loader

Хамр (маст қилувчи ичимлик) ичиш

Аллоҳ таоло айтади:  «Эй мўминлар, ароқ (маст қилувчи ичкилик ичиш), қимор (ўйнаш), бутлар(га сиғиниш) ва чўплар (билан фол очиш) шайтон амалидан бўлган ҳаром ишдир. Бас, уларнинг ҳар биридан узоқ бўлингиз, шояд нажот топсангиз! Ароқ, қимор сабабли шайтон ўрталарингизга буғзу адоват солишни ҳамда сизларни Аллоҳни зикр қилишдан ва намоз ўқишдан тўсишни истайди, холос! Энди тўхтарсизлар!» (Моида сураси, 90–91).
Аллоҳ азза ва жалла мазкур оятларда хамрдан огоҳлантирди, қайтарди.
Ибн Аббос розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Хамрдан сақланинглар. Зеро, у барча ёмонликнинг калитидир», деганлар (Ҳоким ривояти).
Кимда-ким ундан сақланмас экан, батаҳқиқ, у Аллоҳ ва Расулига осийлик қилган ва бу билан азобга сазовор бўлган бўлади. Аллоҳ таоло айтади:

«Ким Аллоҳ ва Расулига итоатсизлик қилиб, Аллоҳнинг белгилаб қўйган ҳадларидан тажовуз қилса, уни абадий қоладиган жойи бўлмиш дўзахга киритур. Ва унинг учун хор қилгувчи азоб бордир» (Нисо сураси, 14).
Ибн Аббос розийаллоҳу анҳумо айтадилар: «Хамр ҳаром қилингач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг айрим саҳобалари бошқаларининг олдига бориб: «Хамр ҳаром қилинди ва ширкка тенглаштирилди», дедилар» (Табароний, Ҳоким ривояти).
Хамр, шак-шубҳасиз, барча нопок ишларнинг онаси бўлиб, кўплаб ҳадисларда уни ичган одам лаънатлангандир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Ҳар бир маст қилувчи нарса хамрдир ва ҳар бир маст қилувчи нарса ҳаромдир. Кимки бу дунёда хамр ичса ва уни ичишга одатланган ҳолда вафот этса, охират шаробини ичмайди» (Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий ривояти).
Жобир розийаллоҳу анҳу айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳар бир маст қилувчи нарса ҳаромдир. Маст қилувчи ичимликни ичган кишини «Тийнатул хобал»дан (чиқиндилар аралашмаси) суғориш хусусида Аллоҳ ҳузурида аҳд, қатъий қарор бор», дедилар. «Ё Расулуллоҳ, «Тийнатул хобал» нима?» деб сўрашган эди, «Дўзах аҳлининг терлари ёки дўзах аҳлидан ажралган суюқликлар», дея жавоб бердилар» (Муслим ривояти).
Яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдиларки: «Ким бу дунёда хамр ичса-ю, сўнг у учун тавба қилмаса, охиратда шаробдан маҳрум бўлади» (Муслим ривояти).
Ибн Аббос ривоят қилинади:Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимда-ким хамрга муккасидан кетган ҳолда Аллоҳга йўлиқса, У зотга худди бутпараст сингари йўлиқибди», дедилар» (Ибн Ҳиббон ривояти).
Яъни, хамр ичишни ҳалол деб билган кимса бутпараст билан баробардир.
Хамрга муккасидан кетган кимса тавба қилмай вафот этса, жаннатга кирмаслиги хусусида Абу Дардо розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қиладилар: «Хамрга муккасидан кетган кимса жаннатга кирмайди!»
Бошқа бир ҳадисда: «Уч тоифа одам жаннатга кирмайди: хамрга муккасидан кетган, қариндош-уруғчилик алоқаларини узган ва сеҳрни тасдиқ қилган кимса», дейилган (Имом Аҳмад, Табароний ва Абу Яъло ривояти).
Аллоҳ мастнинг биронта яхшилигини қабул қилмайди. Бу хусусда Жобир ибн Абдуллоҳ розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Уч тоифа одамнинг намозини Аллоҳ қабул қилмайди ва уларнинг биронта яхшилиги осмонга кўтарилмайди: қочоқ қулнинг, то хўжайинига қайтиб, қўлини унинг қўлига қўймагунича, эрини ғазаблантирган – норози қилган аёлнинг, то эри ундан рози бўлмагунича ва мастнинг, то ўзига келмагунича» (Табароний, Ибн Ҳиббон, Ибн Ҳузайма, Байҳақий ривояти).
