loader

Пайғамбар алайҳис-саломнинг сифатлари ва гўзал ахлоқлари

Оллоҳ таоло пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳис-саломга ҳеч кимга бермаган бу дунё ва охиратнинг камолотларини ато этган. Сарвари оламнинг изидан бориб, бу дунйода мақтовга, охиратда савобга эришмоқ учун бу бобда* расулуллоҳнинг бетакрор сифатлари ҳамда гўзал ахлоқлари ҳақида қисқача тўхталиб ўтамиз.
Оллоҳ ҳаммамизга ҳидоят ато қилиб, бизни тўгри йўлга бошласин. Инсондаги улуғлик ва камолот фазилат-лари икки турлидир: биринчиси, дунёвий хислати, зарурия бўлиб, у инсон табиати ва яшаш эҳтиёжидан келиб чиқади, иккинчиси, диний хислати қасбия бўлиб, бу сифатга эришганлар мақтовга сазовор ва Оллоҳга яқинлашганлар жумласига киради. Дунёвий хислати зарурия касбий бўлмайди, у инсоннинг ихтиёрига боғлиқ ҳам эмас. Масалан: пайғамбар алайҳис-саломнинг яратилишларидаги табиий камолотлари, ҳусндаги гўзалликлари, ақлий заковатлари, идрокларининг юксаклиги, тилларининг фасоҳатлилиги, ҳис-туйғу ва баданларининг кучлилиги, ҳаракатларининг мўътадиллиги, насабларининг тозалиги, қавмлари ва юртларининг мўътабарлиги каби хислатлар бўлиб, яшаш зарурати тақозо этадиган овқат, уйқу, кийим-кечак, турар-жой, мол-мулк ва обрў-эътибор кабилар шу жумлага мансубдир; дин, илм, мулойимлик, сабр, шукр, адолат, ҳаққонийлик, таъмадан йироқлик, камтарлик, кечиримлилик, иффат, сахийлик, шижоат, ҳаё, одамгарчилик, камгаплик, тамкинлик, оғир-босиқлик, меҳр-шафқат, ҳуснихулқ, яхши муомала каби юксак ахлоқ-одобнинг барчаси охиратга мансуб хислати касбия саналиб, булар гўзал ахлоқ деб аталади. Инсонда мавжуд табиий йўсиндаги ғайрикасбий камолот хусусиятларининг барчаси пайғамбар алайҳис-саломнинг вужудларида мавжуд эди.
Пайғамбар алайҳис-саломнинг ранг рўйлари бениҳоя чиройли, гавда тузилиши ва аъзоларининг мутаносиблиги ривоятларда бундай тасвирланади: Пайғамбар алайҳис-саломнинг юзлари оппоқ, нуроний, кўзлари катта, қорачиғлари тимқора, оқи қизғишга мойил, киприклари қуюқ, қошлари узун, ингичка, қирра бурунларининг учи хиёл эгилган, тишлари гуруч донасидек оппоқ, ораси очиқроқ, пешоналари кенг, юзлари думалоқ, соқоллари қуюқ, кўкраклари кенг, гавдали, билаклари узун, кафтлари, оёқларининг товони кенг, ўрта бўй, миқтидан келган, жундор одам эдилар; кўкракларида пастга қараб ўсган майин ёллари бор эди, кулганларида тишлари худди марварид доналаридек ярқираб кетарди, гапирганларида шулаланиб, оғизларидан нур таралаётгандек бўларди, бўйинлари ҳам гавдаларига ғоят мос эди.
Баро ибн Озиб: "Умримда қора сочлари қулоқларини босиб тушган, қизил тўнли пайғамбар алайҳис-саломдан келишганроқ одамни кўрган эмасман", дейди. Абу Ҳурайра: "Мен расулуллоҳдан кўра чиройли одамни кўрмаганман. Қуёш худди у кишининг юзидан балқигандек туюларди, кулганида юзидан нур ёғилиб, шуласи деворларга тушарди", деб эслайди. Ибн Абу Ҳоланинг ҳадисида: "Пайғамбар алайҳис-саломнинг юзи худди ўн тўрт кунлик ойдек нурланиб турарди", дейилган. Ҳазрати Али расулуллоҳ ҳақида гапириб: "Пайғамбар алайҳис-салом дастлаб кўрган одамга важоҳатли туюларди, яқиндан билгандан кейин эса энг суюкли кишисига айланиб қоларди. Мен расулуллоҳдек одамни аввал ҳам, кейин ҳам кўрмадим", дейди.
Пайғамбар алайҳис-салом тозаликда, хушбўйликда, ифлослик ва нажосатдан йироқликда алоҳида хусусиятларга эга эдиларки, бундай фазилатлар у зоти муборакдан бошқа кишида топилмасди. Оллоҳ таоло расулуллоҳни шариатининг покизалиги билан янада юксак камолотга эриштирди. Пайғамбар алайҳис-салом: "Ислом дини покизалик асосига қурилган", дея марҳамат қилганлар. Анас: "Пайғамбар алаиҳис-саломдаги хушбўй ҳид мен ҳидлаб кўрган анбарларнинг, ифорнинг ва бошқа мушку анбарларнинг атридан ёқимлироқ эди", деган. Жобир эса "Пайғамбар алайҳис-салом юзимни силаб қўйган эди, у кишининг қўлидан худди аттор (атр сотувчи)нинг қутисидан таралгандек димоғимга гуп этиб хушбўй ис урилди", дейди. Кўпларнинг таъкидлашича, сарвари олам хушбўй нарсаларни истеъмол қилсалар ҳам, қилмасалар ҳам у киши билан кўришган одамнинг қўлидан кечгача ёқимли ҳид келиб тураркан. Агар расулуллоҳ, бирон боланинг бошини силаб қўйсалар, кечгача ўртоқлари унинг ёнидан кетолмай қолишаркан. Имом Бухорий катта тарихида Жобирдан ривоят қилишича, мушк-анбар уфуриб турган кўчадан юрган одам бу ердан шубҳасиз расулуллоҳ ўтганларини билар экан.
Пайғамбар алайҳис-салом ақлда комилликлари, зеҳнлари ўткирлиги, ҳиссиётларининг кучлилиги, тилларининг бийронлиги, ҳаракатларининг чаққонлиги, аҳлоқларининг гўзаллигига қараганда у зоти муборакни ҳеч шубҳасиз энг ақлли ва энг ҳушёр инсон деб эътироф этиш керак. Сарвари олам илгари ўқиб, хат-савод чиқармаган, махсус сабоқ олмаган, дунёвий ва диний китобларни кўрмаган, бўлишларига қарамай одамларга жуда кўп илмларни ўргатдилар, шариатни барпо этдилар, одамларнинг шахсий ва жамоат ишларини бошқаришлари, халққа қўллаган сиёсатлари, бетакрор хулқ-атворлари ва ажойиб турмуш тарзлари у киши ақл-заковатда комил, идроклари теран зот эканликларини исботлаб турибди. Пайғамбар алайҳис-салом намоз ўқиётганларида орқадаги нарсаларни ҳам худди олдиларидагидек аниқ-тиниқ кўрардилар. Оллоҳ таолонинг Шуаро сурасидаги: "Оллоҳ намозга турган пайтингиздаги ҳаракатларингизни ҳам кўриб туради", деган 219-ояти бевосита юқоридаги фикрларнинг тасдиғидир. Ҳазрат Оиша разияллоҳу анҳо: "Пайғамбар алайҳис-салом қоронғида ҳам худди ёруғ пайтдагидек кўраверар, Хулкардаги ўн бир юлдузни бемалол санай оларди", дейди. Ривоятларда айтилишича, расулуллоҳ замонасининг паҳлавони Раконани курашда енгиб, Ислом динига даъват этган эканлар. Абу Ҳурайра: "Мен пайғамбар алайҳис-саломдан кўра тез юрадиган одамни учратмаганман. У киши йўлга чиққанида ер худди қатламадек қатланиб, қисқараётгандек туюлар, биз қийналиб юрсак у киши аксинча яйраб одимлар, худди тепаликдан пастга тушаётгандек бемалол қадам ташларди. Кулганида овозини баландлатмай табассум қилар эди", дейди.
