«(Эй Муҳаммад), сиздан соат (яъни Қиёмат) қачон воқе бўлади деб сўрайдилар. Айтинг: «Унинг билими фақатгина Парвардигор даргоҳидадир. Вақти-соати келганида ҳам фақат ўзи ошкор қилур. У (яъни Қиёмат) самоват ва ер учун жуда оғир (даҳшатли) бир ишдир. У сизларга фақат тўсатдан-кутилмаганда келур». Гўё сиз у ҳақда яхши биладигандек сўрайдилар. Айтинг: «Унинг билими фақатгина Аллоҳ даргоҳидадир. Лекин жуда кўп одамлар уни билмайдилар».
Лекин Қиёмат яқинлашганини тахминан билиш мумкин ва бу иш шариатда ҳам қайтарилмаган.
Билъакс, Қиёматнинг катта ва кичик шартлари саҳиҳ ҳадисларда баён этилган. Биз уларга қараб кўп нарсани билишимиз мумкин. Бутун оламлар Парвардигори Аллоҳ таъолога ҳамдлар бўлсин.
Шу боис воқеий ҳодисаларга, зоҳир бўлган аломатларга асосланишнинг Қиёмат яқинлиги хусусида бахс юритар эканмиз, бу билан бефойда ёки имконсиз нарсага қўл урган ҳисобланмаймиз. Аллоҳ ҳақ йўлдан адаштирмасин!
Ибн Ҳажар айтади: «Расулуллоҳ (с.а.в) «Пайғамбар қилиб юборилганимда Қиёмат ва мен мана бу (икки бармоғим) дек эди» деганлар. Қуръони Каримда эса қуйидаги мазмунда оят нозил қилинган: «Дарҳақиқат, ёлғиз Аллоҳнинг ҳузуридагина (Қиёмат) соати (қачон бўлиши тўғрисидаги) билим бордир».
Ҳадис ва оят маънолари бир-бирига зид эмас. Чунки Қиёматнинг яқинлигини билиш бу унинг айнан қачон бўлишини айтиш ҳисобланмайди».
Биз ҳам мана шу йўлдан борамиз. Қиёматнинг яқин қолганлиги ҳақида баҳс юритар эканмиз, унинг муайян вақтини белгилашни барча ғоибларни Билгувчи Зотга ҳавола қиламиз.
Ўтган бобда Қиёмат қоимнинг яқинлигига далолат қилувчи бир қанча ҳадислар айтилди. Биз уларни такрорлаб вақтни чўзиб ўтирмасдан, фақат баъзи бирларинигина эслаб ўтамиз.
«Ҳадис» Муставрид ибн Шаддоддан: Расулуллоҳ (с.а.в) дедилар: «Мен Қиёмат соати нафасида юборилдим. Манави (бармоғим) бунисидан ўзганидек ундан ўздим.
Расулуллоҳ (с.а.в) кўрсаткич ва ўрта бармоқларига ишора қилдилар».
Ибн Ҳажар «нафас» калимасини яқинлик маъносида шарҳлаган.
Ибн Асир «Ниҳоя»да ёзади: «Расулуллоҳ (с.а.в) «Мен (Қиёмат) соати нафасида юборилдим»,- дедилар. Яъни, мен Қиёмат қойим вақти етилиб қолган пайтда юборилдим. Фақат Аллоҳ таъоло уни бироз кейинга сурди ва мени мана шу нафасда юборди. Бу ерда «нафас» яқинлик маъносида қўлланган.
Баъзилар айтади. Аллоҳ таъоло Қиёматга ҳам худди инсон нафаси каби нафас ато этган. Расулуллоҳ (с.а.в) айтмоқчиларки, «Мен Қиёматга яқин бир пайтда юборилдим. Худди яқинда турган кишининг нафаси сезилганидек, унинг нафасини ҳис қилдим». Яъни «Мен Қиёмат шартлари ва аломатлари кўринган бир вақтда юборилдим».
«Ҳадис» 106. Анас ибн Молик (р.а)дан: Расулуллоҳ (с.а.в) дедилар: «(Пайғамбар қилиб) юборилганимда, мен ва Қиёмат мана бу иккисидек эдик. Худди улардан бирининг иккинчисидан ортиқлигидек.
Расулуллоҳ (с.а.в) кўрсаткич ва ўрта бармоқларини жуфтлаштирдилар».
Яъни ўрта бармоқнинг кўрсаткич бармоқдан қанчалик узунлигига қараб яна қанча муддат ҳаёт давом этишини ўйланг.
Одам алайҳис-саломдан то Қиёматга қадар яшаш ўрта бармоқчалик бўлса, бу ҳаётнинг кўрсаткич бармоқчалик қисми тугади. Энди ўрта бармоқнинг кўрсаткич бармоқдан узунлиги миқдорида ҳаёт қолди холос.