Ибн Умар ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким хамр ичса, қирқ кунгача намози қабул қилинмайди. Агар тавба қилса, Аллоҳ тавбасини қабул қилади. Борди-ю қайтиб ичса, қирқ кунгача намози қабул қилинмайди. Агар тавба қилса, Аллоҳ тавбасини қабул қилади. Яна ичса, қирқ тонг унинг намози қабул қилинмайди. Агар тавба қилса, Аллоҳ тавбасини қабул қилади. Мабодо, тўртинчи марта қайтиб ичса, қирқ кунгача намози қабул қилинмайди. Агар тавба қилса, Аллоҳ тавбасини қабул қилмайди. Аллоҳ ундан ғазабланади ва уни Хобал дарёсидан суғоради», дедилар».
Бир киши Ибн Умар розийаллоҳу анҳудан: «Эй Абу Абдураҳмон, Хобал дарёси нима?» деб сўраган эди, у: «Дўзах аҳлининг йиринглари оқадиган дарё», деб жавоб бердилар (Термизий, Ҳоким ривояти).
Хамр ичган кимса уни ичаётган вақтида мўмин бўлмайди. Бу хусусда Абу Ҳурайрадан қуйидаги ҳадис ворид бўлган: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Зинокор мўмин бўлмаган ҳолида зино қилади. Ўғри мўмин бўлмаган ҳолида ўғирлик қилади. (Ичувчи) мўмин бўлмаган ҳолида ичади. Бироқ ҳали ҳам тавба таклиф қилингандир» (Бухорий, Муслим, Абу Довуд ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Кимки зино қилса ёки хамр ичса, худди инсон бошидан кўйлагини ечиб олганидек, Аллоҳ ундан иймонни ечиб олади» (Ҳоким ривояти).
Абу Мусо розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уч тоифа одам жаннатга кирмайди: хамрга муккасидан кетган, қариндош-уруғчилик алоқаларини узган ва сеҳрни тасдиқлаган кимса. Кимки хамрга муккасидан кетган ҳолида вафот этса, Аллоҳ уни «Гувта» дарёсидан суғоради», дедилар. «Гувта» дарёси нима?» деб сўрашган эди, «У фоҳишаларнинг фаржларидан оқадиган дарё бўлиб, дўзах аҳлига озор беради», дея жавоб бердилар (Аҳмад, Абу Яъло, Табароний ривояти).
Хамр сабабли лаънатланган кимсалар хусусида Ибн Умар розийаллоҳу анҳумодан ворид бўлган ҳадис ҳужжат бўлади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ хамрни ҳам, уни ичувчини ҳам, қуювчини ҳам, сотиб олувчини ҳам, сотувчини ҳам, тайёрлатувчини ҳам, олиб келувчини ҳам, олиб келтирувчини ҳам лаънатлади» (Абу Довуд ривояти).
Ибн Можанинг ривоятида: «Пулини еювчини ҳам», дейилган.
Ибн Аббос айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганларини эшитдим: «Олдимга Жаброил келиб: «Эй Муҳаммад, албатта Аллоҳ хамрни ҳам, уни сиқтирувчини ҳам, сиқувчини ҳам, ичувчини ҳам, олиб келувчини ҳам, олиб келтирувчини ҳам, сотувчини ҳам, сотиб олувчини ҳам, қуювчини ҳам ва қуйдирувчини ҳам лаънатлади», деди» (Аҳмад, Ибн Ҳиббон, Ҳоким ривояти).
Хамр ичувчилар касал бўлса, зиёрат қилинмайди ва уларга салом берилмайди. Абдуллоҳ ибн Амр розийаллоҳу анҳу: «Хамр ичувчилар касал бўлса, зиёрат қилманглар», деганлар.
Ибн Умар розийаллоҳу анҳумо: «Хамр ичувчиларга салом берманглар», деб айтганлар (Бухорий ривояти).
Ривоятларда келадики: «Хамр ичувчилар билан бирга ўтирманглар, касал бўлса, зиёрат қилманглар ва жанозаларига қатнашманглар. Зеро, хамр ичувчи қиёмат кунида юзи қорайган, тили кўксига осилган, сўлаги оққан ҳолда келади. Уни кўрган ҳар бир кимса ундан жирканади ва унинг хамр ичувчи эканини билиб олади».