Пайғамбар алайҳис-саломнинг тили бениҳоя фасоҳатли ва чуқур маъноли эди. Гаплари сунъийликдан холи, равон, жумлалари лўнда, қисқа, тушунарли, фикри аниқ, мазмунли, такаллуфсиз ва чуқур маъноли эди. У киши араб тилининг лаҳжаларини, ҳикматли сўзларини кўп билардилар. Ҳар бир халққа уларнинг ўз тили, шеваси ва услубида фасоҳатига яраша гапирар эдилар. Кўпгина саҳобалар сўзларнинг маъносини айтиб беришни пайғамбар алайҳис-саломдан илтимос қилишарди. Расулуллоҳнинг ҳадислари ва тарихлари билан танишган одам бу нарсани айниқса яхши ҳис этади. Пайғамбар алайҳис-саломнинг қурайш халқига, ҳазри Мавж ва Яман подшоларига ҳамда нажиднинг оқсоқолларига айтган гаплари бир-биридан кескин фарқ қилади. У киши бирон қабила билан гаплашганларида улар ёқтирадиган ибораларни ишлатар, ерлик одамларга хуш келадилан услубда сўзлашар эдилар. Сарвари олам мана шу тарзда Ислом динининг таълимотларини одамларга етказар, Қуръон оятларини, шариат аҳкомларини ҳар бир кишининг диди, савиясига мослаб тушунтирар эдилар.
Пайғамбар алайҳис-саломнинг фасоҳат билан айтилган чуқур маъноли, лўнда сўзларини шарҳлаб, музмунини чақишга уриниб, услубларини тадқиқ этиб китоблар ёзилган. Қуйидаги ҳикматдан иборат сўз-иборалар расулуллоҳнинг аҳли дониш ва фасоҳат бобида чинакам камолотга етганликларининг тасдиғидир:
Ҳамма мусулмонларнинг жони баробардур. Уларнинг энг тубани ҳам бировларни асраш кўйида юради, душманга қарши (туришда) уюшқоқ бўлишади.
Инсонларнинг ҳаммаси тароқнинг тишларидек баробардур.
Киши суйган одами билан бирга (бўлади).
Сен бировга раво кўрганни у сенга раво кўрмаса бундай суҳбатдошликда хосият йўқ.
Инсонлар маъдан конларига ўхшашади.
Оз қадр-қимматини билган одам ҳалок бўлмайди.
Маслаҳатга чақирилган одам ишончли одам.
Гапириб яхшиликка эришган ёки сукут сақлаб омон қолган бандага Оллоҳ раҳмат қилсин.
Мусулмон бўлсанг саломат бўласан, мусулмон бўлсанг, Оллоҳ икки ҳисса ажр беради. Сизларнинг хушахлоқ, камтар, дўстлаштиргувчи ва дўстликка интилганинглар қиёмат куни менга энг ардоқли ва энг яқин бўладиганинглардир.
У (яъни мусулмон) беҳуда гапирадиган ёки арзимас нарсаларга бахиллик қиладиган бўлиши мумкин.
Иккиюзламачи одам Оллоҳнинг даргоҳида мақбул эмас.
Бундан ташқари пайғамбар алайҳис-салом беҳуда баҳс-мунозарани, кўп савол сўрашни, молни исроф қилишни, оналарни ранжитишни, қиз болаларни тириклай кўмишни ман қилиб, айтган гаплари ҳам айни доноликнинг нишонасидур.
Ҳар қандай шароитда Оллоҳга тақводор бўл. Ёмонлик қилсанг, уни яхшилик билан юв. Одамларга хушмуомала бўл. Ишнинг яхшиси ўртачасидир.
Дўстингга ҳаддан ташқари яқин бўлма, бир куни у сенинг душманингга айланиб қолиши мумкин.
Зулм қилувчиларнинг зулми қиёмат куни ўзларига қоронғу зулмат бўлади.
Пайғамбар алайҳис-саломнинг қуйидаги дуолари ҳам у кишининг юксак фасоҳати ва заковатидан далолат беради:
"Эй Оллоҳ, сендан тилагим шуки, раҳматинг билан қалбимни ҳидоят қилгайсан, ишларимни пароканда этмагайсан, тарқоқ ишларимни жамлагайсан, умид боғлаган ишларимни рўёбга чиқаргайсан, амалимни пок қилғайсан, ишларимни тўғри йўлга солгайсан, дўстлигимни қайтаргайсан, мени барча ёмонликлардан асрагайсан. Эй Оллоҳ, осон ўлимни, шаҳидларча қазони, бахтиёр ҳаётни, душманлар устидан ғалаба қозонишни тилайман".
Бундан ташқари пайғамбар алайҳис-саломнинг кўпгина кишилар томонидан зикр этилган сўзлари, нутқлари, хутбалари, дуолари, сулҳномалари ҳайратомуз фасоҳат ва ҳикматга тўладир. Саҳобалар расулуллоҳга: "Сендан кўра фасоҳатлироқ гап гапирадиган кишини кўрмадик", дейишганда у зоти муборак: "Қуръон менинг тилимда, яъни равшан арабий тилда нозил этилган экан, бошқача бўлиши ҳам мумкинми?" дея жавоб қайтарганлар. Расулуллоҳ: "Мен қурайш қабиласида дунёга келиб, бану Саъд аймоғида вояга етдим", деганлар. Пайғамбар алайҳис-саломнинг гап-сўзларида саҳро одамларига хос қудрат ва босиқлик, шаҳарликларга хос нафислик билан назокат жам бўлган. Бундан ташқари сарвари олам бошқа одамларга насиб этмайдиган ваҳий орқали Оллоҳнинг мадади ва қўллаб-қувватлашига эришганлар.
Пайғамбар алайҳис-салом насабларининг асиллиги, юртларининг улуғлиги ҳаммага аён. Расулуллоҳ қурайш қабиласи Ҳошим жамоасининг кўрар кўзи, арабларнинг энг асили, ота-она томонидан ҳурматга сазовор, Оллоҳ учун ҳам, пайғамбар алайҳис-салом учун ҳам азиз маскан ҳисобланмиш Маккадан эдилар. Бу ҳақда китобнинг бош қисмида батафсил гапирилгани учун ортиқча тўхталиб ўтирмаймиз.
