Қурайш жамоаси (қабиласи)ға ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ваъзу насиҳатлари писанд (маъқул) келмади. Анинг бир мунча сабаблари бор эрди:
1. Қурайш жамоаси (қабиласи) ўзин араб қабилаларин ҳаммаларидин ортуқ билган мағрур бир жамоа эрди. Нубувват маъносин тушуна олмади, гумонларида бир инсоннинг Худо тарафидин набий бўлуб келиши, одамларға раҳбар бўлуши номаъқул бир нарса деб билур эрдилар.
2. Алар жазо (мукофот) ва сазо (азоб)ға билкул (батамом) мункир (инкор этувчи) эрдилар. Ўлгандин кейин тирилмак ва Худо ҳузурида ҳисоб бермак, деган нарсани масхара билушур эрдилар.
3. Алар насаб шарофатиға берилган ва ўзларин бошқаларға баробар бўлушларин суймаган қавм эрдилар. Исломдаги мусовот (тенглик)ға мухолиф эрдилар.
4. Алар аксарлари Бани Ҳошим қабиласи (уруғи)ға мухолиф бўлғон жиҳатдин булардин чиқғон бир кишининг ҳукми ила юрмак аларға ор маълум бўлур эрди.
5. Алар бутпарастлик мазҳаби (йўли)ға ниҳоятда кўнгил берган жамоа эрдилар. Мундин бошқа йўл ҳаммаси хато, деб билур эрдилар.
6. Алар аксарлари зиноға, қиморға, босмачиликға, одам ўлдурушға, бекорчиликға, беқонун юрушға, озод турушға ва ададсиз хотунларни сақлашға одат қилуб қолғон тоифа эрдилар. Ислом дини бу нарсаларға мухолиф бўлғонлигидин ани хоҳламас эрдилар.
Юқоридаги сабабларға биноан, Қурайш жамоаси (қабиласи) Ислом диниға ниҳоятда душман бўлдилар ва бу динни ному нишонларин дунёға қўймаслик учун ўзаро кўб мустаҳкам муоҳада (аҳдлашув)лар қилдилар.
Ҳаммадин аввал Ислом хилофиға кўрган тадбирлари шул бўлдики, мусулмон бўлғон одамларға ҳар қисм озор берсунлар, токи ани кўруб, Исломға кирганлар андин чиқсунлар ва кирмакчи бўлганлар, кирмасунлар. Лекин нодонлар билмадиларки, Худо ёндурган чироғ бошқанинг ҳаракати ила ўчмас.