loader

ҲАЗРАТ САЙЙИДИ ОЛАМ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМНИНГ МАДИНАИ МУНАВВАРАҒА ҲИЖРАТЛАРИ

Жаноб рисолатмаоб соллалоҳу алайҳи васаллам асҳоби киромға ҳижрат учун ижозат берганларидин кейин ўзлари Маккаи Мукаррамада Аллоҳ таолонинг изниға мунтазир (интизор бўлиб) турдилар. Рафоқат (ён)ларида ҳазрати Алий ва ҳазрати Абу Бакр розийалллоҳу анҳумодин бошқа одам кам қолди.
Бу ҳолатни кўргач, Қурайш буюклари ўз ораларида ижтимоъ қилуб (жамланиб), ҳазрат Расули карим соллалоҳу алайҳи васаллам ҳақларида машваралар қилдилар. Баъзилари: “Қамоқға олайлук”, дедилар, баъзилари: “Мамлакатдин чиқаруб юборайлук”, дедилар, баъзилари: “Ўлдурайлук”, дедилар. Лекин Абу Жаҳл арз (таклиф) қилдики: “Тамом араб қабилаларидин бир-бир йигитлар ҳаммалари жам бўлушуб, Муҳаммадға бирдин ҳамла қилсунлар”, деди. Агар шул тариқада ўлдурулса, танҳо Бани Абдуманоф (уруғлари) бу қадар қабилаларға муқобала (қаршилик) қилуб, жанг қила олмаслар, ночор хун баҳо берурлар. Ани олуб, Бани Абдуманоф (уруғлари) хомуш қолурлар. Абу Жаҳлнинг бу машвараси тамом сардорларға маъқул кўрулди. Кейин ҳаммалари шул қарорни амалға оширмак учун тайёргарликға машғул бўлдилар.
Булар бу истиъдод (тайёргарлик)ни мукаммал қилуб бўлғон кунлари ҳазрати Жибрил алайҳиссалом келуб, ҳазрат Саййиди олам соллаллоҳу алайҳи васалламға дедилар: “Ё Расулаллоҳ, бу кеча ҳар кеча ётадурган жойларида ётмасунлар”.
Кейин вақтики, кеч кириб ётар вақтлари бўлғонда, ҳазрати Алий розияллоҳу анҳу келуб қолдилар. Жаноб рисолатмаоб соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ётадурган ерлариға ётдилар. Онҳазрат соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари уйдин чиқуб, ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳу уйлариға бордилар ва ул жанобға хабар бердиларки: “Аллоҳ таоло тарафидин бизларға ҳам ҳижрат учун изн нозил бўлди”.
Кейин ҳар иккилари ул уйдин жўнаб, кечқурунда жабали Савр (тоғи)даги ғорға мутаважжиҳ бўлдилар (йўл олдилар). Ва ул ғор Макккаи Мукарраманинг тубан (қуйи) тарафида бўлуб, анда уч кун қолдилар. Қурайш жамоаси (қабиласи) бу уч кун ичида бутун Маккани ахтардилар, лекин тамом жидду жаҳдлари бекор кетди.
Тўртунчи куни Онҳазрат соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳу ила (бир туяга, йўлбошловчи билан Омир ибн Фуҳайра) икки(инчи) туяға минушуб, Маккадин Мадина тарафиға равона бўлдилар. Булар учун йўлчи ва раҳбарлари Абдуллоҳ ибн Урайқит эрди. Ўзи Исломға мушарраф бўлмағон эрди.
Вақтики, Саййиди олам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Маккадин ҳижрат қилғонликлари Қурайш жамоаси (қабиласи)ға маълум бўлди, қайтаруб олуб келғувчиға юз адад туя берурмиз, деб эълон қилдилар.
Бу хабарни эшитуб, Суроқа ибн Молик отиға минуб, Онҳазрат соллаллоҳу алайҳи васаллам орқаларидин йўлға тушди. Қасди (мақсади) ул жанобни тутуб келуб, юз туя мукофотни олмак эрди. Йўлда отин чопдуруб кетуб турганида, оти қоқилди, ўзи йиқилди ва бу ҳодиса икки марра (марта) бўлди. Учунчисида отин оёғлари ерға ботуб кетди. Шул ҳолда Суроқа билдики, Онҳазрат соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолонинг паноҳида эканлар. Овоз қилдики: “Мен Суроқа ибн (Молик ибн) Жуъшумдурман. Сизларға сўзум бор, менга боқинглар, мендин сизларға зарар етмас”. Ҳазрат Саййиди олам соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳазрати Абу Бакрға дедилар: “Савол қилинг, бул одамнинг матлаби (талаби) нимадур, биздин нима тилайдур?” Суроқа деди: “Менга бир хат ёзуб берилсун, токи сизлар ила мулоқот қилганлигим (учрашганим)ға нишон (белги) бўлсун”. (Бир ривоятга кўра) ҳазрати Абу Бакр бир хат ёзуб бердилар. Ани олуб, Суроқа ёнуб (қайтиб) кетди.
Борий таоло ва тақаддас Ўз ҳабибини душманлар шар (ёмонлик)ларидин сақлаб, саломат Мадинаи Мунаввараға еткузди, мушриклар ҳасратда қолдилар.

Орқага Олдинга