loader

Покиза аёлларга туҳмат қилиш

Аллоҳ таоло айтади: «Албатта, (бузуқ ниятлардан) бехабар, покиза, мўмина аёлларни бадном қиладиган кимсалар дунёда ҳам, охиратда ҳам лаънатга дучор бўладилар. Улар учун улуғ азоб бордир. У Кун (қиёмат)да қилиб ўтган (бўҳтонлари) сабабли уларнинг тиллари ҳам, қўлу оёқлари ҳам ўзларининг зиёнларига гувоҳлик берур» (Нур сураси, 23–24).

«Покиза аёлларни (зинокор) деб бадном қилиб, сўнгра (бу даъволарига) тўртта гувоҳ келтира олмаган кимсалар(ни) – уларни саксон дарра уринглар ва ҳеч қачон улар томонидан бирон гувоҳликни қабул қилманглар! Улар фосиқ – итоатсиз кимсалардир» (Нур сураси, 4).
Ҳаромдан сақланган, покиза, ҳур аёлга кимда-ким «зинокор» ёки «фоҳиша» деб туҳмат қилса, унга дунё-ю охиратда лаънат ва улкан азоб бўлишини, бу дунёда эса саксон дарра урилиб, гарчи ишончли бўлса-да, гувоҳлиги бошқа қабул қилинмаслигини Аллоҳ таоло баён қилди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Еттита ҳалок қилувчи ишдан сақланинглар», деб улар орасида: «(Бузуқ ниятлардан) ғофил, покиза, мўмина аёлларга туҳмат қилиш»ни ҳам санаб ўтганлар (Муттафақун алайҳ).
Туҳмат қилиш – покиза, ҳур, муслима аёлга «эй зинокор» ёки «эй фоҳиша» ва ё шунга маънодош сўзларни айтиш, эрига «эй фоҳишанинг эри» ўғлига «эй фоҳишанинг ўғли» қизига «эй фоҳишанинг қизи» дейиш ёки шу каби сўзларни сўзлашдир.
Биронта эркак ёки аёл бошқа бир эркак ёки аёлга ва ё ёш болага шу ва шунга ўхшаш сўзларни айтса, шу сўзларнинг ростлигига тўртта гувоҳ келтириши лозим. Агар келтира олмаса, туҳматга учраган эркак ёки аёл талаб қилса, унга саксон дарра урилади.
Шунингдек, қулига туҳмат қилган кимса ҳам азобга гирифтор бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар: «Кимки қулига «зинокор», деб туҳмат қилса, қиёмат кунида унга ҳад (жазо) қўлланади. Агар гапи рост бўлса, (жазо) қўлланмайди» (Муттафақун алайҳ).
Кўп жоҳиллар беҳаё сўзларни айтишга одатланиб қолишган. Ҳолбуки, улар мана шу сўзлари билан дунёда гуноҳкор, охиратда азобга гирифтор бўладилар. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар: «Банда ўйламасдан бир сўзни айтади-да, у сабабли машриқ билан мағриб орасидаги масофадан узунроқ масофага дўзахга қулайди» (Муттафақун алайҳ).
Абдуллоҳ ибн Масъуд розийаллоҳу анҳу ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Одам фарзанди хатоларининг аксарияти тилидандир», дедилар» (Табароний, Байҳақий ривояти).
Бошқа бир ҳадиси шарифда: «Кимки Аллоҳ ва охират кунига ишонар экан, унда яхши гап гапирсин ёки сукут сақласин», дейилган (Муттафақун алайҳ).
Савбон розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Тилига эгалик қилган, уйи сиғдирган ва хатоларига йиғлаган кишига жаннат бўлсин», дедилар (Табароний ривояти).
Ибн Масъуд розийаллоҳу анҳу айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Мўмин таъна қилувчи, лаънат айтувчи, ахлоқсиз ва беҳаё сўзловчи бўлмайди» (Термизий ривояти).
Аллоҳ таоло лутф-марҳамати ила барчамизни тилларимиз ёмонлигидан сақласин. Албатта, у саховатли, марҳаматли зотдир.
Фойда: Мусанниф раҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Ким пок эканликларини тасдиқловчи оят тушганига қарамасдан, Оиша розийаллоҳу анҳо онамизга туҳмат қилса, у Қуръонни ёлғонга чиқарган кофир ҳисобланади ва ўлдирилади».

Орқага Олдинга