Баъзи уламолар айтган эканлар: «Уларни зиёрат қилиш ва салом бериш ман қилинганининг боиси, хамр ичувчи малъун, фосиқдир. Агар у сотиб олиб ичса, икки марта малъун, борди-ю, бошқа бировга ҳам қуйиб берса, уч маротаба малъун бўлади. Агар тавба қилсалар, уларни зиёрат қилиш ва салом бериш жоиздир. Кимки тавба қилса, Аллоҳ унинг тавбасини қабул қилади.
Хамр билан даволаниш мумкин эмас. Бу хусусда мазкур ҳадислар сўзимизга ҳужжат бўлади:
Умму Салама (розийаллоҳу анҳо) айтдилар: «Қизим бетоб бўлиб қолган эди, бир идишга хурмо солиб қайната бошладим. Шу вақт Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам кириб келдилар ва: «Бу нима?» деб сўрадилар. Мен: «Қизим бетоб бўлиб қолди, буни унга тайёрлаётган эдим», дея жавоб бердим. Шунда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ азза ва жалла ҳаром нарсани даво қилмаган», дедилар (Абу Яъло, Баззор ривояти).
Воил ибн Ҳижр розийаллоҳу анҳу айтадилар: «Ториқ ибн Сувайд Жаъфий Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан хамр ҳақида сўраган эди, уни тақиқладилар: «Уни даво учун тайёрлайман, ахир», деган эди, «У даво эмас, аксинча, дарддир», дея жавоб бердилар» (Аҳмад, Муслим, Абу Довуд, Термизий ривояти).
Ривоят қиладиларки, кимнинг қалбида Аллоҳнинг Китобидан биргина оят бўлса-ю, у кимса унинг устидан хамр қуйса, қиёмат куни шу оятнинг ҳар бир ҳарфи келиб, ўша кимсани пешона сочидан тортади-да, уни Аллоҳ таборака ва таолонинг ҳузурига олиб боради ва у билан хусуматлашади. Ҳолбуки, Қуръон ким билан баҳслашса, уни, албатта енгади. Қиёмат кунида хусуматчиси Қуръон бўлган кимсага вайл бўлсин.
Ривоят қилишларича, қайси бир жамоат бу дунёда маст қилувчи нарса устида тўплансалар, Аллоҳ уларни дўзахда тўплайди. Шунда улар бир-бирларини маломат қила бошлайдилар. Бири иккинчисига: «Эй фалончи, Аллоҳ сени яхши мукофот билан сийламасин. Бу жойга тушишимга сен сабабчи бўлдинг», деса, иккинчиси унинг ўзига шу гапни қайтаради.
Ривоят қиладиларки, кимда-ким бу дунёда хамр ичса, Аллоҳ уни илонларнинг заҳари билан суғоради. У ҳали ичмасидан туриб, юзидаги гўштлари идишга эриб тушади. Ичганидан кейин эса бутун териси-ю, гўштлари эриб тушади ва дўзах аҳли ундан озорланади. Огоҳ бўлинглар, уни ичувчи ҳам, сиқтирувчи ҳам, сиқувчи ҳам, олиб келувчи ҳам, олиб келтирувчи ҳам, пулини еювчи ҳам унинг гуноҳига шерикдирлар. Токи тавба қилмас эканлар, Аллоҳ уларнинг намозини ҳам, рўзасини ҳам, ҳажини ҳам қабул қилмайди. Борди-ю, тавба қилмай вафот этсалар, бу дунёда ичган ҳар бир қултум хамрлари эвазига жаҳаннам йиринги билан суғоришга Аллоҳ тўла ҳақли бўлади. Огоҳ бўлинглар (билиб қўйинглар), ҳар бир маст қилувчи нарса хамрдир ва ҳар бир хамр ҳаромдир.
Ривоят қилинадики, хамр ичувчилар пулсиротга келганларида забониялар (азоб фаришталари) уларни тутиб, Хобал дарёсига олиб борадилар-да, уларни ичган ҳар бир қадаҳ хамрлари эвазига бир қултумдан суғорадилар. Мабодо, унинг бир қултуми осмонга тўкилиб кетса, унинг ҳароратидан осмонлар ёниб кетади. Аллоҳ сақласин.
Абдуллоҳ ибн Абу Авфо (раҳимаҳуллоҳ): «Кимки хамрга муккасидан кетган ҳолида вафот этса, Лот ва Уззога (мушриклар сиғинган бутлар) ибодат қилгандек вафот этибди», дедилар. «Хамрга муккасидан кетган», деганда, ичмаса, туролмайдиган одамни назарда тутяпсизми?» деб сўрашган эди, «Йўқ, орадан бир неча йил ўтса-да, топганда ичадиган кимсани», дея жавоб бердилар.

