loader

Инсоннинг ўз насабидан тониши

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Кимки билатуриб, отасидан бошқа кишини «отам» деб иддао қилса, унга жаннат ҳаромдир» (Бухорий ривояти).
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Оталарингдан юз ўгирманглар, ким отасидан юз ўгирса, у кофир бўлибди» (Бухорий ривояти).
Язид ибн Шурайк айтадилар: «Али розийаллоҳу анҳу минбарда хитоб қилиб айтардилар: «Йўқ, Аллоҳга қасамки, бизнинг олдимизда Аллоҳнинг Китобидан ва ушбу саҳифадаги нарсадан бошқа ўқийдиган Китобимиз йўқ». Сўнг саҳифани очдилар. Унда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу сўзлари бор эди: «Мадина айрдан савргача ҳурматлидир. Кимки бу ерда янги иш (бидъат) пайдо қилса ёки бидъатчига жой (бошпана) берса, унга Аллоҳнинг, фаришталарнинг ва барча инсонларнинг лаънати бўлур. Аллоҳ қиёмат кунида ундай кимсанинг на фарз, на нафл ибодатларини қабул қилур. Кимки отасидан бошқа кишини «отам» деб даъво қилса ёки ўзини хўжайинларидан бошқа кишиларга мансуб деб билса, унга Аллоҳнинг, фаришталарнинг ва барча инсонларнинг лаънати бўлур. Аллоҳ қиёмат кунида ундай кимсанинг на фарз, на нафл ибодатларини қабул қилур» (Бухорий ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Қайси бир кимса билатуриб, отасидан бошқа кишини «отам» деса, у аниқ кофир бўлибди. Кимки ўзиники бўлмаган нарсани «меники» деб даъво қилса, биздан эмас. Ундай кимса ўзига дўзахдан жой ҳозирлаб олаверсин. Кимки бир кишини «кофир» ёки «Аллоҳнинг душмани» деса ва у киши бундай бўлмаса, айтган сўзи унинг ўзига қайтади» (Муслим ривояти).
Аллоҳдан афв, офият ҳамда ўзи суйган, рози бўлган амалларга муваффақ этишини сўраймиз. Албатта, У саховатли, марҳаматли зотдир.

Орқага Олдинга