Аллоҳ таоло айтади: «Фақат одамларга зулм қиладиган ва ерда ноҳақ ҳадларидан ошадиган кимсалар(ни айблаш ва зулму зўравонликлари учун жазолаш)гагина йўл бордир. Ана ўшалар учун аламли азоб бордир» (Шўро сураси, 42).
«(Эй Муҳаммад), сиз ҳаргиз: «Аллоҳ золим кимсаларнинг қилаётган амалларидан ғофил», деб ўйламанг!» (Иброҳим сураси, 42).
«Золим кимсалар эса яқинда қандай оқибатга қараб кетаётганларини билиб қолурлар» (Шуаро сураси, 227).
Бу таҳдид ҳар қандай золимга тааллуқлидир. Яъни, золим кимсалар хунук, ёмон оқибатга – азобга, дўзахга қараб кетмоқдалар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Кимки бизни алдаса, у биздан эмас» (Муслим ривояти).
Ибн Умар розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Зулм қиёмат куни зулмат бўлур» (Бухорий, Муслим, Термизий ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Ҳар бирингиз нозир (бошлиқ) ва қўл остингиздагилар хусусида масъулдирсиз» (Муттафақун алайҳ).
Абдуллоҳ ибн Муғаффал розийаллоҳу анҳу айтадилар: «Гувоҳлик бериб айтаманки, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Қайси бир бошлиқ ёки ҳоким қўли остидагиларни алдаган ҳолда бир қоронғу тунни ўтказса, Аллоҳ унга жаннатни ҳаром қилади», деганларини эшитдим» (Табароний ривояти).
Маъқал ибн Йасор розийаллоҳу анҳу айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Аллоҳ азза ва жалла қайси бандани бир раийятга бошлиқ қилиб қўйса ва у раийятини алдаган ҳолда вафот этса, Аллоҳ унга жаннатни ҳаром қилади», деганларини эшитдим» (Муттафақун алайҳ).
Бошқа бир ривоятда: «... у жаннат ҳидини ҳам ҳидламайди», дейилган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Кимки ўнта одамга амир бўлса, у қиёмат кунида кишанланган ҳолда келтирилади. Алал-оқибат, уни адолат халос этади ёки жабр-зулм ҳалок қилади» (Баззор, Табароний ривояти).
Яъни, одил бўлган бўлса, кишандан нажот топади, золим бўлган эса, ҳалок бўлади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Амирларнинг ҳолига вой, орифларнинг ҳолига вой, аминларнинг ҳолига вой. Қиёмат куни кокилларидан Сурайё (юлдузи)га илиниб, ер билан осмон орасида муаллақ турган кимсалар: «Биронта ишга ҳам бошчилик қилмаганимизда эди», деб орзу қиладилар» (Ибн Ҳиббон, Ҳоким ривояти).
Оиша (розийаллоҳу анҳо) айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Қиёмат куни шундай бир соат келадики, унда одил қози: «Икки киши орасида бир мева хусусида бўлса-да, сира ҳукм чиқармаганимда эди», деб орзу қилади», деганларини эшитдим» (Аҳмад, Ибн Ҳиббон ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дуо қилиб: «Эй Аллоҳим, кимки умматимнинг биронта ишига бошлиқ бўлиб, уларни машаққатга қўйса, уни Сен ҳам машаққатга қўй. Кимки умматимнинг биронта ишига бошлиқ бўлиб, уларга меҳрибонлик қилса, унга Сен ҳам меҳрибонлик қилгин», дер эдилар (Муслим, Насоий ривояти).
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Аллоҳ кимни мусулмонларнинг биронта ишига раҳбар қилиб қўйса-ю, у мусулмонларнинг эҳтиёжлари, муҳтожликлари ва фақирликларидан кўз юмса, Аллоҳ қиёмат кунида унинг эҳтиёжи, муҳтожлиги ва фақирлигидан кўз юмади» (Абу Довуд, Термизий, Ҳоким ривояти).
