loader

Кибр, манманлик, ғурур

Аллоҳ таоло айтади: «Мен ерда ноҳақ кибру ҳаво қилиб юрадиган, агар барча оят- мўъжизаларни кўрсалар ҳам, уларга иймон келтирмайдиган, Тўғри йўлни кўрсалар уни (ўзлари учун) йўл қилиб олмайдиган, агар залолат – нотўғри йўлни кўрсалар, уни йўл қилиб оладиган кимсаларни Ўз оят-мўъжизаларимдан буриб юборурман (яъни, англаб етмайдиган қилиб қўюрман)» (Аъроф сураси, 146).
Яъни, такаббур кимсаларни оятларимни фаҳмлаш, у ҳақда фикр юритиб, тадаббур қилишдан маҳрум қиламан ва кибру ҳаво қилганларига жазо сифатида қалбларини муҳрлаб қўяман.

«Мусо айтди: «Албатта мен, Парвардигорим ва Парвардигорингиз (бўлмиш Аллоҳ)дан ҳисоб-китоб Кунига иймон келтирмайдиган барча мутакаббир (кимсаларнинг ёмонлиги)дан паноҳ сўраганман» (Fофир сураси, 27).

«Албатта, У Зот мутакаббир кимсаларни севмас» (Наҳл сураси, 23).
Яъни, ҳаққа қулоқ солиб, унга бўйсунишдан кибр қилган кимсаларни севмайди.

«Одамлардан (мутакаббирлик билан) юзингни ўгирма ва ерда кибру ҳаво билан юрма. Чунки Аллоҳ барча кибр-ҳаволи, мақтанчоқ кимсаларни суймас» (Луқмон сураси, 18).
Абдуллоҳ ибн Умар розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Сизлардан илгари яшаб ўтган бир кишини такаббурлик билан изорини судраб юрганида ер ютди. У қиёмат кунигача ер (қаъри)га кириб кетаверди» (Бухорий, Насоий ва бошқалар ривояти).
Амр ибн Шуъайбнинг бобосидан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Қиёмат кунида мутакаббир кимсалар киши суратидаги чумолиларга ўхшаш ҳолда қайта тириладилар. Уларни ҳар томондан хорлик эгаллаб олади. Улар жаҳаннамдаги «Булис» деб номланадиган зиндонга ҳайдаладилар» (Насоий, Термизий ривояти).
Ибн Масъуд розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қалбида зарра мисқолича кибр бўлган киши жаннатга кирмайди», дедилар. Шунда бир киши: «Бир одам кийими ва пойабзали бежирим бўлишини яхши кўради, шу нарса кибрми?» деб сўради. «Албатта, Аллоҳ гўзалдир, гўзалликни хуш кўради, у кибр эмас. Кибр ҳаққа унамаслик – рад этиш ва одамларни масхара қилиш – таҳқирлашдир», дедилар Набий» (Муслим, Термизий ривояти).
Абу Саид ва Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳумолардан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Аллоҳ азза ва жалла: «Азизлик изорим, кибриё ридоимдир. Ким (бу иккисини) Мен билан талашса, уни азоблайман», дейди» (Муслим ривояти).
Абу Саид Худрий розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Жаннат билан дўзах талашиб қолишди. Дўзах: «Зўравон ва мутакаббир кимсалар менда», деган эди, жаннат: «Заиф ва мискин мусулмонлар менда», деди. Аллоҳ улар орасида ажрим қилиб деди: «Жаннат, сен Менинг раҳматимсан, сен орқали хоҳлаган бандаларимга раҳм қиламан. Дўзах, сен Менинг азобимсан, сен орқали хоҳлаган бандаларимни азоблайман. Иккингиз ҳам тўлиб тошасиз» (Муслим ривояти).
Ҳариса ибн Ваҳб розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Сизларга дўзах аҳли кимлар эканини хабар қилайми? (Улар) қўпол, яхшиликлардан тўсувчи ва мутакаббир кимсалардир», деганларини эшитганман» (Бухорий ва Муслим ривояти).
Ибн Умар розийаллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Кимки ўзини бошқалардан афзал, деб билса, ёки кибр-ҳаво билан юрса, Аллоҳ таборак ва таолони ғазабланган ҳолда учратади», деганларини эшитдим» (Табароний ривояти).
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Менга дўзахга биринчи бўлиб кирадиган уч тоифа кўрсатилди. Золим амир, молидаги Аллоҳ ҳақини адо қилмайдиган бой ва мутакаббир камбағал» (Ибн Хузайма, Ибн Ҳиббон ривояти).
Ибн Умар розийаллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Кимда-ким такаббурлик қилиб кийимини судраб юрса, қиёмат кунида Аллоҳ унга қарамайди» (Бухорий ривояти).
Салама ибн Акваъ розийаллоҳу анҳудан: «Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида чап қўли билан таом еди. «Ўнг қўлингда е», дегандилар, «Еёлмайман», деди. Шунда Набий: «Еёлмай қол», дедилар. Уни ўнг қўлда ейишдан фақат кибр тўсиб турган эди. Шундан кейин у ўнг қўлини оғзига олиб боролмайдиган бўлиб қолди» (Муслим ривояти).
Айрим салафи солиҳлар айтганларки, Аллоҳга осийлик қилиб содир этилган биринчи гуноҳ кибрдир. Аллоҳ таоло айтади:

«(Эй Муҳаммад алайҳиссалом), эсланг, Биз фаришталарга Одамга таъзим қилинг дейишимиз билан улар саждага эгилдилар. Фақат Иблис кибр ва ор қилиб, кофирлардан бўлди» (Бақара сураси, 34).
Кимки Иблисга ўхшаб ҳақдан кибр қилса, унинг иймони бефойдадир.
Бандалардан илми туфайли такаббурлик қиладиган ва ўзини бошқалардан афзал деб биладиган кимса энг ёмон мутакаббирдир. Унинг илми ҳам бефойдадир. Зеро, кимки охират учун илм талаб қилса, илми уни босиқ – тавозеъли қилиб қўяди, қалби хушуъга тўлади ва нафси хотиржам бўлади. Илм унинг нафсига қўриқчи-посбон бўлиб олади ва ялқовлик қилмасдан ҳар вақт уни назорат қилиб, ҳисоб-китоб қилиб туради. Борди-ю, ғафлатда қолса, нафс ҳақ йўлдан бўйин товлайди ва ҳалок этади.
Кимда-ким фахрланиш, бошлиқ бўлиш, мусулмонларни аҳмоқ қилиш, масхаралаш ва ўзини устун қўйиш учун илм талаб қилса, юқоридаги оят ва ҳадисларда айтилганидек жаннатга кирмайди».
Куч ва қувват буюк ва олий Аллоҳникидир.

Орқага Олдинга