Енгилтаклик билан ўйламасдан иш қилиш хунук оқибатларга сабаб бўлади. Тинчгина яшаёган бирон қавмнинг бошлиқлари ўз манфаатларини кўзлаб қилган хиёнатлари шу қавмга балою-қазо, вайронгарчилик олиб келиши муқаррар. Мадина яқинида яшовчи Хазраж қабиласининг иттифоқдоши бани Назир яҳудийларининг бойнига шундай кун тушди. Мусулмонлар билан бани Назир қабиласи ўртасида тинч-тотув яшаш битими имзоланган эди. Бироқ улар ҳасадгўйлиги ва нияти бузуқлиги туфайли хиёнат кўчасига киришди. Пайғамбар алайҳис-салом бир гуруҳ саҳобалар билан бани Назирларнинг маҳалласига келганларида яҳудийлар у кишига суиқасд уюштиришди. Расулуллоҳ кўчадан ўтаётганларида устиларига харсангтош ташлаб юборишни режалаштиришди. Уларнинг шум ниятини сезиб қолган пайғамбар алайҳис-салом дарров орқага қайтиб кетдилар ва Муҳаммад ибн Масламани юбориб, хоинлик қилганлари учун яҳудийларга Мадинадан чиқиб кетишни буюрдилар. (Зеро ҳақиқий эҳтиёткорлик инсоннинг хиёнат билан муомалада бепарво бўлмаслигидир.)
Яҳудийларнинг шаҳардан кўчиб кетиш тадорикини кўраётганидан хабар топган мунофиқлар ўз вакилларини юбориб: "Ҳеч қаёққа кетманглар. Ҳар қанақа шароитда биз ёрдам берамиз", дедилар. Оллоҳ таоло Ҳашир сурасининг 11-12-оятларида мунофиқлар ҳақида бундай дейди: "Мунофиқлар аҳли китоб орасидаги (Қуръонни) инкор этган биродарларига (юртинглардан) чиқариб юборилсанглар, биз ҳам албатта сизлар билан бирга кетамиз, сизларнинг зарарингаз ҳисобига ҳеч қачон бировга итоат этмаймиз, сизларга (қарши) уруш очилса, ёрдам беришимиз аниқ, дейишганини билмайсанми? Оллоҳ гувоҳлик берадики, улар мутлақо ёлғончилардир. Агар улар ҳайдаб чиқарилса, мунофиқлар сира бирга кетишмайди. Агар уларга (қарши) уруш очилса, мунофиқлар ёрдам қўлини чўзишмайди, ёрдам беришса-да терс бурилиб қочишади, аҳли китоб ёрдамга эришолмайди".
Яҳудийлар мунофиқларнинг ёрдамига умид боғлаб, кўчиш муддатини пайсалга солишди. Пайғамбар алайҳис-салом ўринларига ибн Умму Мактумни қўйиб, Алига туғ ушлатиб, яҳудийларга қарши ясов тортиб чиқдилар. Бани Назир яҳудийлари омон қолиш умидида қўрғонларига яшириниб олишди. Мусулмонлар уларни олти кун муҳосара қилишгач, пайғамбар алайҳис-салом хурмо дарахтларини кесиб ташлашни буюрдилар. Бу ҳолдан юрагига ваҳм тушган яҳудийларнинг таслим бўлишдан ўзга чораси қолмади.
Мунофиқларнинг бошлиғи Абдуллоҳ ибн Убайдан кутилган ёрдам келмади; улар илгари Бани Қайнуқо қабиласидан воз кечишгандек бани Назирдан ҳам осонгина юз ўгиришди. Яҳудийлар расулуллоҳдан жонларига омонлик, қурол-яроқлардан бошқа нарсаларини туялари кўтаргунча олиб кетишга ижозат сўрашди. Рухсат олингач, уйларини мусулмонларга қолдирмаслик учун ўз қўллари билан бузиб ташладилар. Ҳайбарга келиб тушган гуруҳга яҳудийларнинг Ҳуяй ибн Ахтаб ва Саллом ибн Абу Ҳуқайқ бош эди.
Яҳудийларнинг бир қисми Шомдаги Азриот деган жойга кўчиб боришди. Улардан Ёмин ибн Амир билан Абу Саъд ибн Ваҳаб мусулмон бўлишди. Бани Назирдан ғанимат олинган мол-мулкни расулуллоҳ ғозийларга бўлиб бермадилар, сабаби, бу чинакам жанг қилиб, қон тўкиб, қўлга киритилган ўлжа эмас эди. Бу хилдаги ғанимат уруш тайёргарлигини кўргани учун Пайғамбар алайҳис-саломнинг ўзларига, оиласи ва яқинларига, етим-эсир, ғарибларга тегишли эди. Ҳашир сурасининг 7-оятида бу нарса алоҳида таъкидлаб ўтилган: "Оллоҳ пайғамбарига ғанимат қилиб берган аҳли қуронинг,* моллари орангиздаги бойлар ўртасида қўлдан-қўлга ўтиб юрмаслиги учун яратганга, пайғамбарга, унинг ҳеш-ақраболарига, етимларга, мискинларга ибн сабилларга хос қилди". Расулуллоҳ гъаниматнинг бир қисмини юртидан бош олиб кетишга мажбур бўлган камбағал муҳожирларга бердилар. Шу билан улар янги келган пайтида ансорлардан олган қарзларини узишди. Пайғамбар алайҳис-салом ишлаб рўзғорларига егулик етиштириш учун бир парча ерни ўзларига ажратиб олдилар.
_________
*Аҳли қуро — Мадина атрофидаги бани Қузайза, бани Назир, Фадак Ҳайдар Урайна қабилалари ва қишлоқларининг аҳолиси.