Қози Иёз ва бошқалар айтади: «Расулуллоҳ (с.а.в) ўзлари билан Қиёмат ўртасидаги муддатнинг камлигига нисбатан айтилган лафзларнинг ҳар хиллигига ишора қилганлар».
Қуртубий «Муфҳим»да ёзади: «Ҳадиси шарифдан Қиёмат қойимнинг яқинлашгани ва тезда келиши хулоса қилинади».
Тазкира»да ёзади:
«Бу гапдан «Қиёмат айнан фалон куни бўлади» деган маъно келиб чиқмайди. Фақат жумла сиёқи Унинг яқин қолганига далолат қилаяпти, холос. Чунки Қиёмат шартлари кетма-кет бўлади. Қуръонда ҳам «Дарҳақиқат, унинг шартлари келди», дейилган».
Имом Табарий бир асарида Ибн Аббоснинг қуйидаги сўзини келтирган: «Дунё охират жумъаларидан бир жумъадир. У етти минг йил».
Мазкур ривоят санадида Яҳё ибн Яъқуб ва Ҳаммод ибн Абу Сулаймонлар ҳам бор. Уларни баъзилар танқид қилган. Лекин Абу Ҳотам Яҳё ҳақида «Унинг маҳалли сидқдур» деган. Ҳаммод эса Кўфанинг фақиҳи бўлган. Уни Ибн Маъин ва бошқалар ишончли киши деб таъкидлашган. Демак, Ибн Аббосдан ривоят қилинган бу мавқуф ҳадис санади саҳиҳ экан. Мазкур ривоятни Табарий Каъб ибн Аҳрор ва Ваҳб ибн Муноббаҳлардан нақл қилинган қуйидаги ривоятлардан устун қўйган. Ваҳб ва Каъбдан нақл қилинган ривоят:
«Дунё 6000 йилдир. Унинг 5600 йили ўтди».
Ибн Жарир «Саҳиҳайн»да келтирилган Ибн Умар (р.а)нинг ҳадисини нақл қилади:
Расулуллоҳ (с.а.в) дедилар: «Сизларнинг ажал (муҳлат)ингиз сизлардан илгари ўтганлар ажали олдида аср номозидан кун ботгунигача (бўлган муддатчадир)».
Ибн Ҳажар ёзади: «Ибн Умарнинг ушбу ҳадиси муттафақ алайҳ саҳиҳ ҳадисдир. Унга эътимод қилинади. ҳадисни икки ҳил тушуниш мумкин.
Биринчи: ҳадисдаги миқдор-муддат зоҳирига кўра тушунилмайди. фақат Қиёматнинг яқин қолганлиги ташбеҳ орқали айталаяпти холос.
Иккинчи: ҳадис зоҳирига кўра олинади. Демак, мана шу умматнинг ерда яшаш муддати тақрибан куннинг 5дан бир қисмига тенг экан (Яъни ҳаётнинг 5 дан 4 қисми ўтиб бўлган)».
Олимлар ушбу масалада турлича фикр юритганлар. Лекин буларнинг барчаси тахмин холос. Қиёматнинг айнан қай соатда бўлиши ёлғиз Аллоҳгагина аён.
Шуниси аниқки, Қиёмат жуда яқин қолган. Ҳақ даъватчиси нидосига жавоб қайтарувчи бирон жон йўқ. Ваҳолангки, Қиёматнинг барча кичик шартлари бўлиб ўтди.
«Одамларга ҳисоб-китоблари (яъни Қиёмат қойим бўлиши) яқинлашиб қолди. Улар эса ғафлатда, (иймон келтириб, яхши амаллар қилишдан) юз ўгиргувчилардир».
Дунё ҳаётининг бешдан тўрт қисми ўтиб бўлди.
Дунё умри дейилганида, албатта башарият умри тушунилади.
Дунё умри, яъни башарият ҳаёти (мана шу ер устидаги албатта) етти минг йилдан ошмайди.
Лекин баъзилар бунга қўшилмайдилар. Улар қадимги ғорлардан топилган инсон суяклари ва бош чаноқлари бундан қирқ минг йил муқаддам яшаган аждодларга тегишли дейишади. Ҳатто ерда инсон ҳаёти бошланганлигига миллион йил бўлган деб ўйловчилар ҳам бор.
Уларга бериладиган энг осон жавоб: Инсон тарихини ўрганувчи ўша олимларнинг ўзлари ҳам ғорлардан топилган суяклар инсонга тегишлими ёки номаълум жонзот қолдиқларими, аниқ билмайдилар. Улар айтаётган фаразларнинг тўғрилигига ким кафолат беради?!
