loader

Ҳижратнинг тўққизинчи йили қўшин юбориш

Шу йилнинг раббиул аввал ойида пайғамбар алайҳис-салом Али ибн Абу Толиб бошчилигидаги эллик нафар суворийни Тай қабиласининг Фулус деган бутини синдириб ташлагани юбордилар. Мусулмон суворийлар бутни парчалаб, ёқиб юборишди. Тай қабиласининг аҳолиси қаршилик кўрсатишгани учун жанг қилиб, бир қисм одамни асир туширишди ва чорва молларини ғанимат олишди. Асирга тушганлар орасида сахийлиги билан донғи кетган Ҳотамнинг қизи Саффона ҳам бор эди. Мадинага боришгач, Саффона расулуллоҳга мурожаат этиб, мурувват кўрсатишларини ўтинган эди, сарвари олам уни озод қилиб юбордилар. У киши қўли очиқ, саховатли одамни беҳад қадрлар эдилар. Саффона пайғамбар алайҳис-саломни дуо қилиб: "Илоё бойликдан айрилиб, камбағаллашиб қолганлар сенга раҳмат айтишсин; камбағалликдан кейин бойиганларнинг қўлига қаратиб қўймасин; яхшиликларинг ўз жойига эм бўлсин; сени пасткаш одамга муҳтож қилмасин; хор бўлиб қолган азиз одамни сенинг шарофатинг туфайли яна азизу мукаррам этсин", деди.
Пайғамбар алайҳис-саломнинг яхши муомаласи Саффонанинг акаси Адий ибн Ҳотамнинг ислом динига киришига сабаб бўлди. Адий ислом қўшинининг сон-саноқсиз аъламларини кўриб, Шомга қочиб кетган эди. Саффона Шомга бориб, пайғамбар алайҳис-саломнинг кўрсатган мурувватлари, у зоти муборакнинг бениҳоя самимий инсонлиги ҳақида гапириб берди, қалби исломга мойил бўлган Адий нима қилиши кераклиги ҳақида синглисидан маслаҳат сўради. "Менингча дарров расулул-лоҳнинг ҳузурларига боришинг керак. Агар у чин пайғамбар бўлса, олдинроқ бориб имон келтирганинг яхши. Агар у подшоҳ бўлса сен яна бояги-бояги Адийлигингча қолаверасан", деди Саффона. Бу маслаҳат маъқул келган Адий шоша-пиша сафар тадорикини кўриб, йўлга тушди.

Орқага Олдинга

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР