loader

Муҳожирларнинг Ҳабашистондан қайтиб келиши

Ҳабашистонга кетган муҳожирлар уч ойдан кейин қайтиб келишди. Улар озчилик бўлгани учун бегона юртга кўниколмай азият чекишди. Бундан ташқари улар қурайшнинг аслзода зодагонларидан бўлиб, шоҳона ҳаётга, эл-юрт орасида иззат-икромга ўрганган аёлларга ғурбатдаги ғарибона ҳаёт беҳад зерикарли туюлди.
Баъзи тарихчилар муҳожирларнинг Ҳабашистондан қайтиб келишига ҳақиқатдан йироқ бир воқеани сабаб қилиб кўрсатишади. Эмишки, расулуллоҳ Ван-нажм сурасининг: "Сизлар Лот, Уззо ва Монот ҳақида менга гапириб беринглар", деган оятларини ўқиб, мушриклар чўқинадиган бутлар ҳақида яхши гапларни айтганмишлар, бу санамлар улуғ фаришталар бўлиб, уларнинг шафоатига иккиланмай умид боғлаш мумкин, деганмишлар. Бу гапдан терисига сиғмай қувониб кетган мушриклар пайғамбар алайҳис-салом билан бирга сажда қилишганмиш. Бундай тутуриқсиз ривоятни дуч келган нарса ҳақида билар-билмас алжирайверадиган бефаҳм одамгина айтиши мумкин. Бу ривоят бутунлай ёлғонлигига ақлий ва нақлий далиллар келтириб ўтамиз. Бу ҳадис санади (яъни ривоят қилувчи воситаси) ва матни жиҳатдан ҳам пойма-пой. Қози Иёз "Шифо" номли асарида бу ҳадиснинг саҳиҳ ҳадислар китобига киритилмаганини ва бирон муҳаддис уни ишончли санад асосида зикр этмаганини таъкидлайди. Ҳадиснинг матнидан келиб чиқсак, бутларни айблаб туриб, уларни мадҳ этиш мантиққа зид. Расулуллоҳ ҳам, саҳобалар ҳам динни ҳеч қачон бундай усул билан тарғиб этган эмас, саҳобаларга бундай айб қўйиш ақлга зиддир. Мабодо бутлар мақталса, Нажм сурасининг 23-оятидаги: "Бу бутлар фақат сиз ва ота-бобонгиз эъзозлаган қуруқ исмлардан бошқа нарса эмас. Оллоҳ буни исботлаш учун ҳатто бирон далил ҳужжат туширгани ҳам йўқ", дейилган фикрдан кейин ҳамма нарса остин-устун бўлиб кетмайдими? Борди-ю, шундай ҳодиса юз берган тақдирда мушриклар расулуллоҳ билан сан-манга борган пайтларида бу нарсани оламга достон қилишмасмиди? Ҳеч қандай далил-ҳужжати йўқ кўр-кўрона тарсолик туфайли идроки сусайган мушриклар бундай қулай имкониятни қўлдан бой беришадими? Нафсиламрини айтганда, бу қибланинг Байтулмуқаддасдан Каъбага ўзгартирилишидан кичик иш эмас. Кофирлар қибланинг ўзгариши хусусида ҳам анча-мунча шов-шув кўтаришди. Оллоҳ таоло Бақара сурасининг 142-оятида: "Баъзи аҳмоқ одамлар мусулмон кўз тикиб турган қибласидан нега юз ўгиришди, дейишади", дея бу кимсаларни аҳмоқ деб атайди. Ашаддий дин душмани бўлмиш энг жоҳил мушрик ҳам нега ўзинг айблаган худоларимизни мақтаяпсан, дейиши турган гап. Ҳатто қўлига қурол олиб расулуллоҳга қарши турганлари ҳам бирон марта бундай сўз айтмаган.
Мазкур ҳикояни нақл этган ва уни Ҳабашистондаги муҳожирларнинг қайтиб келишига сабаб қилиб кўрсатган тарихчилар, ҳижрат вақти ражаб ойи, қайтишлари эса шаввол ойи, Ван-нажм сураси эса рамазон ойида нозил бўлган дейишади. Дсмак, Ван-нажм сурасининг тушиши билан мухожирларнинг қайтиб келиши оралиғида роппа-роса бир ой вақт ўтган. Маълумки, у пайтларда Маккадан Ҳабашистонга бориб келиш учун бир ой муддат камлик қиларди. Сувда кемалар қатнови ҳозирги тараққиёт даражасида эмас, қочиб кетаётганларнинг мусулмончиликни қабул қилган қурайшлар эканини етказадиган телеграф йўқ эди. Бундан ушбу ривоятни исломнинг ашаддий душмани, кўнглига келганини ўйлаб-нетиб ўтирмай валдирайверадиган кимсалар тўқиб чиқарган, деган хулосани айтиш мумкин.
Туҳматчи каззоблар билан бизнинг орамизда адолатли ҳукм чиқарувчи Олоҳнинг муқаддас китоби бор. Бақара сурасида у нафси ва хоҳишига қараб гапирмайди, деган оят бор. Юқоридаги фикрни пайғамбар алайҳис-саломнинг дилига шайтон солди, деган энг қабиҳ туҳматдир. Расулуллоҳ ваҳийга шак келтирадиган гапларни айтишлари сира мумкин эмас. Сажда борасида "Саҳиҳул Бухорий" да Абдуллоҳ ибн Масъуднинг ривояти келтирилган": "Пайғамбар алайҳис-салом Ван-нажм сурасини ўқиб, сажда қилган эдилар, бирга номоз ўқиётганларнинг ҳаммаси у кишига эргашди, фақат бир киши сажда қилмай, бир сиқим тошни олиб пешонасига босди-да, менга мана шунинг ўзи кифоя, деди. Кўп ўтмай унинг кофир ҳолатида ўлдирилганининг гувоҳи бўлдим". Бу ривоятдан пайғамбар алайҳис-салом билан бирга мушриклар ҳам сажда қилишган экан-да, деган хулоса чиқмайди. Аксинча, Абдуллоҳ ибн Масъуд айтган одам ислом динига кириб, кейинчалик муртад ҳолатида ўлдирилганлиги англашилади. Бир гуруҳ одам мушрикларнинг жабр-зулмларига чидолмай имони заифлик қилиб, муртад бўлиб кетишган. Шундайларнинг бири Али ибн Умайя ибн Халаф эди.
Ҳабашистондан қайтган муҳожирларни ҳимоясига олиб, пуштипаноҳ бўладиган кишиси борларгина Маккага кира олар эди; Абу Салама амакиси Абутолибнинг, Усмон ибн Мазъун Валид ибн Муғиранинг ҳимояси остида Маккага кирди, бироқ Валиднинг мусулмонларга тинмай ёмонлик қилаётганини кўргач, қандай бўлмасин жонини асрашга виждони йўл қўймай, унинг пушти-паноҳлигидан ихтиёрий воз кечди.

Орқага Олдинга