loader

Зулқарнайн қурган тўғон очилганми? Яъжуж ва Маъжужлар ташқарига чиқдими?

Тўғондан кичкина тешикча очилгани ҳақиқат. Биз юқорида айнан мана шу маънога далолат қилувчи иккита ҳадис келтириб ўтган эдик. Рисоламиздаги 81-82 рақамли мазкур ҳадисларнинг бирини Бухорий ва Муслим, икинчисини эса Бухорийнинг ёлғиз ўзи ривоят қилган.
Ҳар иккала ҳадис тўғоннинг бузила бошлаганига далолат қилади. Тўғон то Ийсо алайҳис-салом замонларигача туради. Ийсо алайҳис-салом замонида Аллоҳ изни ила Яъжуж ва Маъжужлар бутунлай ташқарига чиқиб оладилар. Бу чиқиш Қиёматнинг улкан аломатларидан бири ҳисобланади. Лекин унгача ҳам Яъжуж ва Маъжужлар бир марта чиқишлари мумкин. Мана шу бир чиқишнинг ўзида кўплаб мусулмонлар ҳаёт билан видолашадилар.
«Расулуллоҳ (с.а.в) бир куни унинг олдига қўрққан-хавотирланган ҳолда кириб келдилар:
-Яқинлашиб қолган ёмонликдан арабларга вайл бўлсин. Бугун Яъжуж ва Маъжуж тўғонидан мана шунча очилди (Пайғамбаримиз икки бармоғини ҳалқа шаклига келтириб кўрсатдилар).
Зайнаб айтади: Мен Расулуллоҳ (с.а.в)дан сўрадим:
-Ё Расулуллоҳ! Орамизда солиҳ инсонлар бўлса ҳам, ҳаммамиз ҳалок бўламизми?
-Ҳа,- дедилар пайғамбар (с.а.в), - агар ифлосликлар кўпайиб кетса».
Менимча, валлоҳу аълам, Яъжуж ва Маъжужларнинг бир марталик чиқиши мўғул-татарлар босқинида бўлиб ўтган. Мўғуллар ислом давлатларини бирин-кетиб босиб олдилар. Боғдодни вайронага айлантириб, у ерда қарийб 800.000 кишини қиличдан ўтказдилар. Халифа Мўътасим ва унинг оиласи ҳам қатл қилинди. Ҳижрий еттинчи йилнинг бошларида бўлган бу қирғин – мўғулларнинг беҳисоб қўшин билан бостириб келиши Яъжуж ва Маъжужларнинг сўнгги чиқиши эмас эди. Мусулмонлар орасида маъсиятлар, фисқу фужур кўпайб кетганидан сўнг, Аллоҳ таъоло уларни мана шундай жазолади. Илоҳий ҳикмат тақозосига кўра берилган ушбу жазо мусулмонлар учун ўзларини ўнглаб олишга - ғафлатдан уйғонишга бир туртки эди. Ўн тўққиззинчи асрнинг охири ва йигирманчи аср бошларида ғарбнинг ислом диёрларига босқин уюштириши ҳам мўғуллар босқинига жуда-жуда ўхшаб кетади. Мўғуллар юришидан сўнг Аббосийлар ҳалифалиги барҳам топган эди. Ғарбнинг бу юриши натижасида эса исломнинг воқедаги энг охирги халифалиги – Усмонийлар халифалиги тугатилди.
Ҳа, мусулмонлар орасида маъсиятларнинг авж олиб кетиши бу гал ҳам улар учун ҳалокатли якунланди. Наҳот энди ҳам биз ўзимизни ўнглаб олмасак?! Наҳот энди ҳам нима учун хорлик ва ҳалокат ёқасида турганимизни англаб етмасак?! Наҳот энди ҳам нафсларимизнию, шаҳарларимизни маъсият-кирликлардан тозаламасак?!
Шояд шундан кейин бизга Аллоҳнинг раҳми келиб, яна душманларимиз устдан ғолиб бўлсак! Зеро Аллоҳ таъоло Қуръони Каримда қуйидагича марҳамат қилади:
«Аниқки, то бирон қавм ўзларини ўзгартирмагунларича, Аллоҳ уларнинг аҳволини ўзгартирмас».
