loader

АБУ СУФЁННИНГ ҲИРАҚЛ ИЛА БЎЛҒОН СУҲБАТИ

Рум подшоҳи Ҳирақл қўлиға ҳазрат Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам мактублари етуб, мутолаа қилғондин кейин қошида баробар юргувчи ёронлариға деди: “Боқинглар, Арабистондин келганлар ичинда холис араб бўлса, мен андин бу янги набий ҳақларинда баъзи зарурий нарсаларни сўраб кўрай”.
Иттифоқо, ўшал кунларда Маккадин Абу Суфён бир неча аҳбоби ила Шомға борган эрди. Ҳукумат тарафидин анга ва ҳамроҳлариға Қуддуси шарифда подшоҳ ила кўрушмакға даъват берилди.
Вақтики, алар ҳузуриға бордилар, Ҳирақл Абу Суфёндин бу саволларни қилди. Ҳирақл: “Бу Набий насаблари сизда нечукдур?” Абу Суфён: “Ул киши бизда насаби шариф (шарафли) бир зотдур”. Ҳирақл: “Сизларда мундин илгари ҳеч ким нубувват даъво қилғонми?” Абу Суфён: “Йўқ”. Ҳирақл: “Бу зот бу даъводин илгари ҳеч бир ёлғон сўз қилғонми?” Абу Суфён: “Йўқ”. Ҳирақл: “Бу Набий боболарида подшоҳ ўтганми?” Абу Суфён: “Йўқ”. Ҳирақл: “Бу Набийға улуғлар тобе бўлмакдами ёки нотавон (заифҳол)лар?” Абу Суфён: “Нотавонлар эргашмакдалар”. Ҳирақл: “Тобелари кўпаймакдами ё кам бўлмакдами?” Абу Суфён: “Кўпаймакдалар”. Ҳирақл: “Аҳдиға вафо қилурми ё хиёнат қилурми?” Абу Суфён: “Хиёнат қилмас. Биз бу кунда муоҳада қилғондурмиз. Билмасмиз, вафо этурми ё ғадр (хиёнат) қилурми”. Ҳирақл: “Ўрталарингизда муҳораба (уруш) ҳам бўлдими?” Абу Суфён: “Оре, бўлди”. Ҳирақл: “Ҳарб (жанг)ларингиз нима натижа берур”. Абу Суфён: “Гоҳо биз ғолиб келурмиз ва гоҳо ул ғолиб келур”. Ҳирақл: “Ул набий сизларни нимаға буюрур?” Абу Суфён: “Набий дерки: “Ёлғуз Худоға бандалик қилинглар ва бошқани анга шерик этманглар. Боболаримиз маъбудлариға ибодатдин ман этур, намозға, ростликға, покликға, вафоға ва аминликға буюрур”.
Ҳирақл: “Сендин савол қилдимки, бу набий насаби нечукдур? Сен дедингки, ул насаби шариф бир кишидур. Албатта, набий ўз қавмидин насабда улуғ бўлур. Савол қилдимки, андин аввал ҳам бирор киши бу даъвони қилғондурми? Сен дединг, мундин илгари ва ҳеч вақт, ҳеч киши бу даъвони қилмағондур. Агар мундин муқаддам бир киши шул даъвони қилғон бўлганда, мен дер эрдим, бу одам ҳам ўшал кишиға тақлид этубдур. Савол қилдимки, бу одамдин ҳеч бир ёлғон сўз содир бўлғондурми? Сен дединг, йўқ. Албатта, халқға ёлғон сўзламағон бир зот Худоға албатта ёлғондин бир сўзни нисбат бермас. Савол қилдимки, боболарида подшоҳ ўтгандурми? Сен дединг, йўқ. Агар боболарида подшоҳ ўтган бўлса эрди, мен буни подшоҳлик гадоси, деб билур эрдим. Савол қилдим, қавмнинг улуғлари эргашмакдаларми ё нотавонлари? Сен дединг, заифу нотавонлар эргашмакдалар. Ҳақиқатда, пайғамбарларға нотавон-заифлар эргашурлар. Савол