Нуайим ибн Маъсуд аҳдига бевафолик қилган Қурайза яҳудийларнинг ёнига борди. Улар билан азалдан яқин бўлгани учун яҳудийлар Нуайимни иззат-икром билан кутиб олишди. "Эй бани Қурайза халқи! Менинг сизларга дўстлигимни ва садоқатимни яхши биласизлар, — деди Нуайим. — Мен сизларга муҳим бир гапни айтиб қўйиш учун келдим. Фақат уни ҳеч кимга оғзингиздан гуллаб қўймаслигингиз керак. — Яҳудийларнинг оқсоқоллари сир сақлашга ваъда беришгач, гапида давом этди. — Бани Қайнуқо билан бани Назир қабилалари юртидан ҳайдалиб, мол-мулки, уй-жойи мусодара қилинганидан хабаринглар бор. Қурайш билан Ғатафон қабилаларининг шарт-шароити бошқа; улар қулай фурсат келса урушади, мағлуб бўлишса ўз юртига қайтиб кетишаверади, ютқизадиган ҳеч нарсалари йўқ. Сизлар анави одам (пайғамбар алайҳис-салом демоқчи) билан бир жойда яшайсизлар, яхши кунингларга ҳам, ёмон кунингларга ҳам улар шерик. Мабодо урушсанглар мусулмонларни енгамиз, деб ўйлайсизларми? Менга қолса сизлар Қурайш билан Ғатафон қабиласининг энг мўътабар одамларидан етмиш нафарини гаровга олиб, иттифоқдошларингиз қалтис вазиятда ташлаб қочмаслигига ишонч ҳосил қилганингиздан кейингина бу урушда қатнашишингиз керак. Яҳудийлар унинг фикрини маъқуллаб, дўстона маслаҳати учун қайта-қайта миннатдорчилик билдиришди.
Нуайм эса, бу ердан чиқиб тўппа-тўғри Қурайш катталарининг ҳузурига кириб борди. "Менинг сизларга дўст эканимни, ҳурматим чексизлигини исботлаб ўтиришнинг ҳожати йўқ. Дўст эканимни исботлаш учун сизларга бир маслаҳат билан келдим, фақат бу гап ўртамизда қолсин, ташқарига чиқмасин, деди. Қурайш катталари сир сақлашга онт ичишгач, Нуайим гапида давом этди. — Бани Қурайза яҳудийлари сизларга ишонмайди, агар урушда енгилсак, барибир, қурайшлар бизга ёрдам бермай ташлаб қочишади, деб Муҳаммад билан тузган шартномасини бузганига афсусланиб ўтиришибди. Улар сизлардан бир гуруҳ одамни гаровга олиб Муҳаммадга топширишмоқчи, бунинг эвазига мусулмонлардан бани Назир қабиласининг ўз юртига қайтишига изн олишмоқчи. Эрта-индин бани Қурайза одам юбориб сизларга шарт қўяди. Эҳтиёт бўлинглар, уларнинг найрангига учманглар".
Қурайш катталари бу гапга ишонишини ҳам, ишонмаслигини ҳам билмай боши қотди. Бу орада Нуайим бани Ғатафон қабиласига ўтиб қурайшларга айтган гапларини такрорлади. Уларнинг сафида саросима пайдо бўлди. Абу Суфён Нуайимнинг гапи рост-ёлгъонлигини синаб кўриш учун бани Қурайзага одам юбориб, эртага урушга отланишни буюрди. Бани Қурайза оқсоқоллари: "Биз шанба куни урушмаймиз, бошимизга тушган ҳамма шўр ишлар шанба куни қон тўкканимизнинг касофатидан. Қолаверса, бизни аросатда ташлаб кетмаслигингизнинг кафолотига бир гуруҳ одамингизни гаровга бериб қўймагунингизча урушга чиқмаймиз", дейишди.
Қурайш билан Ғатафон қабилалари Нуайим рост гапирганига ишонч ҳосил қилишди, ўртага нифоқ тушиб, бир-бирларидан шубҳалана бошлашди. Пайғамбар алайҳис-салом Худога ёлбориб илтижо қилдилар: "Қуръонни нозил этгувчи, бандаларидан зудлик билан ҳисоб олувчи яратган эгам, мушрикларни мағлуб қилгин! Эй Оллоҳ, уларни маглуб қилгин! Бизни уларнинг устидан ғолибу музаффар айлагин!"
Оллоҳ таоло расулуллоҳнинг дуосини ижобат қилиб, ярим кечаси душманлар устига совуқ бўрон юборди. Мусулмонлар билан яҳудийлар бирлашиб ҳужумга ўтишидан қўрққан мушриклар чекиниш ҳаракатига тушишди. Пайғамбар алайҳис-салом душман сафидаги саросимани кўргач, саҳобаларга: "У ёқда нималар бўляпти? Қайси бирингиз бориб аҳволни билиб келасиз?" дедилар. Ҳеч кимдан чурқ этган садо чикмади. Расулуллоҳ саволни уч қайта такрорлаб жавоб ололмагач, Ҳузайфа ибн Яъмонга: "Нега гапимни эшитиб туриб жавоб бермаяпсан?" дедилар. Ҳузайфа: "Эй Расулуллоҳ, совуқ жонимдан ўтиб, гапиришга чоғим келмаяпти", дея жавоб қайтарди. "Пайғамбарнинг эҳтиёжи учун аҳволни билиб келгин", дедилар сарвари олам. Ҳузайфа расулуллоҳнинг эҳтиёжи учун жонини таҳликага қўйиб, душман шошилинч қайтмоқчи бўлаётганини аниқлаб келди.