Инсон ҳаётига зарур ҳисобланган айрим нарсаларнинг оз бўлиши фазилатдир. Масалан: овқат билан уйқунинг ками шу жумлага киради. Одамлар азалу азалдан меъёрида овқатланиш билан кам ухлашни мақтаб, кўп ейиш билан кўп ухлашни айблашган. Кўп ейиш, кўп ичиш очкўзлик, ҳарислик, шаҳватпарастлик нишонасидир. Кўп ейиш ва кўп ухлаш бу дунйода ҳам, у дунйода ҳам зарар, кони зиён, турли касалликларни келтириб чиқаради, ақлни заифлаштириб, хомуш қилиб қўяди; оз ейиш эса қаноатнинг, нафсни жиловлай билишнинг, шаҳватни ўлдиришнинг нишонасидир, баданни соғломлаштириб, зеҳнни ўткирлаштиради; кўп ухлаш кишини ланж, заиф, хомуш, ялқов қилиб қўяди, инсон умрини зоэ кетгизади, дийдасини қотиради, ғафлатда қолдириб, дилини ўлдиради. Пайғамбар алайҳис-салом оз еб, кам ухлаганлар. Шу боис у киши доим оз ейишни тарғиб этганлар: "Одам боласи қорин деган расво идишни тўлдиролгани йўқ. Тўйиш учун бир неча луқма кифоя, Ейиш зарур бўлганда у ошқозоннинг учдан бирини овқат учун, учдан бирини сув учун, учдан бирини нафси учун ажратиб қўйсин", деганлар. Кўп ейиш билан кўп ичиш кўп ухлашга сабаб бўлади. Оиша разияллоҳу анҳо: "Пайғамбар алайҳис-саломнинг қорни ёлчиб овқатга тўйган эмас. У киши оиласидагилардан бўлакча овқат сўрамас, берганни еб, берганни ичарди", дейди. Пайғамбар алайҳис-салом: "Мен суяниб ўтириб овқат емайман", деганлар. Табиийки, киши чордона қуриб, бемалол суяниб ўтирса, кўпроқ овқат егиси келиши турган гап. Расулуллоҳ эса қовушмасдан чўнқайиб ўтирганларича наридан-бери овқатланганлар. "Мен бир қулман, овқатни қулдек ўтириб ейман", деганлар у зоти муборак. Расулуллоҳ жуда кам ухлаганлар, шунда ҳам: "Икки кўзим ухлагани билан қалбим сира ухламайди", деганлар.
Инсонда қанча кўп ва қанча юқори бўлса шунча фазилат саналадиган нарсалар бор. Обрў-эътибор шулар жумласидандир. Донолар таъкидлашича, кишининг обрўсига қараб, унинг ҳурмати белгиланади. Оллоҳ таоло Исо алайҳис-саломни "дунё ва охиратда обрўли", дея сифатлаган. Муҳаммад алайҳис-салом эса пайғамбар бўлишларидан аввал ҳам, кейин ҳам эл-юртнинг ҳурматига сазовор бўлганлар. Мушриклар пайғамбар алайҳис-салом билан саҳобаларга озор беришни, суиқасд қилишии кўзлашса-да, кўпинча у кишидан ҳайиқишар, барибир, йўриқларига юришарди. Биринчи марта дуч келган одамни пайғамбар алайҳис-саломнинг салобатлари босарди. Қийла деган аёл расулуллоҳни кўрганда қўрққанидан осқ-қўли бўшашиб, қалтирай бошлаганда у киши: "Эй мискина, қўрқма, ўзингни босиб ол", деганлар. Ибн Масъуд ривоят қилган бир ҳадисда айтилишича, бир одам пайғамбар алайҳис-саломнинг ҳузурларига келиб, гапиролмай қалт-қалт титраерганда, расулуллоҳ: "Қўрқма, мен подшоҳ эмасман", деганлар.
Муҳаммад алайҳис-саломнинг қадр-қиммати баландлиги ва Оллоҳ таоло у кишини пайғамбарликка танлагани бу дунйода эришган энг юқори мартабаларидир. Охиратда эса расулуллоҳ бани инсон саййидидурлар.
Одамлар мол-дунёси кўплиги билан фахрланишади, бой-бадавлат кимса бир кунимизга асқотиб, ҳожатимизни чиқарармикин, деган илинжда кишилар уларни катта билиб, иззат-икром қилишади. Мол-мулки кўплиги фазилат эмас, бойлигини ўзининг ва бошқаларнинг эҳтиёжи учун сарфлаб, яхши ном қозонса ва кишиларнинг ҳурматига эришса, аҳли дунё назарида катта олижаноблик ҳисобланади; агар бисотини охиратни кўзлаб яхши йўлларга, фойдали ишларга сарфласа, ҳамма одамнинг назарида фазилат саналади. Бадавлат одам бахил бўлиб, бойлигини яхшиликка сарф этиш ўрнига мол-мулк тўплашга ҳирс қўйса, бундай бойликнинг қадри йўқ, мулкдор эса бахил, пасткаш деган ҳақоратга учрайди. Пайғамбар алайҳис-саломнинг қўлларига ер юзининг хазиналари, мамлакатлариинг калитлари топширилган, ғаниматлар у кишига ҳалол қилинган эди. Расулуллоҳ ҳаёт вақтларида Ҳижоз, Яман, Шом, Ироқнинг бир қисми, араб ярим ороли фатҳ этилиб, жуда кўп ғанимат, хирож, закот моллари келтирилган, яқин йироқдаги подшоҳлар ҳад-ҳисобсиз совға-саломлар юборишган эди. Лекин пайғамбар алайҳис-салом бу нарсаларни шахсий мулк сифатида ўзлаштириб олганлари, бирон тангалик нарсани ўз эҳтиёжлари учун ишлатганлари йўқ, ҳамма нарса тегишли жойга сарфланди. Одамлар бойиб, мусулмонларнинг бели бақувват бўлди. Пайғамбар алайҳис-салом: "Уҳуд тогъидек олтиним бўлса, ундан Оллоҳ йўлида сарфлаш учун мўлжалланганидан ташқари бирон динорни олиб қолиш мени хурсанд қилмайди", деганлар. Кунларнинг бирида расулуллоҳнинг қўлларига Мурра динорлари келган эди, унинг озгинасини қолдириб аёлларидан бирининг қўлига бериб қўйдилар. Лекин барибир ётиб уйқулари келмади, то қолган динорларни ҳам бўлиб бермагунларича кўнгиллари жойига тушмади. Ёнларида ҳеч вақо қолмагандан кейингина: "Энди хотиржам бўлдим", дея енгил тин олганлар.
Пайғамбар алайҳис-салом вафот этганларида жанговар совутлар оиласининг харажати учун гаровга қўйилган эди. У зоти муборак озиқ-овқат, енгил бош, уй-жойнинг эҳтиёжига ярашаси билан қаноатланганлар, ортиқча нарсаларга сира қизиқма-ганлар. Сарвари олам сира кийим танлаган эмаслар, кўпинча дағал газламалардан тикилган тўн ва шунга ўхшаш либослар киярдилар. Ваҳоланки, ҳузурлаоига ташриф буюрганларга олтин ҳал билан зийнатланган тўн кийдирар, келолмаганларга жўнатиб юборар эдилар. Бу нарса пайғамбар алайҳис-салом бу дунёнинг бойлигига сира қизиқмаганларини, бор нарсаларини мустаҳиқ (закот олиши лозим бўлган одам)ларга сарф этиш фазилатига эга эканликларини кўрсатади. Гўзал одоб-ахлоқлардан иборат хислатлар ҳусни хулқ дейилади. Расулуллоҳ бундай хислатларнинг тимсоли эдилар. У кишининг ҳусни хулқлари ҳар жиҳатдан камолатга етган, мукамммал эди. Оллоҳ таоло нур сурасининг 4-оятида пайғамбар алайҳис-саломни мақтаб: "Сен чиндан ҳам юксак ахлоқ эгасисан", деган. Ҳазрати Оиша разияллоҳу анҳо: "Пайғамбар алайҳис-саломнинг хулқи — Қуръон эди. У Қуръон мамнун бўлган нарсадан мамнун бўлар, ғазабланганидан ғазабланарди", дейди. Пайғамбар алайҳис-саломниг ўзлари: "Мен гўзал ахлоқларни камолга етказиш учун юборилдим", деганлар. Анас: "Расулуллоҳ энг гўзал ахлоқ эгаси эди", деган. Муҳаммад алайҳис-салом худди бошқа пайғамбарларга ўхшаш маънавий ва ахлоқий баркамолликка эришган эдилар. Бу зоти мубораклар пайғамбарликка танланиб, Оллоҳнинг нури дилларини ёритиши билан фазлу камолат чўққисига кўтарилдилар. Парвардигор уларни пайғамбарликка танлаши биланоқ тири-шиб ўзларини қийнамай, машқ қилмай бебаҳо фазилатларга эга бўлдилар. Пайғамбарларга хос бундай гўзал ахлоқ ва хислатлар беҳисоб. Биз уларнинг моҳиятини баён этиш билан чекланиб, Муҳаммад алайҳис-саломнинг сифатлари ҳақида тўхталиб ўтмоқчимиз.