Фасл

Абдуллоҳ ибн Амр розийаллоҳу анҳу хамр ичишни гуноҳи кабираларнинг энг каттаси деб билганлар.
Абдуллоҳ ибн Умар розийаллоҳу анҳумо айтадилар: «Абу Бакр, Умар ва бошқа кишилар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этганларидан кейин ўтириб энг улкан гуноҳи кабиралар ҳақида зикр қилдилар. Бу борада улар илмсиз бўлиб, мени Абдуллоҳ ибн Амрдан сўраб келиш учун юбордилар. У киши менга: «Энг катта гуноҳи кабира хамр ичиш», дедилар. Қайтиб келиб уларга бу гапни айтган эдим, буни инкор қилишди ва барчалари туриб унинг ҳовлисига йўл олишди. У киши: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: «Бани Исроил подшоҳларидан бири бир кишини тутиб, уни хамр ичиш ёки одам ўлдириш, ёки зино қилиш, ёхуд тўнғиз гўштини ейиш ва ё ўзини қатл этишларидан бирини танлаш ихтиёрини берган эди, у хамрни танлади. Хамрни ичганидан кейин эса, ундан нимани талаб қилишса, тап тортмади. Яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Кимда-ким хамр ичса қирқ кеча унинг намози қабул қилинмайди. Қовуғида бирон томчи хамр бўлган ҳолида вафот этса, аниқки, у сабабли унга жаннат ҳаром бўлади. Борди-ю, у қирқ кеча мобайнида вафот этса, жоҳилият ўлимида ўлган бўлади», деб уларга хабар бердилар» (Табароний, Ҳоким ривояти).

