Ҳамза, Убайда, Али ибн абу Толиб, Утба, Шайба ва Волид ибн Утба. Бухорий ривояти.
Қайс ибн Убоддан, Али (р.а) айтади: - Ушбу оят. Мана шу икки ғанимлар... (уларга): - ўт азобини тотиб кўрингиз, - дейишур. (Ҳаж – 19-20-21-22)гача биз ҳақимизда ва Бадр кунидаги яккама – якка курашимиз ҳақида нозил бўлгандир.
Ибн Аббос: - Улар Аҳли китоблардир. Мўминларга: - Биз сизлардан кўра Аллоҳга ҳақлироқмиз. Китобимиз қадимгироқдир. Пайғамбаримиз сизнинг пайғамбарингиздан олдинроқ ўтган,- дейишди.мўминлар эса: - Биз Аллоҳга яақинроқмиз. Биз Муҳаммад (с.а.в)га ҳам, сизнинг пайғамарингизга ҳам иймон келтирдик. Нозил қилинган китобларга ҳам иймон келтирдик. Сиз эса бизнинг пайғамбаримизни танидинглар, кейин эса уни тарк қилдинглар ва ҳасад қилиб унга кофир бўлдингизлар, - дейишди. Уларнинг хусумат талашишлари шундай бўлди. Шунда Аллоҳ таъало ушбу оятни нозил қилди.
Бу Қутоданинг сўзидир.
 
39-оят. Ҳужумга учраётган зотларга мазлум бўлганлари сабабли (жанг қилиш) изни берилди. Албатта Аллоҳ уларни ғолиб қилишга қодирдир.
Муфассирлар айтишади: - Макка мушриклари Расулуллоҳ (с.а.в)нинг асҳобаларига азиятлар етказишарди. Улар урилган, жароҳатланган ҳолда келиб Расулуллоҳ (с.а.в)га шикоят қилишарди. Раусулуллоҳ (с.а.в) уларга: - сабр қилинглар, мен уруш қилишга буюрилмадим, - дер эдилар. Бу ҳолат Расулуллоҳ (с.а.в) ҳижрат қилгунларича давом этди. Шунда Аллоҳ таъало ушбу оятни нозил қилди.
Ибн Аббос (р.а): - Расулуллоҳ (с.а.в) Маккадан ҳайдаб чиқарилганларида Абу Бакр (р.а): - Иннаа лиллаҳи, дарҳақиқат ҳалок бўламиз, - деди. Шунда Аллоҳ таъало ушбу оятни нозил қилди. Абу Бакр (р.а): - Бас, билдимки яқинда уруш бўлади.
 
52-оят. (Эй Муҳаммад), биз сиздан илгари юборган ҳар бир элчи-пайғамбар борки, қачон (улардан биронтаси ўзига нозил бўлган оятларни) қироат қилса, шайтон унинг қироатига (оятда бўлмаган нарсаларни) ташлагандир. Бас Аллоҳ шайтон ташлайдиган нарсани бекор қилур, сўнгра Аллоҳ Ўз оятларини мустаҳкам қилур. Аллоҳ илм ва ҳикмат эгасидир.
Муфассирлар айтишади: - Расулуллоҳ (с.а.в) қавмлари ўзларидан юз ўгираётганини кўргач, уларнинг узоқлашишлари, у киши келтирган ҳидоятни қабул қилмасликлари оғир ботгач, ўзларича Аллоҳдан ўзилари билан қавмлари орасини яқинлаштирадиган бирор нарса келишини орзу қилардилар. Бу қавмларининг иймонга келишини жуда ҳоҳлаганликларидан бўлган эди. Бир куни қурайш мажлисларининг бирида ўтирдилар. Одам кўп эди. Ҳозир  шу вақтда ўзларидан одамларни қочирадиган, узоқлаштирадиган бирор нарса Аллоҳдан келмаслигини ҳоҳладилар. Шуни орзу қилдилар. Шунда Аллоҳ таъало Ван – Нажм сурасини нозил қилди. Расулуллоҳ (с.а.в) уни ўқиб,:- “Лот,” “Уззо” ва яна учинчиси бўлмиш “Манот” ҳақида ҳеч ўйлаб кўрдингизми?! Оятига етгач, шайтон у кишининг тилига орзу қилган, кўнгилларига келган нарса сабаби: - Мана шу олий қушлардир. Уларнинг шафоатларидан умид қилинади, - жумласини ташлайди, солади. Қурайшликлар буни эшитиб ҳурсанд бўладилар. Расулуллоҳ (с.а.в) қироатларида давом этиб суранинг қаммасини ўқиб бўлдилар. Сура охирида сажда қилдилар. У киши сажда қилганлари учун мусулмонлар ҳам сажда қилишади. Масжиддаги барча мушриклар ҳам сажда қилишади.ҳамма сажда қилади. Фақатгина Волид ибн Муғийра ва Абу Уҳайҳа Саид ибн Ос сажда қилишмади. Улар сиқимларига турпоқ олиб пешоналарига тегдирдилар. Чунки улар қариб қолишган эди. Сажда қилолмасдилар. Кейин қурайшликлар тарқалишди. Эшитган нарсалари уларни ҳурсанд қилганди Улар: - Муҳаммад илоҳларимизни яхшилик билан зикр қилди. Биз биламизки Аллоҳ ўлдиради, тирилтиради, яратади, ризқ беради.лекин илоҳларимиз Аллоҳни ҳузурида бизни шафоат қилади, агар Муҳаммад улар учун ҳам (яхши зикрдан) ажратса биз у билан биргамиз, - дейишди. Кечқурун Расулуллоҳ (с.а.в)га Жаброил (а.с) келди. У: - Сиз нима қилиб қўйдингиз? Одамларга мен Аллоҳдан келтирмаган нарсани тиловат қилдингиз-ку, - деди. Буни эшитиб Расулуллоҳ (с.а.в) роса хафа бўлдилар. Аллоҳдан қаттиқ қўрдилар. Шунда Аллоҳ таъало ушбу оятни нозил қилди. Буни эшитиб қурайшликлар: - Муҳаммад бизнинг илоҳларимизни зикр қилганидан пушаймон бўлиб, надомат қилди, - дейишиб, яна мусулмонларга ёмонликларни зиёда қилишди.
Саид ибн Жубайрдан: - Расулуллоҳ (с.а.в): Лот, Уззо ва яна учинчиси бўлмиш Манот ҳақида ўйлаб кўрдингизми?! Оятини ўқидилар. Шунда шайтон у кишининг тилига: - Булар олий қушлардир, уларнинг шафоатидан умид қилинад, -жумласини солди. Буни эшитиб мушриклар хурсанд бўлишди ва: - У бизнинг илоҳларимизни ҳам (яхшилик билан) зикр қилди, - дейишди. Шунда Жаброил (а.с) Расулуллоҳ (с.а.в) га келиб: - Менга Аллоҳнинг каломини ўқиб кўрсатинг, - деди. У киши ўқиб кўрсатгач: - Мана бу сўзни мен сизга келтирмаганман. Бу сўз шайтондандир, - деди Жаброил (а.с). шунда Аллоҳ таъало ушбу оятни нозил қилди.

Орқага Олдинга