Одоб-ахлоқнинг манбаи — ақл. Илм-маърифат ақлнииг маҳсули. Донолик, теран фикр, ростгўйлик, тўғрилик, узоқни кўра билиш, нафснинг кўйига тушмаслик, аксинча уни тийиш, шаҳват билан курашиш, тўғри тадбир ва тўғри сиёсат юритиш, паст орзу-ҳаваслардан холи бўлиш каби хусусиятларга фақат ақл туфайли эришилади. Пайғамбар алайҳис-салом ақл ва илм жиҳатдан ҳеч кимга насиб этмаган энг юксак даражага етганлар. Бунга расулуллоҳнинг ҳаёт йўли ва ислом тарихи билан танишган, у кишининг лўнда, маъноли сўзларини, гўзал ахлоқларини, ҳадисларини ўрганган, сарвари оламнинг Таврот, Инжил ва бошқа муқаддас китоблар ҳақидаги билимларини, файласуфларнинг фалсафаси ва ўтган умматлар тарихи ҳақидаги билимлари, мақол-маталлари, одамларга қўллаган сиёсий тадбирлари, йўлга қўйилган шариат ҳақидаги билимларини, табобат, алжабр, насабшуносликка оид фикрларини тадқиқ этган кишилар амин бўлишади. Ваҳоланки, Муҳаммад алайҳис-салом умми пайғамбар бўлиб, ҳеч қайррда ўқимаган, аввалги китобларни кўрмаган, бировга шогирд тушмаган эдилар, у зоти муборак фақат Оллоҳ таоло дилларига жо этиб, билдирган илмга эга эдилар холос. Пайғамбар алайҳис-салом Оллоҳ таоло ўргатган илмлар, келажакдаги содир бўладиган ишлар ҳақидаги башоратлари, яратганнинг қудрати ва мулки азими ҳақида билдирганларидан ташқари расулуллоҳ ўз ақлу фаросатларига яраша дунёвий ва ухровий маълумотларга эга эдилар. Оллоҳ таоло Нисо сурасининг 112-оятида пайғамбар алайҳис-саломга: "Оллоҳ сенга билмайдиган нарсаларингни билдирди, сенга Оллоҳнинг фазли каттадир", дейди
Пайғамбар алайҳис-саломнинг мулойимлиги, багри кенглиги, ўч олишга қодир бўла туриб авф этишлари, бошларига мусибат тушганда чидам билан енгишлари, сабрликлари Оллоҳ берган улуғ фазилатдир. Оллоҳ таоло Аъроф сурасининг 99-оятида пайғамбар алайҳис-саломга: "Афвни дўст тутгин, амр-маъруф қилгин ва нодонлар билан тенг бўлмагин", дейди. Расулуллоҳ Жаброил алайҳис-саломдан бу оятнинг маъносини тушунтириб беришни сўрадилар. Жаброил алайҳис-салом: "Эй Муҳаммад, Оллоҳ сендан юз ўгирганларга яқин бўлишни, муҳтож бўлганингда ҳеч нарса бермаганларга беришни, зулм ўтказганларни авф этишни буюради", деганлар. Оллоҳ таоло Қуръони Каримда яна бундай дейди: "Сенга етган азиятларга сабр қилгин, бу улуғ ишдир", Шўро еурасининг 42-оятида: "Кимки сабр қилса, (золимдан ўч олишга қодир бўла туриб қасос олмаса) ва уни авф эца, бу улуғ ишдир". Шунингдек Нур сурасининг 22-оятида: "Авф этсин, бағри кенг бўлсин. Оллоҳнинг сизларга магъфират қилишини истамайсизларми? Оллоҳ магъфират қилгувчидир, бениҳоя меҳрибондир", дейди.
Пайғамбар алайҳис-салом ҳақидаги ривоятларда у кишида мазкур сифатлар мукаммал жамулжам экани аён бўлади. Ҳар қандай юмшоқ табиат одам ҳам ҳамиша мулойим бўлавермайди. Пайғамбар алайҳис-салом эса ҳаётда дуч келган шунча кўнгилсизликларнинг ҳаммасига собирлик билан чидаганлар, у кишига озору кулфат етказган жоҳилларга яхши муомалаларини сира ўзгартирмаганлар. Ҳазрати Оиша разияллоҳу анҳо: "Пайғамбар алайҳис-салом икки ишдан бирини танлаш лозим бўлганда гуноҳ бўлмаса; улардан осонрогъини танлар эди. Агар гуноҳ саналса, бу нарсалардан ўзини йироқ тутарди. У киши ўзи учун ўч олмасди, фақат Оллоҳнинг ҳурмати оёқ ости қилингандагина Оллоҳ учун қасос оларди", дейди. Одамлар Уҳуд жангида пайғамбар алайҳис-саломнинг бошларига жуда кўп кулфатлар солган мушрикларни дуоибад қилишни сўрашганда расулуллоҳ: "Эй Оллоҳ, қавмимни ҳидоят қилгин, чунки улар (ҳеч нарсани) билишмайди", дея яратганга ёлборганлар.
Пайғамбар алайҳис-саломнинг нечоғли мулойим ва раҳмдил одамлигини Макка фатҳ этилган куни у кишининг дилини жуда қаттиқ оғритган, масхаралаб устиларидан кулган, мусулмонларни юртидан ҳайдаб чиқарган ва уларга қарши уруш очган, бунга ҳам қаноат қилмай бошқа араб қабилаларини тўплаб, расулуллоҳга қарши гиж-гижлаган қурайш мушрикларини авфи умумий қилганлари рўй-рост кўрсатиб турибди. Расулуллоҳ шу куни улардан: "Мени нима қилади деб ўйлаяпсизлар?" деб сўрадилар. Мушриклар: "Сен мард қариндошимизнинг мард ўғлисан, бизга албатта яхши муносабатда бўласан деб ўйлаймиз", дейишди. Пайғамбар алайҳис-салом: "Боринглар, ҳаммангиз озодсиз!" дедилар. Анас бундай дейди: "Мен расулуллоҳнинг ёнида турган эдим. У кишининг эгнида четига дағал матодан жияк тутилган тўн бор эди. Аробийлардан бири келиб тўннинг этагидан қаттиқ тортган эди, ёқаси пайғамбар алайҳис-саломнинг бўйинларини қийиб юборди. "Эй Муҳаммад, ёнингдаги Оллоҳнинг молидан манави икки туямга ортиб бер, асаканг, кетмайди. Менга ўзингнинг ёки отангнинг молидан бермайсан", деди аробий сурбетлик билан. Расулуллоҳ бироз сукут сақлаб тургач: "Бу Оллоҳнинг моли, мен Оллоҳнинг бир бандасиман, сенинг қилмишинг учун ўч оламан", деди. Аробий: "Йўқ, ўч олмайсан", деди. Расулуллоҳ ҳайрон бўлиб: "Нега ўч олмас эканман?" — деб сўради. Аробий ҳозиржавоблик билан: "Сен ёмонликка ёмонлик қилмайсан", деди. Пайғамбар алайҳис-салом кулиб юборди ва аробийнинг бир туясига арпа, иккинчисига хурмо ортиб беришни буюрди".
