loader

Ҳижратнинг олтинчи йили қўшин юбориш

Пайғамбар алаиҳис-салом шу йил муҳаррам ойининг ўнинчи куни Муҳаммад ибн Маслама бошчилигида ўттиз кишини Мадинадан етти кунлик йўлдаги Зорба деган жойда яшовчи бани Бакр ибн Килоб қабиласига қарши юбордилар. Улар кундузи пана-пастқам жойларда дам олиб, фақат кечаси йўл босишди. Кўзланган манзилга етгач, бани Бакр қабиласига тўсатдан ҳужум қилиб, ўн кишини ўлдиришди, қолганлари тумтарақай қочиб кетишди. Мусулмонлар уларнинг туя, қўйларини ғанимат олиб қайтишди.
Йўлда учраб қолган бани Ханифа қабиласининг оқсоқоли Сумома ибн Усолни асир олишди. Расулуллоҳ у кишини таниб иззат-икром билан кутиб олдилар. Гарчанд Сумома мусулмончиликдан бош тортган бўлса-да, пайғамбар алайҳас-салом уч кунгача меҳмон қилиб, қўйиб юбордилар. Сарвари оламдан бундай илтифотларни кутмаган Сумома гўзал хулқ-атворни, инсонийликни тарғиб этадиган Исломдан бебаҳра яшаш мумкин эмаслигини англаб етди ва изига қайтиб, расулуллоҳга учрашди: "Эй Муҳаммад, дунйода энг ёмон кўрган одамим сен эдинг, энди энг яхши кўрган кишимга айландинг. Ислом дини деса энсам қотарди, энди у ҳаётимнинг мазмунига айланди, юртингни кўришга тоқатим йўқ эди, энди у менинг ҳам суюкли ватаним бўлиб қолди", дея имон келтирди. Бу ҳолдан пайғамбар алайҳис-салом жуда қувондилар. Сумома юртига қайта туриб Каъбани зиёрат қилди ва мусулмон бўлганини ҳаммага эшиттирди.
Мушрикларнинг тирикчилиги Ямоманинг дон-дунига богълиқ бўлгани учун унга қўл теккизишмади Сумома то мушриклар имон келтирмагунча Ямоманинг донини юбормасликка қасам ичди. Доимий дон-дун манбаидан узилган мушриклар танг аҳволда қолишди. Муҳтожлик тошни ёрар деганларидек мушриклар иложсизликдан пайғамбар алайҳис-саломга ялиниб, Ямоманинг донини олишларига ёрдам беришларини ўтинишди. Табиатан раҳмдил, одамларга меҳрибон пайғамбар алайҳис-салом Сумомага хат ёзиб қурайш халқига юбориладиган дон-дунни тўхтамаслигини айтдилар. Расулуллоҳнинг айтганини қилди.
Сумома Ислом динига эътиқоди кучли, покдомон одам эди. Пайғамбар алайҳис-саломнинг вафотларидан кейин Ямома халқининг бир қисми Исломдан юз ўгириб, Мусайлимага эргашган пайтда у одамларни бу ниятдан қайтариб: "Мусайлиманинг бошлаётгани зулматга олиб борадиган сохта йўл. Унга эргашганларни Оллоҳ бадбахт қилади, ўз ихтиёрингиз билан бахтиқаро бўлишдан ҳақланинглар", деган. Унинг саъй-ҳаракати билан Ямома халқининг кўпччилиги Ислом динида собит турди. Оллоҳ таоло у кишидан рози бўлсин!

Орқага Олдинга