Аллоҳ таоло буюради: «(Эй Муҳаммад), яна сиз ҳар бир тубан қасамхўр, ғийбатчи-ю, гап ташувчи (чақимчи) кимсага итоат этманг!» (Қалам сураси, 10–11).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар: «Чақимчи жаннатга кирмайди» (Муттафақун алайҳ).
Яна бир ҳадисда айтилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам икки қабр ёнидан ўтатуриб: «Бу иккиси (яъни, қабрдаги маййитлар) азобланмоқда. Бироқ катта нарса сабабли азобланаётганлари йўқ. Улардан бири сийдигидан сақланмас эди. Иккинчиси чақимчилик қилиб, гап ташиб юрарди», дедилар. Сўнг ҳўл новдани олиб, иккига бўлдилар ва ҳар бир қабрга биттадан бўлакни санчиб қўйдилар. «Эй Расулуллоҳ, нима учун бундай қилдингиз?» деб сўрашганида, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Шояд бу новдалар қуригунича, улардан азоб енгиллатиб турилса», дея жавоб бердилар. (Муттафақун алайҳ).
«Бироқ катта нарса сабабли азобланаётганлари йўқ» жумласини қўйидагича тушуниш мумкин: бу ишларни тарк этиш улар учун жуда қийин эмас эди ёки уларнинг назарида жуда қийин эмас эди. Шунинг учун бошқа бир ривоятда: «Йўқ, у катта гуноҳдир», дейилган.
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Энг ёмон инсонлар – уларга бу юзи билан, буларга бу юзи билан борадиган икки юзламачи кимсалар эканини кўрасизлар» (Муттафақун алайҳ).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Кимнинг бу дунёда иккита юзи бўлса, қиёмат кунида унинг оловдан иккита тили бўлади» (Абу Довуд ривояти).
Ривоят қилишларича, ким иккита тилли бўлса, Аллоҳ қиёмат кунида унга оловдан иккита тил қилиб беради.
«Иккита тилли» дегани, бир тоифа одамлар билан ўзгача, бошқа тоифа одамлар билан ўзгача гаплашадиган деганидир.
Имом Абу Ҳомид Fаззолий айтганларки: «Одатда, бировнинг гапини иккинчи кишига: «Фалончи сен ҳақингда бундоқ деди», дея етказувчи кимсага «чақимчи» дейилади. Бироқ чақимчилик шунинг ўзи билангина чекланиб қолмайди. Чақимчилик – очилиши кариҳ – саналган нарсани очишдир. Ёмон кўрувчи ким бўлишининг фарқи йўқ: гапирувчими, гапирилувчими ёки гаплашувчими. У ёқимсиз нарса нима билан кашф қилиниши ҳам фарқсиздир: сўз биланми, ёзув биланми, ишора биланми ва ҳоказо. Чақимчилик қилинган – ташилган нарса сўз бўладими ёки амал бўладими, айб ёки бошқаси бўладими, барчаси баробардир».
Чақимчиликнинг моҳияти сирни фош қилиш ва кашф қилиниши кариҳ саналган нарсани эълон қилишдир. Инсон бошқа инсонлардан кўрган ҳар қандай нарсаси ҳақида гапиришдан тилини тийиши лозим. Гапирса, мусулмонларга фойдали ёки маъсиятни даф қиладиган нарсаларни айтиши мумкин.
Кимга биров гап ташиб келиб: «Фалончи сен ҳақингда бундоқ деди», деса, у киши қуйидаги олтита ишни қилиши лозим:
1. Уни тасдиқламаслик лозим. Чунки у чақимчи, фосиқ бўлиб, унинг гапи эътиборга олинмайди.
2. Уни бу ишдан қайтариб, насиҳат қилиши ва бу ишни қоралаши лозим.
3. Уни Аллоҳ учун ёмон кўриши лозим. Зеро, у Аллоҳнинг ҳузурида манфур бўлиб, уни Аллоҳ учун ёмон кўриш вожибдир.
4. Гапирилаётган киши ҳақида ёмон гумонга бормаслиги лозим. Зеро, Қуръони каримда: «Эй мўминлар, кўп гумон(лар)дан четланинглар! Чунки айрим гумон(лар) гуноҳдир!» дейилган (Ҳужурот сураси, 12).
5. Эшитган гапи уни жосуслик қилишга ва гапнинг тагига етиш учун ҳаракат қилишга ундамаслиги лозим. Чунки юқоридаги оятнинг давомида: «(Ўзгаларнинг айблари ортидан) жосуслик қилиб юрманглар», дейилган.
6. Чақимчи келтирган гапларни бошқаларга етказмаслиги даркор.
Бир киши Умар ибн Абдулазиз розийаллоҳу анҳуга бир одам ҳақида нимадир деди. Умар унга: «Эй сен, агар хоҳласанг, гапингни текшириб кўрамиз: борди-ю ёлғон гапирган бўлсанг, унда сен: «Агар сизларга бир фосиқ кимса бирон ёмон хабар келтирса, (у хабарни) аниқлаб, текшириб кўринглар», деган оятдаги фосиқлардан бўласан. Агар рост гапирган бўлсанг, унда сен «ғийбатчи-ю, гап ташувчи» кимсалардан бўласан. Хоҳласанг, афв қиламиз», деди. Шунда ҳалиги киши: «Афу айланг, эй Амирал мўминин. Энди сира бу ишга қайтмайман», деди.