Оиша разияллоҳу анҳо: "Агар Оллоҳнинг ҳурмати оёқ ости қилинмаса, расулуллоҳ ўзига зулм ўтказганлардан нолиганини ёки ўч олганини сира эслолмайман. Пайғамбар алайҳис-салом худо йўлида олиб борилган жангдан бошқа жойда бирон кимсани чертмаган; умрида на хизматкори, на аёлини бир шапалоқ урмаган", деб эслайди. Оллоҳ таоло расулуллоҳга раҳмат ёғдирсин! Мусулмонлар суннатларига эргашиб, у кишини рози қилишсин!
Сахийлик ва мардлик бобида замондошлари орасида пайғамбар алайҳис-саломга тенг келадиган одам йўқ эди. Жобирнинг айтишича, биров нима сўрамасин расулуллоҳ сира йўқ деган эмас эканлар. Ибн Аббос: "Яхшилик учун расулуллоҳнинг қўли ҳаддан ташқари очиқ эди. Айниқса рамазон ойида сахий бўлиб кетарди. Жаброил билан учрашган кезлари одамларга яхшилик қилиш учун елдиримдек тез елиб-югурар эди", дейди. Хадича разияллоҳу анҳо расулуллоҳнинг сифатларини баён этиб: "Сен ожизларнинг бошини силайсан, ғарибларга ёрдам берасан", деган. Пайғамбар алайҳис-саломнинг ҳавозин қабиласи асирларини озод қилиш учун қўллаган тадбирлари, дили ислом динига мойил одамларга жуда кўп мол-мулк берганлари у кишининг саховатларига далилдир. Бу ҳақда юқорида батафсил тўхталиб ўтдик.
Кунларнинг бирида пайғамбар алайҳис-салом қўлларига тушган тўқсон минг динорни бўйра устига ташлаб, охирги чақасигача саҳобаларга бўлиб берганлар. Бир одам келиб расулуллоҳдан нарса сўраганда у киши: "Ёнимда ҳеч вақо йўқ, лекин сенинг сўраганинг менинг гарданимда қарз бўлиб турсин, қўлимга бирон нима тушган заҳоти бераман", деганлар. Умар ибн Хаттоб: "Оллоҳ сени бажо келтириб бўлмайдиган ишга ундагани йўқ-ку", деганида расулуллоҳ унинг гапини хушламай жавобсиз қолдирганлар. Ансорлардан бир киши: "Эй расулуллоҳ, беравер, худо бор, камбағал бўлиб қолишдан қўрқма", деганида сарвари олам кулимсираб: "Мен шундай қилишга буюрилдим". дея жавоб қайтарганлар. Пайғамбар алайҳис-саломнинг саховатларига доир мисоллар ҳаддан ташқари кўп, уларнинг ҳаммасини баён этишнинг имкони йўқ.
Пайғамбар алайҳис-салом жасоратли ва ботир киши эдилар, шерюраклиги билан донг таратган одамлар қалтис вазиятларда орқага чекинганларида ҳам сарвари олам жанг майдонини ташлаб қочмаганлар. Аксинча олға интилиб, ҳаммани курашга ундаганлар, орқага чекинишни хаёлларига ҳам келтирмаганлар. Расулуллоҳнинг Ҳунайин ва Уҳуд ғазотидаги қаҳрамонлигини юқорида баён этдик. Ибн Умар: "Расулуллоҳдан кўра жасур, сахий, қаноатли кишини кўрган эмасман", дейди. Али ибн Абу Толиб: "Биз энг мушкул пайтларда расулуллоҳга илтижо қилардик. Жанг майдонларида, пайғамбар душманга энг яқин жойда турарди, Бадр ғазотида расулуллоҳ гъаним билан юзма-юз туриб, мислсиз қаҳрамонлик кўрсатди", дейди. Анас: "Расулуллоҳ энг қаҳрамон, энг чиройли, энг сахий киши эди. Бир куни кечаси Мадина аҳолиси ваҳимали овоздан уйғониб, душман ҳужум қилган бўлса керак, деган хаёлда қуролланиб, овоз келган томонга қараб юрди. Ваҳоланки, расулуллоҳ аллақачон Абу Талҳанинг яйдоқ отига миниб, вазиятни аниқлаб келибдилар. "Қўрқманглар, ҳеч гап йўқ!" дея одамларни хотиржам қилдилар.
Пайғамбар алайҳис-салом дунйодаги энг ҳаёли одам бўлганлар, бировларнинг айбларини кўриб туриб кўрмасликка олардилар. Абу Саид Худрий: "Расулуллоҳ гўшангадаги келинчакдан ҳам ҳаёлироқ эди. Бирор ишни ёқтирмагани шундоққина юзидан билиниб турарди, у кишининг ранги тиниқ ва нафис эди. Олийжаноб ва ҳаёли бўлгани учун бировларга малол келадиган гапни юзма-юз туриб айтмасди", деб эслайди. Ҳазрати Оиша разияллоҳу анҳо: "Расулуллоҳ бировлар ҳақида бирон ёмон гап эшица, ҳеч қачон фалончи бундай иш қилибди, деб отини атамас, аксинча орамизда шундай иш қилиб юрганлар бор экан, дея танбеҳ бериш билан чекланарди. У киши одоб ахлоққа зид сўз, хатти-ҳаракатлардан йироқ эди. Бозорларда шовқин-сурон солмас, ёмонликка ёмонлик билан жавоб қайтармас, ёмонлик қилганларни албатта авф этарди" дейди.
Ҳазрати Али: "Пайғамбар алайҳис-салом энг бағри кенг, энг ростгўй, энг мулойим ва энг хушмуомала одам эди", дейди. Расулуллоҳ кишиларни ўзларидан йироқлаштирмас, аксинча доим ўзларига жалб этиб турардилар. Ҳар бир қавмнинг яхши одамини эъзозлаб, уни ўз аймоғига бошлиқ қилиб қўярдилар. Одамларни бирон нарсадан огоҳлантирастганларида авзойини ўзгартирмай ва пешонларини тириштирмай гапирардилар. Расулуллоҳ ўта ҳушёр одам эдилар. Саҳобаларни тез-тез йўқлаб турардилар, давраларда суҳбатдошларига ўзига яраша жой кўрсатардилар. Бундай йиғинда иштирок этган кишиларнинг ҳар бири расулуллоҳ ҳаммадан кўра менинг ҳурматимни жойига қўйдилар, деган фикр билан ўз кўнглини чоғ этарди. Пайғамбар алайҳис-салом ҳожатманд бўлиб келган одамни бажонидил қабул қилиб, арзига сабр-тоқат билан қулоқ солардилар. Имкони бўлса, бундай одамларнинг ҳожатини чиқарар, имкони бўлмаса, яхши гап билан кўнглини овлаб, кузатардилар. Пайғамбар алайҳис-саломнинг феъл-атвори шу қадар ёқимли эдики, одамлар у кишининг бундан бошқача бўлишлари мумкинлигини тасаввур этишолмасди. Ҳақиқат олдида расулуллоҳ учун кишиларнинг ҳаммаси баробар эди. Ибн Абу Ҳола у кишини шундай таърифлайди: "Расулуллоҳ ҳамиша очиқ чеҳра, ёқимли, мулойим эди. У киши тўнг, қўпол, шовқин соладиган, одобсиз, ҳаддан зийод айблагувчи ёки мадҳияловчи эмасди". Оллоҳ Таоло Оли Имрон сурасининг 159-оятида расулулоҳга мурожаат этиб тайинлайди: "Сен Оллоҳнинг раҳмати билан уларга мулойим бўлдинг. Агар қўпол, бағритош бўлганингда улар ёнинга яқин йўлашмасди. Уларни афв эт, улар учун истиғфор айт, ҳамма ишда улар билан кенгаш". Оллоҳ таоло Фуссилат сурасининг 34-оятида яна бундай деб уқтиради: "Ёмонликка яхшилик билан жавоб қайтар. Шундай қилсанг сен билан адоватда бўлган одам дўстингга айланади".
