loader

ҲАЗРАТ РИСОЛАТПАНОҲ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМ ВИЛОДАТИ БОСАОДАТЛАРИ(САОДАТЛИ ТАВАЛЛУД)

Имомул анбиё вал-мурсалин, Саййидул аввалин вал-охирин, ҳазрати Муҳаммад мустафо ва жаноб Аҳмад мужтабо (танлаб олинган) соллаллоҳу алайҳи васаллам Фил санасида, баҳор мавсимида, рабиъул аввал ойининг (бир ҳисобга кўра) тўққузунчи тарихида, душанба кунининг субҳи (тонги) тулуъ қилуб (отиб), кун (қуёш) чиқмай туруб, волидаларин қоринларидин Маккаи Мукаррамада, (амакилари) Абу Толиб уйида дунё юзиға келдилар. Бу тарих ийсавий (милодий) тарихнинг (20 ёки) 22 апрел, беш юз етмиш биринчи (йили)ға мутобиқ келур.
Ҳазрати Набий карим соллаллоҳу алайҳи васаллам отадин ҳам ва онадин ҳам ёлғуз фарзанд эрдилар. Дунёға келмай туруб, меҳрибон оталаридин она қорнида туруб, етим бўлғон эрдилар.
Бу жаноб туғулган соатларида волидалари боболари Абдулмутталибға одам юбордилар. Келуб, янги мавлуди (чақалоғи) муборакни кўруб, ниҳоятда хуш бўлди. Қучоғиға олуб, кўтарган ҳолда, Ҳарами шарифға олуб борди ва Каъбаи шарифаға олуб кируб, ҳақлариға дуолар қилди. Бу фарзанди аржумандни берган Худоға шукрларин арз (баён) этди. Яна олуб келуб, онасиға тобшурди ва номларин Муҳаммад қўйди.
Еттинчи куни бўлғонда, Қурайш жамоасин тамом умумий даъват қилди ва жонлиғлар сўйди. Даъватға келган жамоа бошлиғлари Абдулмутталибға савол бердиларки: “Бу янги набира номларин нима қўйдунгиз?” Абдулмутталиб: “Номин Муҳаммад қўйдум”, деб жавоб берди. Алар таажжуб қилуб, дедилар: “Ота-боболарингиз қўюб келган номни қўймай, нечук Муҳаммад қўйдунгиз?” Абдулмутталиб деди: “Менинг бу фарзандим бутун дунё забонида ҳамма тарафдин таърифу сано (мақтов)ға мустаҳиқ (ҳақли) бўлсун, деб Муҳаммад қўйдум” .
Жаноб Саййиди олам соллаллоҳу алайҳи васаллам туғулган кунлари душанба бўлди. Бу кунда ажиб бир хусусият бордурки, Ҳазрат соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вилодат (таваллуд)лари, нубувват (пайғамбар бўлиш)лари, (Мадинага) ҳижратлари ва вафотлари ҳаммаси шул кунда бўлғондур.

Орқага Олдинга