Сарвари олам бани Амр ибн Авф жамоасининг маҳалласига келиб тушдилар. Машур мунажжим Муҳам-мад Пошонинг аниқлашича, бу ҳодиса раббиул аввалнинг 8-куни, мелодий 622 йил 9-ойнинг 20 кунига тўғри келади. Ислом дини пайдо бўлиб, ўн уч йилдан кейин ғалабага юзланганининг янги тарихи шу кундан бошланади. Бу йиллар мобайнида расулуллоҳ жуда кўп жабр-ситам тортдилар, Оллоҳга ошкора ибодат қилиш имконидан маҳрум этилдилар. Мушриклар томонидан хўрланган, мол-мулки талон-тарож этилган мусулмонлар садоқатли дўстларга, осойишта бошпанага эришдилар. Пайғамбар алайҳис-салом Амр жамоасининг оқсоқоли Кулсум ибн Ҳадимнинг уйига қўндилар. Сўққабош Саид ибн Хайсаманинг уйида одамларни йиғиб, суҳбатлар ўтказардилар. Абу Бакр Сиддиқ Синиҳ маҳалласидаги Ҳорижа ибн Зайидникига жойлашди.
Орқага Олдинга