Пайғамбар алайҳис-салом қамалдан чиққанларидан кейин насроний динига эътиқод қилувчи нажронлардан вакиллар ташриф буюришди. Улар паноҳ истаб Ҳабашистонга борган мусулмонлардан расулуллоҳ ҳақида эшитган, у зотнинг Инжилда баён этилган сифатларини қиёслаб кўриш учун юборилган йигирма нафар элчи эди. Нажронлар Қуръон оятларини эшитгач, ҳаммалари баробарига имон келтиришди. "Дунйода сизларга ўхшаган аҳмоқ одамларни кўрмаганман", — деди Абу Жаҳл уларнинг устидан кулиб. — Халқингиз сизларни Муҳаммад нималар қилиб юрганини билиш учун юборган бўлса-ю, сизлар ҳе йўқ, бе йўҳ динингларни ўзгартириб, эл-юртингизга хиёнат қилиб ўтирибсиз. Нажронлар: "Бизнинг ғамимизни еб қайғураётганингиз учун раҳмат. Бу ерга муносабатимизни бузиш учун эмас, яхши ният билан келганмиз. Сизларнинг динингиз ўзингизга тан, биз янгидан танлаганимиз ўзимизга тан. Бу масалада аразлашмайлик", дейишди. Оллоҳ таоло Қасос сурасининг 52-55-оятларида бу хусусда шундай дейди: "Қур'ондан илгари биз китоб нозил қилганлар (яҳудий ва насронийларнинг мўминлари) Қуръонга ишонишади. Уларга Қуръон тиловат ҳилинса, биз унга ишондик, у парвардигоримиз томонидан нозил этилган ҳақиқатдир, биз бундан илгари ҳам ҳақиқий мусулмон эдик, дейишади. Уларнинг сабр-қаноати учун қўшалоқ савоб берилади, улар яхшилик орқали ёмонликни даф этишади. Биз уларга ризқ қилиб берган неъматларни яхшилик йўлига сарфлашади. Беҳуда гапларни эшитишганда тескари қараб: бизнинг амалларимиз ўзимизга, сизларники ҳам ўзингларга тан, омон бўлинглар, биз нодонлар билан дўстлашишни истамаймиз, дейишади".
Макка мушриклари расулуллоҳни даъватдан қайтариш чорасини тополмагач, у киши келтирган далилларга жавобан ҳужжат келтиролмагач, пайғамбар алайҳисса-ломни гоҳ сеҳргарга, гоҳ ёлғончига, гоҳ жиннига, гоҳ фолбинга чиқаришди. Шу билан ўзларини кулгига қўйиб, шармисор бўлишди. Қуръони Каримдаги Анфол сурасининг 32-оятида айтилганидек: "Эй Худо, Қуръон чиндан ҳам сен томондан нозил этилган бўлса, устимизга осмондан тош ёғдир ёки бизга қаттиқ азоб бер", дейишдан уялишмади.