Фасл

Хамр ақлни ўтмаслаштирадиган, ақл кўзини кўр қиладиган нарса бўлиб, унинг ҳўлу қуруғи, ейимлигу ичимлиги бир хил зарарлидир.
Наша ўсимлиги япроғидан тайёрланадиган нарса (наша) ҳам ҳаром бўлиб, хамр ичган киши сингари, уни чеккан кишига ҳам ҳад-дарра урилади. Чунки у ҳам «Ҳар бир маст қилувчи нарса хамрдир» ҳадисига биноан хамрнинг бир туридир.
Наша ақл ва феъл-атворни бузиб, кишини даюс, хотинчалиш қилиб қўйиши ва бундан бошқа салбий хусусиятлари билан хамрдан баттарроқ бўлса, хамр уриш-жанжал, қотилликка олиб бориши билан нашадан ёмонроқдир. Бироқ иккаласи ҳам Аллоҳни зикр қилишдан ва намоздан тўсади.
Наша суюқ эмас, қуюқ нарса бўлгани боис, уламолар унинг пок ёки нажаслиги ҳусусида уч хил фикрни билдирганлар:
1) наша ҳам ароқ каби нажосатдир. Саҳиҳ ҳукм шудир;
2) унинг қуруғи пок, суюғи нажасдир;
3) қуюғининг суюғидан фарқи бор;
Ҳар қандай ҳолатда ҳам наша Аллоҳ ва Расули ҳаром қилган маст қилувчи хамр сафига киради.
Абу Мусо розийаллоҳу анҳу айтадилар: «Ў Расулуллоҳ, биз Яманда тайёрлайдиган икки ичимлик ҳақида фатво беринг. Бири «битъа» деб номланиб, асалдан тайёрланади, иккинчиси «мизар», деб аталиб, зарра ва арпадан тайёрланади», дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жуда балоғат ва фасоҳат билан сўзлар эдилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Намоздан чалғитадиган ҳар бир маст қилувчи нарсадан қайтараман», дедилар».
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар: «Кўпи маст қиладиган нарсанинг озгинаси ҳам ҳаромдир» (Аҳмад, Ибн Можа, Дориқутний ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам маст қиладиган нарсаларни, қуюқ ёки суюқ бўлсин, бир-биридан ажратмаганлар (яъни, ҳаммасини ҳаром деганлар). Бундан ташқари, унни ароққа қориб, нон қилиб ейдиганлар ва нашани сувга эзиб ичадиганлар ҳам бор.
Салаф уламолари нашани зикр қилмаганларининг сабаби уларнинг даврида наша истеъмол қилинмаган. Бу нарса мўғуллар Ислом шаҳарларига келганларидан сўнг юзага чиққан.
Наша ҳақида шеър ҳам тўқилган бўлиб, унинг мазмуни қуйидагича: «Жоҳил бўлиб наша чекадиганларга айт: «Уни чекиб жуда хунук умр кечирдинг. Кишининг қадр-қиймати гавҳардир, Эй жоҳил, нима учун уни нашага сотдинг».
Аллоҳга қасамки, иблис нашадан шод бўлганидек бошқа нарсадан қувонмаган. Чунки пасткаш кимсаларга зийнатлаб кўрсатган эди, уни ўзларига ҳалол қилиб олишди.
Уни ҳалол деб билиб чекиш ва экиш бадбахт учун иккита мусибатдир.

Ҳикоят

Бир йигит маҳзун ҳолда Абдумалик ибн Марвоннинг ҳузурига келиб: «Эй амирал мўминин, мен улкан гуноҳ қилдим, энди тавба қилсам бўладими?» деди. «Нима гуноҳ қилдинг?» деб сўраган эди, «Гуноҳим жуда улкан», деди. «У нима экан? Аллоҳ таолога тавба қил. У зот бандаларининг тавбаларини қабул қилади ва кечиради», деди. «Эй амирал мўминин, мен қабрларга ўғирликка тушар эдим. Мен ғаройиб ишларни кўрдим», деди йигит. «Нималарни кўрдинг?» деб сўраган эди, у бошидан кечирганларини сўзлаб берди: «Бир кеча бир қабрни кавладим. Қарасам, маййитнинг юзи қиблага тескари бўлиб қолибди. Ундан қўрқиб, энди чиқмоқчи бўлиб турган эдим, шу пайт қабрда кимнингдир: «Маййитнинг юзи қиблага тескари бўлиб қолганини сўрамайсанми?» деган овози эшитилди. «Нима учун тескари бўлиб қолган?» деб сўраган эдим, «Чунки у намозга беэътибор эди. Унга ўхшаганларнинг жазоси шу», деди. Сўнг бошқа қабрни ковладим. Қарасам, маййит тўнғизга айланиб, бўйнидан кишанланган, занжирбанд қилинган экан. Ундан қўрқиб, энди чиқмоқчи бўлиб турган эдим, кимдир: «Унинг қандай амал қилганини, нима учун азобланаётганини сўрамайсанми?» деди. «Нима учун?» деб сўраган эдим, «У тириклигида хамр ичар эди ва тавба қилмай вафот этган», деди. Кейин бошқа қабрни кавладим. Қарасам, маййит олов қайиш билан ерга боғланган ва тили гарданидан чиқиб турган экан. Ундан қўрқиб, энди чиқмоқчи бўлиб турган эдим: «Унинг нима учун бу аҳволга тушганини сўрамайсанми?» деган нидо келди. «У сийдикдан сақланмас ва одамлар орасида гап ташиб чақимчилик қилиб юрар эди. Унга ўхшаганларнинг жазоси шу», деди. Сўнг яна бир қабрни кавладим. Қарасам, маййит оловда куяётган экан. Ундан қўқиб, энди чиқмоқчи бўлиб турган эдим, кимдир: «Унинг нима учун бу аҳволга тушганини сўрамайсанми?» деди. «Нима учун бу аҳволда?» деб сўраган эдим, «У намозни тарк қилган эди», деди. Кейин яна бир қабрни ковладим. Қарасам, қабр кўз илғайдиган жойгача кенгайган, кўзни қамаштирадиган даражада ёруғ, маййит эса ажойиб либосларда, нурли сўрида ухлаб ётар эди. Унинг ҳайбати босиб, энди чиқиб кетмоқчи бўлган эдим, кимдир: «Унинг нима учун бу қадар иззат-икромга сазовор бўлганини сўрамайсанми?» деди. «Нима учун иззат-икромга сазовор бўлди?» деб сўраган эдим, «У итоатли йигит бўлиб, Аллоҳ азза ва жаллага итоат ва ибодатда улғайган эди», деди. Шунда Абдумалик: «Албатта бу ҳикоятда осийлар учун ибрат ва итоаткор бандалар учун башорат бордир», деди».
Мазкур ҳикоятда зикр қилинган айбу нуқсонларга йўл қўяётганлар дарҳол тавба қилишлари ва итоатга ўтишлари лозим. Аллоҳ бизларни ҳам, сизларни ҳам итоаткор бандаларидан қилиб, фосиқона ишлардан четлаштирсин. Албатта, У марҳаматли, саховатли зотдир.