қилдимки, эргашганлар зиёда бўлмакдаларми ёки озаймакдаларми? Сен жавоб бердинг, кўпаймакдалар. Ҳақиқатда, иймон шундоғ, кундин кунға зиёда бўлуб борур. Савол қилдимки, мусулмон бўлғонлардин ҳеч ким муртад бўлурми? Сен дедингки, йўқ. Албатта, иймон нури дилларға жойланса, ҳаргиз алоҳида бўлмас. Савол қилдимки, ўрталарингизда уруш нечук натижа берур? Сен дединг, гоҳо биз ғолиб келурмиз ва гоҳо ул ғолиб келур. Оре, пайғамбарларға ҳар қисм озмойишлар (синов-имтиҳонлар) бўлур, лекин хайрлик оқибат аларға бўлур. Савол қилдимки, сизларни нима нарсаға буюрур? Сен дединг, намозға, рост сўзламакға, пок турмакға, вафоға ва аминликға буюрур. Албатта, пайғамбар мундоғ улуғ авсофға буюрур. Энди, мен жазм билдимки, бу зот набийдурлар ва бу жанобнинг зуҳур этишларидин хабарим бор эрди. Лекин сиз араблардин бўлур, деган гумонда эмас эрдим. Эй Абу Суфён, агар бу берган баёнларинг ҳақ бўлса, ул зот оз кунда менинг бу икки қадамим турган ерни келуб олур. Агар мен иложин тобсам, хизматлариға етуб борур эрдим”.
Абу Суфён дебдурки: “Ҳирақл бизларға бу сўзни қилғон замон ҳар тарафдин овозлар баланд бўлди ва мажлис ғалаба (ғала-ғовур)ға айланди. Кейин бизларни чиқаруб юбордилар”.
Ул ердин чиқғон замон Абу Суфён дебдурки: “Во ажабо, Муҳаммаднинг иши шул қадар катта бўлуб кетубдурки, Бани Асфар (румликлар) подшоҳи ҳам андин қўрқуб қолубдур”.
Вақтики, Ҳирақл Қуддусдин Ҳимсға  борди. Рум улуғларин бир ҳужраға жам қилди, эшикларин ёпдурди ва аларға дедики: “Эй биродарлар, агар ҳидоятға ва икки дунё фалоҳи (нажоти)ға роғиб (талабгор) бўлуб, ҳукуматларингизнинг саботу саломатиға толиб бўлсангизлар, мана бу янги зуҳур этган Набийға иймон келтурурсизлар ва анга байъат қилурсизлар”.
Бу сўзни эшитган катталар ҳаммалари ўрунларидин туруб-туруб, тездин қочиш маслаҳатиға ўтдилар. Кейин дарвозаларнинг ҳаммасин банд топдилар. Кейин Ҳирақл деди: “Мен сизларнинг иймонларингизни синадим, ўзларингизни имтиҳон этдим”. Бу сўздин ҳаммалари хуш ва рози бўлдилар.
Бечора Ҳирақл дунё ва ҳукумат нашъаси (ҳузур-ҳаловати)дин мусулмон бўлолмай, маҳрум қолди. Дунёдин ҳам ўзин ва ҳам раъия (фуқаро)ларин масъулиятин Худо қошиға олуб кетди.
Шунчалик бир иш қилдики, жаноб Диҳя розияллоҳу анҳуни ниҳоятда бир яхши ҳолда эҳтиром ила Мадинаға жўнатди.
Андин кейин ҳазрати Набий карим соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар мамлакатнинг буюклариға даъватнома юборуб, аларни Ислом диниға чақирдилар. Алардин баъзилари мусулмон бўлдилар, баъзилари ниҳоятда беадаблик ила жавоб қилдилар, баъзилари мусулмон бўлмасалар ҳам, ниҳоятда шарофат ила жавоб гўндурдилар (қайтардилар) ва ҳусни муомалада бўлдилар.

Орқага Олдинга