Пайғамбар алайҳис-саломга эркаклар байъат қилиб бўлгач, навбат аёлларга келди. Улар Оллоҳга ҳеч нарсани шерик келтирмасликка, ўғрилик ва зино қилмасликка, болаларини ўлдирмасликка, бировлардан топган боласини эрларидан деб туриб олмасликка, яхши ишларда пайғамбар алайҳис-саломга эргашишга байъат қилишди. Шундан кейин расулуллоҳ Билолга Каъбанинг устига чиқиб азон айтишни буюрдилар. Бу Байтуллоҳда ислом динининг биринчи марта ошкора эътироф этилиши эди. Бу кунни Оллоҳ берган катта неъмати ва улуғ ғалабаси учун мусулмонлар ҳайит байрамидек улуғлаб нишонласалар арзийди. Макка фатҳ этилгач, расулуллоҳ бу ерда ўн тўққиз кун турдилар, бу вақт ичида намоз қаср* қилиб ўқилди. Пайғамбар алайҳис-салом Маккага Аттоб ибн Усайдни ҳоким қилиб, кунига бир дирҳам маош тайинладилар. "Кунига бир дирҳамга тўймаган қоринни Оллоҳ сира ҳам тўйғазмасин", дерди Аттоб.
_______________
*Қаср — уч кунлик сафарга чиққан киши тўрт ракаат фарз намозини икки ракаат қилиб ўқилиши. Ҳозирги замон уламолари 80 километр масофага сафар қилган одамни мусофир ҳисоблашади.