loader

БАНИ ҚУРАЙЗА ҒАЗОТИ

Ғазватул хандақдин мушриклар ноумид бўлуб, кечалаб майдонни ташлаб, қайтуб кетдилар. Мусулмонлар эрта туруб кўрдиларки, душманлар тамом жўнаб кетубдурлар, мусулмонлар ўзлари қолубдурлар. Кейин тонг отган замон булар ҳам Мадина шаҳри ичиға равона бўлдилар. Намози зуҳр (пешин)ни Мадина ҳарами (масжиди)да ўқудилар. Кейин ҳазрат Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам мунодий (жарчи)лари нидо қилдики: “Ҳар ким Худо ва Расул амрларин эшитуб, аларға мутеъ бўлса (итоат қилса), бугун намози асрни Бани Қурайза қишлоқларида ўқусун”.
Бу нидони эшитган замон мусулмонлар жон диллари ила лаббайка (бош устига, хўп бўлади), деган ҳолларида Бани Қурайза қалъалариға равона бўлдилар ва қалъалар атрофини ўраб олдилар.
Бироз вақтдин сўнг жаноб Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам етуб келдилар. Яҳудларға эшитдуруб дедилар: “Эй маймуннинг биродарлари (маймунзодалар)! Аҳволларингиз нечукдур? Аллоҳ таоло бугун сизларни расво қилдими ва бошларингизға азобин нозил қилдими?!”
Ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинадин келуб туруб, йўлда учраган саҳобалардин: “Биздин илгари ҳеч ким шул ердин ўтдими?” деб сўрадилар. Алар: “Ё Расулаллоҳ, жаноб Диҳятул Калбий оқ хачирға минуб, ҳозир бул ердин ўтуб кетдилар”, дедилар. Жаноб Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилдиларки: “Ўшал зот ҳазрати Жибрил алайҳиссаломдурлар. Худо амри била яҳудларнинг қалъаларин зеру забар (остин-устин) қилмак учун ва диллариға хавф солмак учун юборилгандурлар”.
Кейин мусулмонлар яҳудлар қалъаларин йигирма беш кун муҳосара (қамал) қилуб турдилар. Охир алар муқобала (қаршилик кўрсатиш)дин ожиз келдилар. Диллариға хавф пайдо бўлди. Қалъаларин очуб беруб, ўзлари таслим бўлдилар.
Кейин Авс жамоаси (қабиласи)дан бўлган саҳобалар арз қилдиларки: “Ё Расулаллоҳ, бу Бани Қурайза бизларнинг мавло (иттифоқдош)ларимиз эрдилар. Буларни бизларға тобшурсалар, биз булар ҳақларида ҳукм қилсак”. Жаноб Набий карим соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилдиларки: “Эй жамоаи Авс, мен бу яҳудлар ҳақларида ҳукм қилмак учун сизлардин бир кишини ҳоким (ҳакам) қилсам, рози бўлмайдурсизларми?” Алар дедилар: “Ё Расулаллоҳ, нечук рози бўлмасмиз. Албатта рози бўлурмиз”. Ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Булар ҳақларида Саъд ибн Муъозни ҳоким қилдук. Ул нима ҳукм қилса, ҳаммамиз розидурмиз”. Жаноб Саъд ибн Муъоз дедилар: “Эй жамоаи Авс, мен булар ҳақларида нима ҳукм қилсам, ризо бердингизларми?” Алар дедилар: “Оре, ҳукмингизға албатта-албатта, биз розидурмиз”. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилдилар: “Бизлар ҳам рози бўлдук”. Кейин жаноб Саъд дедилар: “Бу яҳудлар ҳақларинда менинг ҳукмим шулдурки, эрлар тамом ўлдурулсунлар, болалар ва хотунларин асир олунсун, молларин мужоҳид (аскар)ларға тақсим қилуб берилсун”. Жаноб ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Эй Саъд, сенинг бу ҳукминг етти табақа осмон устидаги илоҳий ҳукмға тамом мутобиқ (мос) келди. Худо ҳукми ҳам шул эрди”.
Кейин мусулмонлар яҳудларни жамоа-жамоа қилуб, хандақлар қошиға келтуруб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳукмлари ила ўлдура бердилар. Ҳамма (эркак)лари олти юз ё етти юз ададдин иборат эрдилар. Ҳаммаларин тамом ўлдуруб, дунёни алар фитна ва шар (ёмонлик)ларидин соф қилунди. Булар ичларида Аҳзоб урушин бош муҳаррики (ҳаракатга келтирувчиси) Ҳуяй ибн Ахтаб ҳам баробар бор эрди. Ул ҳам қаторда ўлдурулди.

Орқага Олдинга