Пайғамбар алайҳис-салом чақирган ерга борардилар, берилган совға оз бўлса-да, рад этмай олардилар ва шунга яраша қайтарардилар. Саҳобалари билан ҳазиллашардилар, борди-келди қилардилар, дардлашиб кўнгилларининг чигилини ёзардилар, уларнинг болаларини эркалатардилар, ўз ҳужраларига таклиф этардилар, хоҳ ҳур одам, хоҳ қул, хоҳ канизак, хоҳ ғариб-бечора бўлсин, чақирган одамнинг таклифини рад этмай, албатта борардилар. Мадинанинг нариги чеккасидаги касалларни ҳам бориб кўрардилар, узр айтувчиларнинг узрини қабул қилардилар. Анас айтади: "Бирон киши расулуллоҳнинг қулоғига шивирласа, унинг гапи тугамагунча бошларини олиб қочмасдилар, кўришганда то бошқалар қўлини қўйиб юбормагунча қўлларини тортиб олмасдилар, учраганларга олдин салом берардилар, саҳобаларга аввал қўл узатардилар, бировларни қийнаб қўймаслик учун саҳобаларнинг олдида оёқларини узатиб ўтирмасдилар, ҳузурларига кирган одамни иззат-икром билан кутиб олардилар, уларнинг тагига тўшак ёки тўнларини солардилар, кўнмаганига қўймай меҳмонни тўрга чиқарардилар, саҳобаларни исм-шарифи билан тўлиқ атардилар, уларни ҳурматлаб энг яхши кўрадиган исмлари билан мурожаат қилардилар, гапираэтган одам ким бўлишидан қатъи назар гапини бўлмасдилар, Қуръон оятлари нозил бўлаётган ёки ўзлари ваъз айтаётганларида кўнгиллари яйраб, табассум билан чеҳралари очилиб юрардилар.
Пайғамбар алайҳис-салом одамларга меҳрибон, марҳаматли эдилар. Оллоҳ таоло Қуръони Каримдаги Тавба сурасининг 128-оятида расулуллоҳни сифатлаб: "Сизларнинг бошингизга мусибат тушса, у бундан эзилади, у сизларни яхши кўради, мўминларга меҳрибон, марҳаматлидир" деса, Анбиё сурасининг 109-оятида: "Биз сени бутун оламга раҳмат қилиб юбордик", дейди.
Ривоят қилинишича, бир аробий расулуллоҳдан нарса сўраб келган. "Пайғамбар алайҳис-салом унга сўраганини бериб: "Рози бўлдингми?" деб сўраганларида аробий: "Йўқ, мени рози қилолмадинг", дея жавоб қайтарган. Саҳобалар жаҳли чиқиб ўринларидан туриб кетишган. Расулуллоҳ уларни қўл ишораси билан қайтариб, аробийни уйларига олиб кетганлар ва талай нарса бериб: "Энди розимисан?" деб сўраганлар. Аробий: "Ҳа, энди рози бўлдим, Оллоҳ сенга оилангдан, хеш-ақраболарингдан яхшилик қайтарсин", деган. Расулуллоҳ: "Агар шу гапингни саҳобаларнинг олдида айтганингда кўнгиллари эришарди, бояги муомаладан кейин уларнинг дили ғаш бўлиб қолди", дедилар. Аробий у кишининг гапига биноан эртасига келади. Расулуллоҳ саҳобаларга: "Бу кеча сизларни хафа қилган гапни айтган аробий сўраган нарсаларини берганимдан кейин рози бўлди. Ростми?" дедилар. Аробий: "Рост. Оллоҳ сенга оилангдан ва хеш-ақраболарингдан яхшилик қайтарсин!" дея кечаги гапни такрорлайди. Расулуллоҳ саҳобаларга: "Иккаламизнинг ўртамиздаги гап туяси қочиб кетган одамнинг ишига ўхшайди. Бир одамнинг туяси қочиб кетибди, одамлар уни қувлаган сари тезроқ югурибди. Туянинг эгаси: "Бўлди, аралашманглар ўзимнинг туямни ўзим тутиб оламан", дебди. Озгина ўт юлиб, туяни ушлабди, юкларини ортиб дарров миниб олибди. Агар мен аробийни кечаги гапи учун қўйиб берганимда сизлар уни ўлдириб қўярдинглар, у дўзахга кирар эди". Расулуллоҳ айтади: "Саҳобаларим ҳақида менга иғвогарлик қилманглар. Мен сизларнинг ҳузурингизга кўнглим ёришиб чиқишни истайман".
Расулуллоҳ намоз ўқиётганларида ёш боланинг йиғисини эшицалар, ибодатни қисқартирардилар. Ибн Масъуд: "Расулуллоҳ бизга малол келмасин деб ваъзни ҳам қисқароқ қилардилар", дея хотирлайди.
Пайғамбар алайҳис-салом вафодор, сўзининг устидан чиқадиган, силаи раҳмли зот эдилар. Абдуллоҳ ибн Хамсо бундай ривоят қилади: "Муҳаммад алайҳис-салом пайғамбар бўлишидан илгари у кишидан бир нарса сотиб олгандим, менда озгина пул қолганди. Пулни бир жойга олиб келиб беришга ваъдалашиб, эсимдан чиқиб кетибди. Уч кундан кейин келсам, расулуллоҳ кутиб ўтирибди. Мени роса сарғайтирдинг-ку, уч кундан бери кутиб ўтирибман, деди".
Бирон жойдан совға-салом келиб қолса, расулуллоҳ бу нарсани фалончи хонимга элтиб беринглар, у Хадичанинг дугонаси эди, уни жуда яхши кўрарди, дер эдилар. Пайғамбар алайҳис-салом хеш-ақробаларига уларнинг даражасига қараб силаи-раҳм қилар эдилар. Бир куни ҳузурларига келган элчилар ҳайъатини расулуллоҳнинг ўзлари кутиб, хизмат қилганлар. Саҳобалар шу хизматни биз қилсак бўлмайдими, дсб ажабланишган. Расулуллоҳ: "Улар саҳобаларимизни иззат-икром қилишган, уларни шунга яраша мукофотламоқчиман", деганлар. У зоти муборакка пайғамбарлик ваҳийси келганда ҳазрати Хадича разияллоҳу анҳо: "Суюнавер, Оллоҳ сени асло шарманда қилмайди. Сен силаи-раҳм қиласан, ожизларга ёрдам берасан, ғарибларнинг ҳолидан хабар оласан, меҳмонни яхши кутасан, ҳақни ўз жойида қарор топтириш учун курашасан", деган.
