loader

Доруннадвадаги кенгаш

Қурайш мушриклари ансорларнинг пайғамбар алайҳис-саломни жонларини тикиб ҳимоя қилажакларини эшитиб таҳликага тушдилар. Мушрикларнинг бошлиқлари ва обрўли кишилари Доруннадвага йиғилиб, расулуллоҳга қандай зарба бериш ҳақида кенгаш туздилар. Доруннадва Қусай ибн Килобнинг ҳовлиси бўлиб, қурайш халқи барча муҳим ишларини шу ерда ҳал этишарди. Бу йиғинга келган-лардан баъзилари пайғамбар алайҳис-саломни юртимиздан ҳайдаб чиқариб, хотиржам яшайвермаймизми, дейишса, баъзилар, йўқ, ундай қилсак у яхши гапириб, ёнига одам тўплаб бошимизга бало бўлади, дея бу таклифни рад этишди. Айримлар унинг оёқ-қўлини богълаб то ўлгунча бир уйга қамаб қўяйлик дейишса, бунга ҳам қарши чиқадиганлар топилиб, бу гап Муҳаммадни яхши кўрадиганларнинг қулоғига еца, уни ҳар қандай йўл билан қутқариб олиши, ҳатто бизга қарши уруш очишлари мумкин, дейишди. Ҳаммадан кўра ўзини тадбирли ҳисобловчи, расулуллоҳнинг ашаддий душмани Абу Жаҳл кескин таклифни ўртага ташлади. "Муҳаммадни ўлдириш керак, — деди у. — Қариндош-уруғи биздан ўч ололмаслигининг ҳам йўлини топиб қўйдим. Ҳар қабиладан биттадан бақувват йигитни танлаб оламиз. Улар Муҳаммаднинг эшиги олдида шай бўлиб туришади, у ташқарига чиққан заҳоти баробарига қилич уришади, оқибатда бу ғаламиснинг жонига ҳамма қабила зомин бўлган ҳисобланади. Абдуманоф авлоди ҳамма қабилага баробар уруш эълон қилишга қодир эмас, товон олиш билан чекланиб қўя қолади". Бу фикр кўпчиликка маъқул туюлди ва шу жойнинг ўзидаёқ суиқасднинг режаси тузилди. Лекин Оллоҳнинг иродаси уларнинг ниятидан ғолиб келди. Оли Имрон сурасининг 54-оятида бу хусусда шундай дейилади: "Улар ҳийлаи макр ишлатишди, парвардигор ҳам тадбир ишлатди. Тадбиркорликда Оллоҳ ҳаммадан омилкорроқ". Ҳақ таоло ўз расулини ғанимларнинг қабиҳ ниятидан огоҳ этди ва у зоти муборакка ислом дини ривожланиб куч-қувватга эришадиган Мадинага кўчиб ўтишни буюрди. Бу нарсада ҳам ажойиб ҳикмат бор. Агар ислом дини Маккада тарқалса, душманлар: "Қурайш қабиласи барча арабларга ҳукмрон бўлиши учун Муҳаммадни пайғамбарлик даъвосини қилишга ундади", дейишлари аниқ эди. Аслида эса расулуллоҳнинг бошига беадад мусибатлар солган қурайшлар бўлди. Шу боис парвардигор пайғамбар алайҳис-саломни юртидан айро тушиб, қурайш қабиласидан олисроққа кетишларини ирода қилди.

Орқага Олдинга