loader

ХАНДАҚ ҒАЗОТИ

Бу ғазот ҳижратнинг бешинчи санаси шаввол ойинда вуқуъға келди (воқеъ бўлди). Бу урушға сабаб бўлғон зотлар Мадинадин чиқарилғон яҳудлар катталаридин Саллом ибн Абул Ҳуқайқ ва Ҳуяй ибн Ахтаб бўлдилар. Алар Мадинадин сурулгач, чидаёлмай Маккаи Мукаррамаға боруб, Қурайш жамоасин (қабиласини) яна қўзғадилар. Ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ила урушмакға тарғиб бердилар. Ўзлари баробар урушмакға ваъда бердилар.
Қурайш жамоаси (қабиласи) аларға дедиларки: “Эй яҳуд сардорлари, сизлар китобийлардурсизлар, илмларингиз бордур. Бизларға ҳақиқатни билдурунгларки, бизларнинг динимиз ҳақдурми, ё Муҳаммаднинг дини ҳақдурми? Бу саволға яҳуд сардорлари: “Сизларнинг динларингиз ҳақдур”, деб жавоб бердилар. Бу жавобни эшитгач, Қурайш жамоаси (қабиласи) кўб хуш (хурсанд) бўлдилар. Ва яҳудлар даъватларин қабул этдилар. Яна бир буюк муҳораба (уруш) учун тайёргарлик қила бошладилар.
Яҳуд сардорлари булардин хотиржам бўлуб, Маккадин жўнадилар. Йўлда Ғатафон қабиласи ила мулоқот этуб, аларни ҳам мусулмонлар ила муҳорабаға даъват бердилар ва Қурайшнинг берган ваъдасин сўзладилар. Бу сўзни эшитуб, Ғатафон ҳам урушмакға ваъда берди.
Кейин Маккадин Қурайш лашкари жўнади. Сардорлари Абу Суфён эрди ва Ғатафон лашкари ҳам қўшулдилар. Буларнинг сардорлари(дан бири) Уяйна ибн Ҳисн эрди.
Ҳазрат Саййиди олам соллаллоҳу алайҳи васаллам бу хабарни эшитганларидин кейин саҳобаи киром ила машвара (маслаҳат) қилдилар. Натижада, Мадина атрофлариға (балки, шимолий тарафига) хандақ (чуқур, ўра, зовур) қазишға амр бердилар. Мусулмонлар бор қувватларин сарф қилуб, алҳамду лиллоҳ, оз кунда (салкам бир ойда) хандақни қазуб бутуруб олдилар. Ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари ҳам баробар қазишдилар.
Хандақ масаласи тамом бўлгач, Макка тарафидин Қурайш жамоаси (қабиласи) Ғатафон – аҳли Нажд ила баробар ўн минг адад муқотил (жангчи)дин иборат буюк жайш (қўшин)ни олуб, Мадинаға етуб келдилар. Мадина шаҳар атрофида (яъни, шимолий тарафида) мусулмонлар, ташқарида душманлар ва ўртада хандақ бор эрди...
Бани Назирдин бўлғон яҳудий сардор Ҳуяй ибн Ахтаб Бани Қурайза сардори Каъб ибн Асад қошиға борди ва Қурайш ила баробар бўлуб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ила урушмакға кўб далолатлар қилди. Мусулмонлар ила бўлғон муоҳада (иттифоқ)ларин бузуш учун бор тоқатин сарф этди. Охир бу хусусда ҳам комёб бўлди (мақсадига эришди). Бани Қурайза яҳудлари ҳам бетарафлик муоҳада (иттифоқ)ларин буздилар.
Мусулмонлар бу воқеадин кўб ташвишға тушдилар. Чунки душман тефа (тепа) тарафларидин ҳам келди ва тубан (қуйи) тарафларидин ҳам келди. Мусулмонлар ҳар қисм гумонларға туша бошладилар. Бир тарафдин мунофиқлар ҳам бу ҳолатдин фойдаландилар, ҳар турлук сўзларни тарқата бошладилар. Шул аҳволда мусулмонлар ҳам, душманлар ҳам бир ойғача бир иш қилолмай турдилар. Ўрталарида уруш ҳам бўлмади, бироз икки тарафдин ўқлар отулуб турди.
Вақтики, мусулмонлар зиёда ташвишға тушуб, паришонликлари ортуб эрди, ҳазрат Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам Ғатафон сардорлариға одам юборуб, дедиларки: “Бизлар аларға Мадина меваларин учдин бирин берайлик. Алар Қурайш жамоаси (қабиласи)дин алоҳида бўлуб, урушмай ватанлариға қайтсунлар”. Алар бу шарт ила қайтмакчи бўлдилар. Лекин (Авс қабиласи раҳбари) жаноб Саъд ибн Муъоз ва (Хазраж қабиласи раҳбари) жаноб Саъд ибн Убодаки, Мадинанинг соҳиби ихтиёр буюклари эрдилар, ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламға арз қилдиларки: “Ё Расулаллоҳ, бу қилғон раъйи мубораклари Аллоҳ таолонинг амри ва ҳукмидурми, ё ўзлари суйган бир маслаҳат (манфаат)дурми, ё бу раъйни бизларнинг хотиримиз учун ихтиёр этдиларми? Агар бизларнинг маслаҳатимиз (манфаатимиз) учун қилғон бўлсалар, ул ҳолда бизлар бу ҳолда эмасмизки, кофирлардин қўрқғон бўлсак. Чунки Исломдин аввал ҳам бизлар ҳеч бир тоифаға эгилмадук. Энди, алҳамду лиллоҳ, Худо ва Расул паноҳларидадурмиз. Булардин ҳеч бир андиша (қўрқуви)миз йўқдур. Аларға қиличдин бошқа жавобимиз йўқдур. Бир дона хурмомизни ҳам бермасмиз. Боқайлук, қани, Аллоҳ таоло ҳукми надур, нима бўлса розидурмиз”. Ҳазрат Расули аъзам соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Андоғ бўлса, ўзларинг билинглар”, дедилар.

Орқага Олдинга