loader

СУЛҲИ ҲУДАЙБИЙЯ ВА БАЙЪАТУР-РИЗВОН ВОҚЕАСИ

Ҳижратнинг олтинчи санаси жаноб Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам умра ниятида Мадинадин Макка тарафға равона бўлдилар. Қасдлари умра қилуб қайтмак эрди. Уруш иродаси дилларида йўқ эрди. Анинг учун эҳромға дохил бўлдилар. Қурбонлик жонуворларини баробар олдилар, токи халқ бошқа гумон қилмасун.
Вақтики, ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Усфонға етдилар, ул ерда Бишр ибн Суфён Каъбий ила мулоқот бўлунди. Ул деди: “Ё Расулаллоҳ, Қурайш жамоаси (қабиласи) жанобларин Мадинадин чиқғон хабарларин эшитуб, кўб катта тайёргарлик қилуб турубдурлар. Ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Қурайш жамоасин (қабиласининг) ҳолиға афсуски, буларни уруш халос қилди”.
Сўнгра дедилар: “Бирор киши пайдо бўлурми (топилурми)ки, бизларни алар йўқ йўлдин бошлаб, Маккаға олуб борса”. Бу сўзни эшитгач, Аслам жамоасидин бир киши буларға раҳбар бўлуб, бошлаб, Санийятул Мурор деган бир жойдин олуб чиқди. Ўшал ерда ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тўхтадилар. Саҳобаларға шул ерға тушмакға амр бердилар. Ҳаммалари ул ерға тушдилар.
Жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бироз ором олуб эрдилар, Хузоъа қабиласидин Будайл ибн Варқо Хузоъий бир неча одамлар ила баробар келуб, ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдин бу вақтда келишларин сабабини сўрадилар. Жавоб бердиларки: “Бизлар Каъбаи шарифанинг зиёратлари учун келдук ва ҳарб (уруш) ниятида келмадук”.
Бу хабар Қурайшға етди. Лекин шундоғ бўлса ҳам Маккаға ижозат бермадилар. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу ҳолда киришларин ўз ҳақларида тавҳин (ҳақорат) ва ор билдилар. Кейин Қурайш катталари пайдарпай элчи юбориб турдиларки, агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккаға кируб қолсалар, албатта, муҳораба (жанг) бўлур ва анинг натижасида қирғинлар бўлуб, бунинг оқибати хароб бўлур.
Кейин ҳазрати Набий карим соллаллоҳу алайҳи васаллам жаноб Умар розияллоҳу анҳуни алар қошлариға муфоҳама (келишув) учун юбормакчи бўлдилар. Ҳазрати Умар узрларини баён қилғондин кейин жаноб Усмон розияллоҳу анҳуни юбордилар. Қурайш ул жанобни ушлаб қолдилар. Мусулмонлар ўрталарида ҳазрати Усмонни ўлдурулди деб, шуҳрат бўлди (гап-сўз тарқалди).

Орқага Олдинга