Пайғамбар алайҳис-салом мартабалари баланд, насл насаблари улуғ бўлса-да, камтар, камсуқум зот эдилар. У кишининг камтарликлари шу даражадаки, подшо пайғамбарлик билан банда пайғамбарликдан бириш танлаш имтиёзи берилганда у киши банда пайғамбар бўлишни ихтиёр этганлар. Бир куни расулуллоҳ асо тутиб саҳобаларнинг олдига чиққанларида ҳурматлари учун улар гурра ўрнидан қўзғолишган. Пайғамбар алайҳис-салом: "Ажам (эронлик)лар бир-бирини улуғлаб ўринларидан қўзғолгандек сакраб турманглар. Мен ҳам бир бандаман, еб-ичишда, ётиб-туришда сизлардан фарқим йўқ", деганлар. Расулуллоҳ кўпинча эшакда юрардилар, доим орқаларига бировни мингаштириб олардилар, мискинларнинг ҳолидан хабардор бўлардилар, ғарибу ғураболар билан суҳбатлашиб ўтирардилар, қул уйига таклиф эца ҳам борардилар, қаерда дуч келсалар саҳобалар билан аралашиб кетаверардилар. У киши доим: "Мени насоролар Исони учиргандек учириб юборманглар. Мен ҳам бир бандаман, мени Оллоҳнинг бандаси ва элчиси деб билинглар", дер эдилар.
Расулуллоҳ ҳаж қилганларида минган туяларининг устида эски тўқим, энгилларида тўрт дирҳамга ҳам арзимайдиган жун ёпинчиқ бор эди. Сарвари олам: "Эй Оллоҳ, ҳажимни риёсиз ва шон-шавкатсиз қилгин", дея Худога ёлборар эдилар. Ваҳоланки, у пайтда араб замини фатҳ этилиб, расулуллоҳ шу ҳаж чоғида юзта туяни қурбонлик қилган эдилар. Макка фатҳ этилган куни расулуллоҳ Ислом лашкари билан Маккага кираётганларида Оллоҳга тавозу қилиб, бошлари тўқимга теккунча қуйи эгилган эди. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу шундай дейди: "Бир куни расулуллоҳ билан бирга бозорга бориб, у кишига кийимлик олдик. Сарвари олам газлама учун ортиқча ҳақ тўладилар. Сотувчи қувониб кетганидан у кишининг қўлини ўпмоқчи бўлди. Расулуллоҳ шартта қўлини тортиб олди-да: "Бу ажамларнинг одати. Улар подшоҳларининг қўлини шундай ўпишади, мен подшоҳ эмас, сизларга ўхшаган оддий бир одамман", деди. Олинган газламани мен кўтариб юрмоқчи эдим: "Ҳар ким ўзига тегишли нарсани ўзи кўтариб юриши керак, деб менга бермади".
Пайғамбар алайҳис-салом азалдан энг ишончли, энг ростгўй одам эдилар. Расулуллоҳнинг бу фазилатларини ҳатто душманлари ҳам эътироф этишарди. Пайғамбарлик шарафига эришмасларидан аввал ҳам у кишини амин, яъни ишончли деб аташар, ёшу қари бирдек ҳурмат қилишарди. Пайғамбар алайҳис-саломнинг яна бир фазилатлари ўзларининг гапларидан ойдинлашади. "Никоҳимда бўлмаган бирон аёлнинг қўлини тутган эмасман", дейдилар у зоти муборак. Абул Аббос янада ибратли бир воқеани ҳикоя қилади: "Кисро кунларни тақсимлаб, бўрон чиққан куни ухлаш, ҳаво булутли кунда овга чиқиш, ёмғирли кунда нағма-наво тинглаб, шароб ичиш, қуёш чарақлаб турган кунда ишлаш керак, деган. Пайғамбар алайҳис-салом эса кунни учга бўлиб, бир қисмини Оллоҳ учун, бир қисмини оиласи учун, қолган қисмини ўзлари учун тақсим этганлар. Озлари учун ажратилган қисмини эса одамларнинг ҳожатини чиқариш учун сарфляганлар. Саҳобаларни ҳам кўпнинг ҳожатини чиқаришга ундаб: "Мен мушкулини осон этолмаган кишиларнинг ҳожатини раво қилинглар. Ҳожатманднинг мушкулини осон этган одамни Оллоҳ қиёмат кунининг ваҳимасидан асрайди", — деганлар. Расулуллоҳ ҳеч қачон бировнинг гуноҳи учун бошқа кишини жазолаган эмаслар, бировнинг устидан иғво қилган кимсаларнинг гапига қулоқ солмасдилар.
Пайғамбар алайҳис-салом ўта вазмин, хушахлоқ, кўпинча юкинган куйи сукут сақлардилар, фақат лозим бўлгандагина гапирардилар. У кишининг гапи айни вақтида айтилиб, юракка эм бўларди. Беҳуда чакак урадиганларнинг гапига қулоқ солмасдилар, қаҳ-қаҳ отмасдан фақат табассум билан кулардилар, саҳобалар ҳам у кишига ҳурматан ва тақлидан табассум билан кифояланишар эди. Расулуллоҳнинг суҳбатлари ширин, ҳаёли, дилни яйратадиган ва амин кайфиятда ўтарди. У киши бор даврада ҳеч қачон шовқин-сурон, хунук гап эшитилмасди. Сарвари олам гапираётганларида суҳбатдошлари худди бошларига хумо қуши қўнгандек қилт этмай тинглашарди. Ибн Абу Ҳола: "Расулўллоҳнинг сукути тўрт хил эди: "Ёқимли, эҳтиёткорона, бировга малол келмайдиган ва чуқур тафаккурга тўла", деб эслайди. Ҳазрати Оиша: "Расулуллоҳнинг сўзлари маъноли, худди санаса бўладиган даражада дона-дона эди. Сарвари олам хушбўй нарсаларни яхши кўрар, уларни кўп ишлатар ва бошқаларга ҳам тавсия этарди", деб эслайди. Расулуллоҳ овқат ва ичимликларни пуфлаб истеъмол қилишни қатъиян ман этардилар, ҳар ким овқатни ўз олдидан олиб ейиши, мисвок ишлатиши, қўл ва оёқ бармоқларининг орасини тозалаб юриши зарурлигини кўп уқтирар эдилар.
Пайғамбар алайҳис-салом тамадан холи эдилар, бойликка қизиқмас, фатҳ этилган жуда кўп жойларда тоғдек уюлиб ётган мол-мулкка лоақал кўз қирини ташлаб қўймасдилар. У киши вафот этганларида оилаларининг нафақаси учун совутлари бир яҳудийга гаровга қўйилган. Расулуллоҳ ҳамиша: "Эй Оллоҳ, Муҳаммаднинг оиласига куни ўтгудек ризқ берсанг кифоя", деб дуо қилардилар. Ҳазрати Оиша: "Расулуллоҳ кетма-кет уч кун тўйиб овқат емай дунйодан ўтди. У кишидан олтин, кумуш, бирон туя ёки қўй қолгани йўқ. Расулуллоҳ вафот этганида менинг уйимда тўрт ҳовуч арпадан бўлак егулик йўқ эди", деб эслайди. Расулуллоҳ: "Оллоҳ менга Макканинг сойларини олтинга айлантириб бермоҳчи эди, мен: кераги йўқ, роббим, бир кун оч, бир кун тўқ ўтганим дуруст. Оч қолганимда сенга илтижо қилиб, дуода бўламан, тўқ кунимда сенга шукр қилиб, сано айтаман", деганлар. Ҳазрати Оиша: "Биз расулуллоҳнинг оиласидагилар ойлаб қозон осолмай хурмою сув билан қаноатланган вақтларимиз кўп бўлган", дейди. "Пайғамбар алайҳис-салом Шира (хонтахта) қўйиб, лаганда овқат емаганлар. (Фақат давлатманд одамларгина шундай имтиёзларга эга бўлган.) Қайта-қайта элакдан ўтказилган майин уннинг нонини оғизларига солмаганлар, қайнаган сувга босиб ўлдирилган қўйнинг гўштидан тотмаганлар", дейди Анас. (Оша пайтда ўзига тўқ одамлар қўйни қайнаган сувга босишарди-да, жунини юлиб, териси билан пишириб ейишарди.)
