Пайғамбар алайҳис-саломнинг Усмон ибн Аффон никоҳидаги қизлари Руқия вафот этгач, иккинчи қизлари Умму Гулсумни унга никоҳлаб бердилар. Шу боис у киши Усмон Зуннурайн (Икки нурли) деб аталади.
Шу йили пайғамбар алайҳис-салом Умар ибн Хаттобнинг қизи Ҳафсани никоҳларига олдилар. Ҳафсанинг онаси Усмон ибн Мазъуннинг ҳамшираси эди. Ҳафса илгари Бадр ғазотида яраланиб вафот этган Ҳунайс ибн Ҳузофанинг никоҳида эди.
Шу йили пайғамбар алайҳис-салом Ҳилол ибн Омир авлодидан бўлмиш Ҳузайманинг қизи Зайнабни ҳам никоҳларига олдилар. Зайнаб жоҳилият даврида мискинларга қилган шафқати ва хайр-саховати туфайли Уммул Масокин (Мискинларнинг онаси) деган номга эришган эди. У киши илгари Уҳуд жангида шаҳид кетган Абдуллоҳ ибн Жаҳшнинг хасмида эди. Зайнаб Ҳориснинг қизи Маймуна билан она бир ҳамшира (эгачи-сингил) эди.
Шу йили Алининг ўгли Ҳусайн туғилди.
Шу йили ароқ ҳаром қилинди. Араблар ичкиликни ҳаддан ташқари яхши кўришар, агар бирданига тақиқланса жуда кўп кўнгилсизлик юз бериши кўзда тутилиб, тадрижий чеклана борди. Ароқ одамларнинг дилини хуфтон қиладиган воқеаларга сабаб бўлиши, ҳам моддий, ҳам маънавий, ҳам тиббий зарари туфайли ҳаром деб топилди. Ҳар қандай иш маълум сабаб туфайли тақиқланса ҳеч ким эътироз билдирмайди, аксинча қаттиқ таъсирланиб, қўллаб-қувватлайди. Ичкилик ҳақида дастлаб Бақара сурасининг 219-оятида тўхталиб ўтилган: "Сендан ичкилик ва қимор ҳақида сўрашади. Сен уларга: "Бу икки нарсада катта гуноҳ ва баъзи бир фойда бор, лекин уларнинг гуноҳи фойдасига нисбатан анчагина катта, дегин". Қиморнинг фойдаси шуки, арабларнинг одатига биноан чўтал камбағалларга садақа тарзида бўлиб бериларди. Ароқ инсон аъзосини кучайтиради, деб ҳисобланарди. Баъзи мусулмонлар кайф билан намоз ўқий туриб Қуръон тиловатидан янглишиб кетгани учун Нисо сурасининг 43-ояти нозил бўлди: "Эй, мўминлар, агар маст бўлсангиз, то нима деяётганингизни англаб етмагунингизча намозга яқинлашманглар". Мусулмонлар маст ҳолда бир-бирига озор етказгани учун Моида сурасининг 90-91-оятлари нозил бўлиб, ичкилик бутунлай ҳаром қилинди: "Эй мўминлар, ароқ ичиш, қимор ўйнаш, бутлар (чўқиниш учун тикланган тошлар), фол чўплари* чиндан ҳам ярамас одат, шайтоннинг иши. Нажот топиш учун улардан сақланинглар. Шайтон ароқ, қимор орқали орангизда адоват, душманлик туғдиришга, Оллоҳнинг зикридан ва намоздан қайтаришга уринади. Бу ишлардан қайтмайсизларми?" Оша пайтдаги мусулмонлар "қайтдик" деб жавоб беришган. Бугунги мусулмонлар ҳам шундай дейишлари керак.
______________
*Фол чўплари — жоҳилият даврида араблар сафарга чиқмоқчи, уйланмоқчи бўлса ёки бирон кишининг насл-насаби устида тортишиб қолишса, Узро, Ҳубал номли бутларнинг ёнига бориб Азлом деб аталадиган махсус чўплар билан фол очишарди. Масалан, "Роббим буюрди" ёки "роббим қайтарди" деган сўзлар ёзилган чўпларни махсус идишга солиб аралаштиришар ва қўлига қайси чўп чиқса, шунга қараб иш қилишарди.