Аллоҳ азза ва жалла шундай дейди: «Ва йўлга қодир бўлган кишилар зиммасида Аллоҳ учун мана шу уйни (Каъбани) ҳаж – зиёрат қилиш бурчи бордир. Кимда-ким кофир бўлса (яъни Каъбани зиёрат қилиш фарз эканини инкор қилса), бас, албатта, Аллоҳ бутун оламлардан беҳожат бўлган зотдир» (Оли Имрон сураси, 97).
Ибн Аббос розийаллоҳу анҳумо айтганларки: «Ким ҳажнинг фарзлигини инкор қилса, у аниқ кофир бўлибди ва Аллоҳ ундан беҳожатдир».
Ҳазрати Умар розийаллоҳу анҳу айтадилар: «Кимнинг ҳаж қилишга имкони бўлатуриб ҳаж қилмаса, у яҳудий бўлиб ўладими ёки насроний бўлибми, фарқи йўқ» (Абу Бакр Исмоилий ривоят қилган, саҳиҳ ҳадис).
Яна у зот розийаллоҳу анҳу айтган эканларки: «Мана бу шаҳарларга одамларимни юборишни хоҳлардим. Токи одамларим у ердаги қодир бўлатуриб ҳаж қилмаган кимсаларни топсалар-да, уларга жизя солсалар. Чунки улар мусулмон эмаслар» (Саид ибн Мансур ривояти, саҳиҳ ҳадис).
Ибн Аббос розийаллоҳу анҳумо: «Кимнинг ҳаж қилишга етадиган маблағи бўлса-ю, ҳаж қилмаса, ёки закот бериш вожиб бўлса-ю, закот бермаса, ўлаётган вақтида ҳаётга қайтарилишини сўрайди», дедилар. Шунда бир киши: «Эй Ибн Аббос, Аллоҳдан қўрқ, ҳаётга қайтарилишни кофирлар сўрайди», дея эътироз билдирди. Ибн Аббос розийаллоҳу анҳумо: «Сенга у ҳақда Қуръон (ояти) ўқиб бераман. Аллоҳ таоло: «Сизларнинг (ҳар) бирингизга ўлим келиб, у: «Парвардигорим, мени озгина муддатга (ҳаётда) қолдирсанг, мен хайр-садақа қилиб, (яъни, ҳаж қилсам) солиҳ (банда)лардан бўлсам», деб қолишидан илгари Биз сизларга ризқ қилиб берган нарсалардан инфоқ-эҳсон қилингиз!» (Мунофиқун сураси, 10) деган», дея жавоб бердилар.
«Закот қачон вожиб бўлади?» деб сўрашган эди: «Мол икки юз дирҳамга етса, ундан закот бериш вожиб бўлади», дедилар. «Ҳаж қачон вожиб бўлади?» деб сўрашган эди: «Озуқа ва уловга эга бўлганда», дея жавоб бердилар.
Саид ибн Жубайр розийаллоҳу анҳу айтганлар: «Менинг бадавлат қўшним вафот этди. У ҳаж қилмаган эди, унинг жанозасига қатнашмадим».