Расулуллоҳ ичига хурмо дарахтининг пўстлоғи солинган чарм тўшакда ётардилар. Ҳафса шундай ҳикоя қилади: "Расулуллоҳнинг тўшаги биттагина палос эди, уни икки буклаб солиб берардик. Бир куни палосни тўр буклаб солиб берган эдик, эртасига у киши палосни неча қават қилиб тўшаганимизни сўради, биз тўрт буклаб солганимизни айтганимизда, бундан кейин икки қават қилиб солинглар, бугун ўриннинг юмшоқлиги мени намоздан қўйди, деган. Ҳазрати Оиша: "Расулуллоҳ тўйгунча овқат еган эмас, лекин ҳеч қачон бировга зорланмаган. Бойликдан кўра йўқсизликни яхши кўрарди. Кўпинча очликдан туни бўйи қорни оғриб чиқар, лекин шунга қарамай кундузлари рўза тутарди. Агар у киши Оллоҳдан бутун оламнинг хазинаю неъматларини, тўкин-сочин ҳаётни сўраса бериши муқаррар эди бироқ расулуллоҳ сўрамасди. У кишининг аҳволига ачиниб йиғлардим, очликдан оғриётган қорнини икки қўллаб силаб чиқардим. Сенга жоним фидо бўлсин, хазинадан эҳтиёжингга яраша мол-дунё олақолмайсанми, деганимда у киши: эй Оиша, менга мол-дунёнинг нима кераги бор? Менинг иродали пайғамбар дўстларим бундан ҳам оғир аҳволга чидашган, шу сабабли улар Оллоҳнинг даргоҳига борганда ҳурматга, савобга эришишди. Мен фаровон ҳаёт кечириб, Оллоҳнинг даргоҳида мартабам уларникидан пастроқ бўлиб қолишидан қўрқаман. Мен учун пайғамбар қариндошларим билан бирга бўлишдан ортиқ бахт йўқ, дерди", дея ҳикоя қилади. Ҳазрати Оишанинг гувоҳлик беришича, пайғамбар алайҳис-салом мана шу сўзларни айтганларидан кейин орадан бир неча ой ўтгач, вафот этганлар.
Расулуллоҳнинг Оллоҳдан қўрқишлари ва тоат-ибодатлари у кишининг илмига яраша эди, Шу боис сарвари олам: "Мен билган нарсаларни билсанглар камроқ кулиб, кўпроқ йигълардинглар. Сизлар кўрмаган нарсалар менга аён, сизлар эшитмайдиган нарсалар менга маълум. Осмон оҳлар уради, унинг фарйод чекмоғи жоиз (сабаби)осмонда ҳар тўрт энлик жойда бир фаришта Оллоҳга сажда қилиб туради: Худо ҳаққи, мен билганларимдан хабардор бўлсанглар, шубҳасиз оз кулиб, кўп йиғлар эдинглар. Тўшакларингизда аёлларингиз билан лаззатланмас эдинглар, Оллоҳга илтижо айлаб, қир-адирларга чиқиб кетардинглар. Кошки эди, мен кесиб ташланадиган дарахт бўла қолсам", дея нидо қилганлар пайғамбар алайҳис-салом. Кўп намоз ўқийверганларидан расулуллоҳнинг оёқлари шишиб кетганини кўрган баъзи бировлар: "Оллоҳ сенинг ҳамма гуноҳларингни мағфират қилган бўлса, шунчалик азоб чекиб ўзингни қийнайсанми?" дейишганда, у зоти муборак: "Мен шукр қилгувчи бандалардан эмасманми?" дея жавоб берганлар.
Ҳазрати Оиша: "Пайғамбар алайҳис-саломнинг ибодати тинимсиз ёғиб турадиган ёмғирга ўхшарди. Қайси бирингизнинг расулуллоҳдек бунга тоқатингиз етади? У киши рўза тутганда оғиз очмасмикин, деб ўйлардик, огиз очганда рўза тутмасмикин, деган хаёлга борардик", дея хотирлайди.
Авф ибн Молик: "Расулуллоҳ билан бир кеча бирга бўлгандим. У киши мисвок билан тишини ювди: кеиин таҳорат қилиб, намозга турди. Мен ҳам у кишига эргашдим. Расулуллоҳ Бақара сурасини ўқий бошлади, Оллоҳнинг раҳматига оид оятларни ўқиганда тўхтаб, парвардигорнинг раҳматини тиларди, Оллоҳнинг азобига оид оятларни ўқиганда эса тўхтаб, яратганнинг азобидан паноҳ сўрарди. Шундан кейин руку қилар ва қиёмда қанча турган бўлса, рукуда ҳам шунча турарди. Рукуда: "Қудратнинг, салтанатнинг ва буюкликнинг соҳиби бўлмиш Оллоҳ покдир", дер ва ундан кейингина саждага борарди. Саждада ҳам рукуда айтганларини такрорлар, сўнгра Оли Имрон сурасини ўқир, кейин келадиган сураларни қўшимча қиларди ва намозни яна аввалги тартибда давом эттирарди", дея ҳикоя қиларди.
Бошқа бир саҳоба: "Расулуллоҳникига келсам, намоз ўқиётган экан, қоринларидан худди шақирлаб қайнаётган қозондек овоз чиқарди", дейди. Ибн Абу Ҳола расулуллоҳни ҳамиша ғамгин, ўйчан, ҳаловат нималигини билмасди, деб таърифлайди. Ҳазрати Али: "Мен расулуллоҳдан у кишининг суннатини сўраганимда: "Маърифат — ҳамёним, ақл—динимнинг асоси, Оллоҳни дўст тутиш - таянчи нуқтам, Оллоҳга бўлган иштиёқим — уловим, Оллоҳнинг зикри — улфатим, Оллоҳга бўлган ишончим — хазинам, ғам-қайғу — ҳамроҳим, илм — қуролим, сабр — чопоним, Оллоҳнинг қисматига рози бўлиш — ғаниматим, ожизлик — фахрим, таъмасизлик — ҳунарим, имон — қувватим, ростгўйлик — шафоатим, тоат-ибодат — қаноатим, жиҳод — ахлоқим, намоз — қувончим, Оллоҳнинг зикри — қалбимнинг меваси; ташвишим умматимдан, иштиёқим роббимга", деб жавоб бсрган", дея таърифлайди.
Оллоҳ расулуллоҳни умматидан хайриятларга эриштирсин! Қиёмат куни Оллоҳнинг розилигига, Расулуллоҳнинг шафоатига эришиш учун пайғамбар алайҳис-саломнинг бетакрор, гўзал ахлоқларини, беназир хизматларини мулоҳаза қилиб, у зоти муборакка эргашган ва у кишининг йўлини маҳкам ушлаган бандага Оллоҳ раҳмат қилсин! Эй меҳрибон парвардигор, марҳаматингни дариғ тутмай бизни яхши ишларга муваффақ айлагайсан!

Орқага Олдинга