Аллоҳ таоло шундай дейди: «... Албатта, Аллоҳдан бандалари орасидаги олим-билимдонлар қўрқур» (Фотир сураси, 28).
Ушбу оят борасида айтилган тафсирлар қуйидагича: Ибн Аббос розийаллоҳу анҳумо: «Аллоҳ таоло бу билан: «Қудратим, иззатим ва салтанатимни билган бандаларимгина Мендан қўрқади», дейди», деганлар.
Мужоҳид ва Шаъбий айтадилар: «Аллоҳ таолодан қўрққан кишигина олимдир».
Робеъ ибн Анас айтганлар: «Кимки Аллоҳдан қўрқмас экан, у олим эмас».
«Биз нозил қилган ҳужжатлар ва ҳидоятдан (Муҳаммад алайҳиссаломнинг ҳақ Пайғамбар эканлиги ҳақидаги) нарсаларни одамларга Китобда (Тавротда) равшан қилиб берганимиздан кейин яширадиган кимсаларни, шубҳасиз, Аллоҳ лаънатлагай ва лаънатловчи зотлар (фаришталар ва мўминлар) лаънатлагайлар» (Бақара сураси, 159).
Бу оят яҳудий уламолари хусусида нозил бўлган.
Ибн Аббос розийаллоҳу анҳумонинг айтишича, инсонлар ва жинлардан бошқа барча нарсалар лаънатлайди.
Ибн Масъуд розийаллоҳу анҳу айтганларки, икки мусулмон бир-бирига лаънат айтадиган бўлса, бу лаънат Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳақ пайғамбар эканликларини ва у зотнинг сифатларини яширган яҳудий ва насронийларга қайтади.
«Эсланг, (эй Муҳаммад), Аллоҳ Китоб берилган кимсалардан «Албатта, у (Китобни) одамларга очиқ баён қилурсизлар ва яширмайсизлар!» деб аҳд-паймон олган эди. Сўнг улар бу аҳд-паймонни ортларига ташладилар ва уни озгина қийматга сотдилар. Уларнинг бу олди-сотдилари нақадар ёмон иш бўлди» (Оли Имрон сураси, 187).
Воҳидий айтишларича, бу оят Мадина яҳудийлари ҳақида нозил бўлган. Аллоҳ Тавротда улардан Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳақ пайғамбар эканлиги, сифатлари ва юборилиш замони-ю, маконини баён қилишга, уни яширмасликка аҳд-паймон олиб: «Уни одамларга очиқ баён қилурсизлар ва яширмайсизлар», деб айтган.
Бу Аллоҳ таолонинг яҳудий уламоларидан Китобларидаги нарсаларни одамларга баён қилиб беришлари хусусида олган аҳду паймонидир. Уларнинг Китобида эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳам зикрлари келган, деган эди Ҳасан Басрий.
«Уни озгина қийматга сотдилар», дегани, улар илмли бўлганлари учун илмсиз жоҳил кимсалардан нарсалар олардилар. Шу арзимас дунёвий нарсадан маҳрум бўлиб қолишдан қўрқиб аҳдларини буздилар.
«Уларнинг бу олди-сотдилари нақадар ёмон иш бўлди» ояти каримаси ҳақида Ибн Аббос розийаллоҳу анҳумо: «Уларнинг савдолари жирканчли бўлиб, зиён кўришди», деган эдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Кимки Аллоҳнинг Юзи қасд қилинадиган илмни фақат бирон дунёвий нарсага етишиш учун ўрганадиган бўлса, қиёмат кунида жаннатнинг ҳидини ҳам топмайди» (Абу Довуд ривояти).
Дўзахга юзи билан судраладиган уч киши ҳақидаги ҳадис «Риё» бўлимида келтирилган эди. Улардан бирига: «Олим, деб айтишлари учун илм ўргандинг, бу нарса айтилди», дейилади.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларки: «Кимдан билган нарсаси ҳақида сўралса-ю, уни яширса, қиёмат куни Аллоҳ у кимсани оловдан бўлган юган билан юганлаб қўяди» (Ибн Ҳиббон, Ҳоким ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сендан фойдасиз илмдан паноҳ беришингни сўрайман», деб дуо қилардилар (Муслим ривояти).
Усома ибн Зайд розийаллоҳу анҳумодан ривоят қилинади, у киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганларини эшитди: «Қиёмат кунида бир киши олиб келиниб, дўзахга улоқтирилади. Унинг ичак-човоқлари осилиб, ёйилиб кетади-да, худди эшак тегирмон атрофида айланганидек, уларга ўралашиб қолади. Дўзах аҳли унинг атрофига тўпланишади ва: «Эй фалончи, сенга нима бўлди? Ахир сен яхшиликка буюриб ёмонликдан қайтармасмидинг?» деб сўрашади. У: «Сизларни яхшиликка буюрардим-у, ўзим қилмасдим. Ёмонликдан қайтарардим-у, ўзим қайтмасдим», дейди» (Бухорий, Муслим ривояти).
Ибн Масъуд розийаллоҳу анҳу айтадилар: «Ким илм ўрганиб унга амал қилмаса, илм фақат унинг кибрини зиёда қилади».
Ҳилол ибн Аъло айтганлар: «Илм талаб қилиш қийин, уни ёдлаш талаб қилишдан қийин, унга амал қилиш ёдлашдан қийин, унда саломат қолиш амал қилишдан ҳам қийинроқдир».
Аллоҳ таолодан барча балолардан саломат сақлашини ва Ўзи яхши кўрган, рози бўлган нарсаларга муваффақ қилишини сўраймиз. Албатта, У сахий ва карим зотдир.