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Мендан сўнг амирлар бўлади. Кимки уларнинг ҳузурига кириб, ёлғонларини тасдиқласа, зулмларига ёрдам берса, у мендан эмас, мен ҳам ундан эмасман. Ва у ҳовузга яқин келмайди. Кимки уларнинг ҳузурига кирмаса ва зулмларига ёрдам бермаса, ёлғонларини тасдиқламаса, у мендан ва мен ҳам унданман. Ва у ҳовузга келади» (Термизий ривояти).
Абу Умома розийаллоҳу анҳу ривоят қиладилар: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Умматимдан икки тоифаси ҳаргиз шафоатимга ноил бўлмайди: «Золим, адолатсиз раҳбар ҳамда ҳар бир ёвуз муртад» (Табароний ривояти).
Абдуллоҳ ибн Масъуд розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Қиёмат куни энг қаттиқ азобга дучор бўладиган дўзахий – пайғамбарни ўлдирган ёки пайғамбар томонидан ўлдирилган кимса ва ҳақ йўлдан адашган раҳбар» (Баззор ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Кимки одамларга раҳм қилмас экан, унга Аллоҳ ҳам раҳм қилмайди» (Табароний).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Муоз розийаллоҳу анҳуни Йаманга юбораётганларида: «Мазлумнинг дуосидан қўрқ. Зеро, унинг дуоси билан Аллоҳ орасида ҳижоб – тўсиқ йўқдир», деганлар (Муттафақун алайҳ).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ қиёмат кунида уч тоифа одам билан гаплашмайди, уларни (гуноҳларидан) покламайди ҳам», деб улардан бири ёлғончи подшоҳ эканини баён қилганлар (Муслим ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Сизлар яқинда амирликка қизиқиб қоласизлар. Ҳолбуки, у қиёмат кунида надоматга сабаб бўлади» (Бухорий ривояти).
Яна бир ҳадиси шарифда: «Биз бу ишга (амирликка) уни сўраган кишиларни ҳам, унга қизиққан кишиларни ҳам тайинламаймиз», дейилган.
Абдураҳмон ибн Самура розийаллоҳу анҳу айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: «Амирликни сўрама. Агар унга сўрамасдан етишсанг, уни қўллаб-қувватлайсан. Борди-ю, унга сўраб етишсанг, унга суяниб қоласан», дедилар» (Бухорий ва Муслим ривояти).
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Каъб ибн Ужра розийаллоҳу анҳуга: «Аллоҳ сени аҳмоқ амирлардан паноҳида сақласин», дедилар. «Аҳмоқ амирлар кимлар?» деб сўраган эди, «Мендан кейин келадиган амирлар бўлиб, улар мен кўрсатган йўлдан юрмайдилар ва менинг суннатимга амал қилмайдилар», деб жавоб бердилар (Аҳмад, Баззор ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Кимки мусулмонларга қози бўлишни талаб қилиб, унга эришса, сўнг адолати зулмидан устун келса, унга жаннат бўлур. Борди-ю, жабр-зулми адолатидан устун келса, унга дўзах бўлур» (Абу Довуд ривояти).
Ривоят қилинадики, қиёмат кунида волий (ҳоким) олиб келиниб, жаҳаннам кўпригига қўйилади. Сўнг кўприк шундай қаттиқ силкинадики, унинг ҳар бир бўғими ўрнидан силжиб кетади. Агар у ишларида Аллоҳга итоат этган бўлса, кўприкдан ўтиб олади. Агар ишларида Аллоҳга осийлик қилган бўлса, кўприк парча-парча бўлиб кетади ва у эллик йил миқдорича жаҳаннам қаърига қулаб тушади.
Амр ибн Муҳожир айтадилар: «Умар ибн Абдулазиз розийаллоҳу анҳу менга: «Агар мени ҳақдан оғганимни кўрсанг, икки қўлинг билан ёқамдан тутиб: «Эй Умар, нима қиляпсан?!» деб айт», деган эдилар».