Файласуф ва тарихчи Вул Дюрант ёзади: «Француз археологлари мана шу иқлимда (яъни Ироқ ва Эронда) йигирма минг йил муқаддам ўтган одамлар қолдиғи-суякларини топдилар. Шунингдек, милоддан илгари 4500-йилда юксак маданият бўлганига далолат қилувчи топилмалар ҳам мавжуд».
Вул Дюрант ўз фикрини давом эттириб, инсоният тарихи, унинг қачондан бошлаб темирдан фойдалангани, умуман ижтимоий-маданий ҳаёти ҳақида баҳс юритади.
Ҳақиқатни ёлғиз гумону таҳминларга таяниб топмоқчи бўлаётган кимсаларнинг нодонлигини бир томоша қилинг! Пайғамбарларни тасдиқлаш ва иймон неъматидан махрум олимларнинг ҳолини кўринг.
Алҳамду лиллаҳ-ки мусулмонман ва бир мусулмон сифатида Одам алайҳис-саломнинг Вал Дюрант каби файласуф олимлардан маданияту маърифат борасида қанчалар юксакда эканига эътиқод қиламан. Зеро, Аллоҳ таъоло унга ҳаёт учун зарурий бўлган барча билимларни ўргатган эди:
«Ва У зот Одамга барча нарсаларнинг исмини ўргатди».
Ҳақ дин таълимотини олмаган баъзи кимсалар Одам ва унинг зурриёдини (аввало уларга ишонсалар, албатта) ҳеч нарсага ақли етмайдиган нодон, гапира олмайдиган соқов, Парвардигорларини танимайдиган кофиру жоҳил қилиб тасвирлайдилар.
Улар билган дин тарихи ҳам, инсон тарихи ҳам мана шундай дейди. Бундай «олимлар» фикрига кўра инсон сўзлашишни кейинчалик қуш ва ҳайвонларга қараб ўрганган. Илк аждодлар, уларнинг фикрича, то олов тасодифан кашф этилмагунига қадар гўштни хомлигича еганлар, табиат ёмонлигидан сақланмоқ илинжида турли нарсаларга сиғинганлар.
Сўнг ҳаёт кечириш даражалари секин-секин ривожланиб борган ва таҳминан бундан 6000 йиллар муқаддам тасодифан тамир-маъданлар кашф қилинган.
То ўшангача, яъни кам деганда 40000 йил, агар миллион йил дейишмаса, одамлар жаҳолатда, зулматда ҳаёт кечирганлар. Тош қуроллари ёрдамида кун кўриб, ғорларда яшашган.
Бу иймон неъматидан бенасиб қолган кимсалар тахмини, улар қурган фаразлар. Лекин Аллоҳга ва охират кунига ишонган мўминлар бошқача эътиқод қиладилар. Улар Одам алайҳис-саломнинг Набий эканлигига, Аллоҳ таъолонинг унга барча нарсалар исмини ўргатганига ва ҳаёт учун зарурий билимларни билдирганидан сўнггина отамизни ерга тушурганига ишонадилар (Одам алайҳис-салом фарзандлари ҳам ҳеч нарсани билмайдиган жоҳил, нодон, кофир бўлишмаган).
Ҳеч ким Қиёматнинг аниқ қайси соатда бўлишини айтиб бера олмайди. Инсонлар ҳисоб-китобида эса хато бўлиши шубҳасиздир.
«(Эй Муҳаммад), сиздан соат (яъни Қиёмат) қачон воқе бўлади деб сўрайдилар. Айтинг: «Унинг билими фақатгина Парвардигор даргоҳидадир. Вақти-соати келганида ҳам фақат ўзи ошкор қилур. У (яъни Қиёмат) самоват ва ер учун жуда оғир (даҳшатли) бир ишдир. У сизларга фақат тўсатдан-кутилмаганда келур». Гўё сиз у ҳақда яхши биладигандек сўрайдилар. Айтинг: «Унинг билими фақатгина Аллоҳ даргоҳидадир. Лекин жуда кўп одамлар уни билмайдилар».
Расулуллоҳ (с.а.в) Қиёматнинг жуда яқин қолганлиги, фаришта фақат сурга нафха уришга буйруқ кутаётгани ҳақида гапирганларида саҳобаи киромларга бу бироз оғир келди. Улар:
-Ё Расулуллоҳ (с.а.в)! Биз нима қиламиз (Ёки нима деймиз)?- деб сўрадилар. Пайғамбар алайҳис-салом айтдилар:
-Сизлар «Аллоҳ бизга кифоядир ва у нақадар яхши вакил – кифоя қилгувчи. Биз Аллоҳга таваккул қилдик!»- денглар».
Бизни ҳақ йўлга ҳидоят қилиб қўйган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!
Агар Аллоҳ ҳидоят этмаганида, биз ҳеч қачон буни билмаган бўлардик. Дарҳақиқат Парвардигоримиз элчилари фақат ҳақни олиб келдилар