Таниқли шоир Каъб ибн Зуҳайр бирон ҳимоячи ва далда берувчи одам тополмай қаттиқ азобда қолди. Пайғамбар алайҳис-салом Маккадан қайтганларидан кейин Мадинага келиб ислом динига кирди ва расулуллоҳнинг ҳузурларида машур "Қасидаи бурда"ни ўқиди. Қуйидаги мисралар ушбу қасидадан олинган.
Умид боғлаб келган дўстларим айту'
Қилолмаймиз сенга ёрдам-шафоат.
Оз ҳолимга қўйинг дедим не бўлса,
Пешонамга битганини кўрай ниҳоят.
Охир бир кун қазо топар одамзот,
Узоқ йиллар яшаса-да саломат.
Расулуллоҳ ҳукм этибди ўлимга,
Лек афв этар қилиб менга иноят.
Оллоҳ сенга берди нурли Қуръонни,
Ҳақ динига қилиб сени ҳидоят.
Расулуллоҳ душман учун Оллоҳнинг
Откир тиғли қиличидир бениҳоят.
Қасида шу ерга етганда расулуллоҳ устиларидаги тўнларини ечиб, шоирнинг елкасига ташладилар.
Расулуллоҳнинг амакилари Ҳамзани ўлдирган Ваҳший ҳам имон келтириб, яхши мусулмонлар сафидан жой олди. Пайғамбар алайҳис-салом уни қабул қилиб, мусулмон бўлгани билан қутладилар. Абу Лаҳабнинг ўғиллари Утба билан Мутаб ҳам ислом динига ўтдилар, расулуллоҳ бу хабардан бениҳоя хушнуд бўлдилар.
Суҳайл ибн Амр яшириниб олган эди, ўғли Абдуллоҳ пайғамбар алайҳис-саломдан омонлик олиб берди. "Суҳайл ақлли ва яхши одам. Бундай одам ислом дининнинг ҳақиқатини англаб етмаслиги мумкин эмас", дея марҳамат қилдилар сарвари олам. Бу гапдан қаттиқ ҳаяжонланган Суҳайл: "Ҳудо ҳаққи, пайғамбар менга жуда кўп яхшиликлар қилди", деди миннатдорчилик билан ва умрининг охиригача ислом дини учун камарбаста бўлди.