Ҳикоят

Фузайл ибн Иёз ўлим тўшагида ётган шогирдини кўргани келиб, унга «шаҳодат» калимасини талқин эта бошлади. Бироқ унинг тили ҳеч айланмас эди. Калимани яна такрорлаган эди: «Айтмайман, мен ундан бегонаман», деди. Фузайл йиғлаган кўйи у ердан чиқиб кетди. Кейин орадан бир қанча вақт ўтгач, тушида шогирдининг дўзахга судраб олиб кетилаётганини кўрди. «Эй бечора, нима сабабли маърифатдан жудо бўлдинг?» деб сўраган эди, у: «Эй устоз, менинг бир касалим бор эди. Табибларга борган эдим, менга: «Ҳар йили бир қадаҳ хамр ичиб турасан. Бўлмаса, касалинг тузалмайди», дейишди. Ҳар йили даволаниш учун ундан ичиб турар эдим», дея жавоб берди.
Даволаниш учун хамр ичган кишининг ҳоли шу бўлса, кўнгил ҳуши учун ичадиганларнинг аҳволи қандай бўларкин?! Аллоҳдан барчамизни афу этишини ва барча балолардан омон сақланишини сўраймиз.

Ҳикоят

Бир кишидан тавба қилишига нима сабаб бўлганини сўрашганида, шундай деди: «Мен қабрларга ўғирликка тушар эдим. У ерда айрим ўликлар қиблага терс бўлиб қолганини кўрдим. Яқинларидан уларнинг нима қилганлари ҳақида сўраганимда: «Улар дунёда хамр ичган ва тавба қилмай вафот этган эдилар», деб жавоб беришди».

Ҳикоят

Бир солиҳ киши айтган экан: «Кичкина фарзандим вафот этди, уни дафн қилганимиздан сўнг, орадан бир қанча вақт ўтгач, тушимда кўрдим. Сочи оппоқ бўлиб оқариб кетган эди. «Эй ўғлим, сени дафн этганимда ёшгина бола эдинг-ку. Нега сочинг оқариб кетди?» деб сўрадим. У: «Эй отажон, ёнимга хамр ичган киши дафн қилинди. Унинг келганидан жаҳаннам шундай оҳ урдики, бирон бола қолмай, барчасининг сочи оқариб кетди», деб жавоб берди».
Аллоҳдан барчамизни афу этишини ва охиратда азобга дучор қиладиган ишлардан омон сақлашини сўраймиз. Ҳар бир банда ёмон ҳолатда эканида ажали етиб дўзахга улоқтирилмасидан олдин (Аллоҳ сақласин), Аллоҳ таолога тавба қилиши лозим.

Орқага Олдинга