Устоз Саййид Қутб мўғуллар босқини билан Яъжуж ва Маъжужлар чиқишини ниҳоясига етган деб фикр билдирган. Яъни Қиёматнинг улкан аломатларидан бўлган Яъжуж ва Маъжужларнинг чиқиши ҳижрий еттинчи асрда воқеда кўринди.
«То Яъжуж ва Маъжуж (тўғони) очилиб, улар ҳар бир тепаликдан оқиб келадиган ва ҳақ ваъда (яъни Қиёмат) яқин бўладиган вақтгача улар қайтмайдилар».
Саййид Қутб «Фи Зилал-ил-Қуръон»да ёзади: Юқоридаги ояти карима Яъжуж ва Маъжужларнинг қайси замонда чиқишини аниқ белгилаб бераётгани йўқ. «Ҳақ ваъда яқинлашди» демакким, Қиёмат яқинлашди. Бу эса ҳали Пайғамбар алайҳис-салом ҳаёт бўлган вақтдаёқ айтилган эди:
«(Қиёмат) соати яқинлашиб қолди ва ой ҳам бўлинди».
Зеро, илоҳий ҳисобдаги замон башар саноғидаги замондан фарқлидир.
Демак, «(Қиёмат) соати яқинлашиб қолди»дан бошлаб то бугунги кунимизгача, яъни мана шу вақт оралиғида, Яъжуж ва Маъжужлар тўғони очилди дейиш мумкин.
Унда мўғул-татарларнинг шарққа қилган босқини ўша Яъжуж ва Маъжужларнинг (сўнгги) чиқиши бўлади.
(Саййид Қутб Зайнаб онамиз ривоятини келтириб ўтади).
Расулуллоҳ (с.а.в) бундан ўн уч ярим аср муқаддам Зулқарнайн қурган тўғондан кичик тешик очилганини айтгандилар. Мўғул-татарлар босқини ҳам ундан кейин бўлди. Мўғул-татарлар Халакўхон бошчилигида Аббосийларнинг сўнгги вакили Мўътасим халифалиги даврида араб шаҳарларининг кулини кўкка совурди. Расулуллоҳ (с.а.в)нинг Яъжуж ва Маъжужлар ҳақидаги сўзлари воқеда мана шундай гавдаланди. Биз фақат ўзимизча шу тўғри деб айтаяпмиз холос. Кескин ҳукм қилаётганимиз йўқ. Зеро, унинг ҳақиқати ёлғиз Аллоҳгагина аён!».
Устоз Саййид Қутб ўз сўзига нақадар чиройли хотима ясабди: «Биз фақат ўзимизча шу тўғри деб айтаяпмиз холос. Кескин ҳукм қилаётганимиз йўқ. Зеро, унинг ҳақиқати ёлғиз Аллоҳгагина аён!».
Ҳеч шак-шубҳа йўқки, Қуръони Каримда Қиёматнинг улкан аломатларидан саналган, Расулуллоҳ (с.а.в) ҳадисларида ривоят қилинган Яъжуж ва Маъжужларнинг чиқиши ҳали воқеъда кузатилмади. Чунки бу «улкан чиқиш»нинг энг ёрқин аломати унинг Ийсо алайҳис-салом самодан тушган вақтда бўлишидир. Аллоҳ таъоло уларни Ийсо ва унинг асҳоблари дуоси баракоти билан ҳалок этади. Яъжуж ва Маъжужлар устига қуртлар юборилади ва улар ҳудди бир кишининг ўлимидек, боббаравар жон берадилар.
Бу ҳақда саҳиҳ ҳадисларда ривоят қилинган.
Шунинг учун ҳам мўғуллар ғазоти Яъжуж ва Маъжужларнинг ўша даҳшатли, сўнгги чиқиши дейилмайди. У фақат жузъий бир чиқишлик эди, холос. Расулуллоҳ (с.а.в)нинг қуйидаги сўзларини эслайлик:
«Яқинлашиб қолган ёмонликдан арабларга вайл бўлсин!»
Маъсиятлар кўпайиб кетгач, Аллоҳ таъолонинг балоси келади.
-Ё Расуллулоҳ! Орамизда солиҳ инсонлар бўлса ҳам, ҳаммамиз ҳалок бўламизми?
-Ҳа,- дедилар пайғамбар (с.а.в),- агар ифлосликлар кўпайиб кетса».

Орқага Олдинга