Бир киши Соҳиб ибн Уббодга етим молини олишга ундовчи варақа кўтариб келди. Ҳолбуки, унинг мол-мулки кўп эди. У зот варақанинг орқа томонига: «Чақимчилик гарчи рост бўлса ҳам қабиҳ амалдир. Маййитни Аллоҳ раҳмат қилсин, етимни ўнгласин, мол Аллоҳнинг инъоми, унга кўз олайтирувчини Аллоҳ лаънатласин», деб ёзди.
Ҳасан Басрий ҳазратлари айтганларки: «Ким сенга бир гапни етказса, билгинки, у сенинг гапингни ҳам бошқаларга етказади».
«Ким сенга гап ташиса, сенинг гапингни бошқага ташийди», деган жумла одамлар орасида кенг ёйилган.
Ибн Муборак раҳимаҳуллоҳ: «Ҳароми (зинодан бўлган) бола гап яширмайди», деб чақимчилик қиладиган ҳар бир инсон ҳароми бўлиши мумкинлигига қуйидаги оятни далил қилганлар:
«Қўпол ва булардан ташқари бенасаб – ҳароми кимсага итоат этманг!» (Қалам сураси, 13).
Ривоят қилишларича, салафи солиҳинлардан бири биродарини зиёрат қилганида, биродари у зотга бошқа биродари ҳақида ёмон гапларни гапирибди. Шунда у зот: «Эй биродар, ғийбатни жуда чўзиб юбордингиз ва учта жиноят содир этдингиз: менга биродаримни ёмон кўрсатиб қўйдингиз, у билан қалбимни машғул қилдингиз ва ўзингизга бўлган ишончдан маҳрум қилдингиз», деган экан.
Бир киши Али ибн Ҳусайн розийаллоҳу анҳмога: «Фалончи сизни ҳақорат қилди ва сиз ҳақингизда бундоқ, бундоқ деди», деган экан, у зот: «Мени унинг олдига олиб бор», дебдилар. У ўзини ҳимоя қилса керак, деб ўйлабди. Ҳақорат қилган кишининг олдига етиб боришгач, у зот: «Эй биродар, агар мен ҳақимда гапирган гапинг ҳақ бўлса, Аллоҳ мени мағфират қилсин. Борди-ю мен ҳақимда гапирган гапинг нотўғри бўлса, Аллоҳ сени мағфират қилсин», деган эканлар.
Абу Лаҳабнинг хотини чақимчилик қилиб, гап ташиб юргани учун Қуръони каримда «ўтин орқалаган», деб васф қилинган. Чақимчилик адоватга сабаб бўлгани боис «ўтин», деб номланган. Маълумки, ўтин оловнинг алангаланишига сабаб бўлади.
Айтишларича, чақимчининг иши шайтоннинг ишидан ҳам зарарлироқдир. Чунки шайтоннинг амали васваса билан бўлса, чақимчининг амали бевосита бўлади.
Ҳикоят
Ривоят қилишларича, бир киши сотилаётган бир қулни кўриб қолди. Эгаси: «Унинг чақимчиликдан бошқа айби йўқ», деб жар солар эди. Киши ғуломнинг айбини писанд қилмади ва уни сотиб олди. Fулом хўжайинининг уйида бир неча кун турганидан кейин унинг хотинига: «Хожам сизнинг устингизга бошқа хотин олмоқчи ёки ўйнаш тутмоқчи. У сизни яхши кўрмайди. Агар сизга меҳри тушиб, ўйлаган ниятидан қайтишини истасангиз, унда хожам ухлаган пайтида устарани олиб, соқолининг тагидан бир неча тукни қириб олингда, уларни асраб қўйинг», деди. Хотин паришон ҳолда: «Хўп», деди ва эри ухлагач, қули ўргатган ишни қилишга жазм этди. Кейин ғулом хўжайинининг олдига келиб: «Хожам, бекам ўзига ўйнаш тутиб, унга жуда ўрганиб қолган. Шунинг учун сиздан халос бўлмоқчи, бу кеча сизни сўйишга жазм қилган. Агар гапимга ишонмасангиз, унда кечқурун ўзингизни ухлаганга солиб ётинг. Шунда сизни сўйиш учун қўлида бирон нарса кўтариб келаётганини кўрасиз», деди. Хўжайини унга ишонди. Қоронғу тушгач, ўзини ухлаганга солиб ётди. Хотини унинг соқоли остидаги туклардан қирқиб олиш учун устара кўтариб келди. Соқолидан қирқиб олмоқчи бўлиб, энгашган куйи қўлини эрининг томоғига чўзган эди, у сакраб туриб, устарани тортиб олди-да, хотинини сўйиб ташлади. Хотинининг қариндошлари бу воқеадан хабар топиб, у кишини ўлдирди ва икки уруғ орасида қирғин бошланиб кетди. Биргина чақимчи, ёлғончи қулнинг касофати билан шундай фалокат рўй берди.
Шу боис Аллоҳ таоло чақимчини «фосиқ» деб номлаган:
«Эй мўминлар, агар сизларга бир фосиқ кимса бирон хабар келтирса, сизлар (ҳақиқий аҳволни) билмаган ҳолингизда бирон қавмга мусибат етказиб қўйиб, қилган ишларингизга афсус-надомат чекиб қолмасликларингиз учун (у фосиқ кимса олиб келган хабарни) аниқлаб-текшириб кўринглар!» (Ҳужурот сураси, 6).