Насроний Нажронларнинг олтмиш кишидан иборат элчилари пайғамбар алайҳис-саломнинг ҳузурларига ташриф буюришди. Улар эгнига қимматбаҳо кийимлар кийиб, бармоқларига тилла узуклар тақиб олишган эди. Улар расулуллоҳга сурат солинган гиламлар билан жундан тўқилган кийимлар ҳадя этишди. Сарвари олам сурали гиламни эгаларига қайтариб, фақат жун кийимларни олдилар. Насронийлар чўқинадиган вақтлари бўлганда Батулмуқаддасга қараб ибодат қилдилар. Пайғамбар алайҳис-салом уларни ислом динига даъват этдилар. Бироқ меҳмонлар: "Биз сизлардан бурунроқ ҳақ йўлни топганмиз", деб мусулмон бўлишдан бош тортишди. Расулуллоҳ: "Сизларнинг мусулмон бўлишингизга аввало салбга (хочга) чўқинишингиз, иккинчидан, чўчқа гўштини ейишингиз, учинчидан, Оллоҳнинг боласи бор деб эътиқод қилишингиз ҳалал беради, дедилар. Элчилар: "Исога ўхшаб отасиз яратилган бирон кимса борми?" деб сўрашди. Бунга жавобан Оллоҳ таоло Қуръони Каримдаги Оли Имрон сурасининғ 59-оятини нозил қилди: "Оллоҳнинг наздида Исо Одам алайҳис-саломга ўхшайди. Оллоҳ Одам алайҳис-саломни тупроқдан яратди, кейин унга бўл, деган эди, у бўлди".
Оллоҳ таоло насронийларнинг эътиқоди чекланганлигини ошкор этиш учун Оли Имрон сурасининг 61-оятини нозил қилди: "Сен Исо ҳаҳида батафсил маълумотга эга бўлганингдан кейин кимки сен билан баҳолашса, уларга: "Келинглар, ўғилларимизни ва ўғилларингизни, аёлларимизни ва аёлларингизни, ўзларимизни ва ўзларингизни йиғиб, Оллоҳнинг лаънати ёлгъончиларга бўлсин дея Оллоҳга ёлбориб дуо қилайлик, дегин". Пайғамбар алайҳиссалом бу шартни таклиф этганларида насронийлар қатъиян бош тортишди. Ҳар йилнинг сафар ойида минг кишилик кийим, ражаб ойида минг кишилик кийим билан бир уқийя олтин миқдорида хирож тўлашга рози бўлишди. Хирожни топшириб олишга ишончли бир одам юборилишини таклиф этишди. Расулуллоҳ уларнинг юртига Абу Убайда Омир ибн Жарроҳни юбордилар. Шундан эътиборан Абу Убайда ислом умматининг ишончли одами деб аталди.