loader

Сафия бинт Ҳуяй

Сафия бинт Ҳуяй ибн Ахтаб (р.а.). Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг аёлларидан бири, «мўминларнинг онаси» деган рутба соҳибаси.
Сафия (р.а.) милодий 605 йили яҳудий оилада туғилган.
Отаси Ҳуяй ибн Ахтаб Хайбар яҳудийларининг бошлиғи бўлиб, насаби Ҳорун (а.с.)га бориб тақалар эди.
Онаси Барра бинт Самуал, Бану Назир яҳудийларининг обрўли оилаларидан бўлиб, Хайбар деган жойда яшар эдилар.
Сафия бинт Ҳуяй вояга етгаи, аввал Салом ибн Мишкам Қуразийга, ундан ажрашгандан сўнг Кинона ибн Робиъга турмушга чиққан эди.
Хайбар яҳудийлар томонидан Мадинага доимий таҳдид солиб турадиган ҳарбий истеҳкомга айлантирилган эди. Мадинадан хиёнатлари туфайли сургунга учраган Бану Назир яҳудийлари Хайбарга жойлашиб, атрофдаги қабилалар, хусусан, Ғатафон қабиласи билан бирлашиб, Мадинага ҳужум қилиб, мусулмонларни йўқ қилиб ташлашга ҳозирланаётганидан хабар топган Расулуллоҳ ҳижрий еттинчи санада Хайбарни фатҳ қилишга қарор қилдилар. Хандақ жангида ҳам яҳудийлар ўзларининг асл қиёфаларини намоён этиб, мунофиқлар билан тил бириктириб, нифоқ ва хиёнат йўлини тутган эди.
Хайбарга 1400 саҳобий ва 20 та саҳобия аёл чикди. Мусулмонлар Хайбар қўрғонларини бир неча кун давом этган кучли қамал ва шиддатли урушлардан кейин бирин-кетин фатҳ этдилар.
Сафия (р.а.)нинг эри, отаси ва бошқа қариндошлари Хайбар урушида ҳалок бўлиб, ўзи эса бошқалар билан асир тушган эди. Асирлар тўплангандан сўнг саҳобийлардан бири Диҳятул Калбий (р.а.) Расулуллоҳдан улар ичидан бир жория беришларини сўради. Расулуллоҳ ўзи танлаб олишига изн берганларида эса у Сафия бинт Ҳуяйни танлади. Шунда саҳобийлардан бири келиб: «Расулуллоҳ, Диҳяга Қурайза ва Бану Назирнинг саййидаси Сафия бинт Ҳуяйни бердингиз. У сиздан бошқасига лойиқ эмас», деди.
Расулуллоҳ душман қавм бошлиғининг қизи асирга тушганини билгач, Диҳятул Калбий (р.а.)га пул бериб, Сафия бинт Ҳуяйни сотиб олдилар ва ўрнига бошқа жория олишни тавсия қилдилар.
Расулуллоҳ Сафияга: «Сен ўзинг танла. Агар исломни ихтиёр қилсанг, сени ўзим учун олиб қоламан. Агар яуудий-ларни танласанг, озод қиламан, бориб қавмингга кўшилиб оласан», дедилар. Расулуллоҳнинг таклифларига жавобан Сафия бинт Ҳуяй (р.а.): «Эй Аллоҳнинг Расули, сиз мени даъват қилишингиздан олдин исломни ёқтирганман ва сизни тасдиқ қилганман. Яҳудийларда менинг ҳожатим ҳам, отам ҳам, акам ҳам йўқ. Сиз менга куфр ва исломдан бирини танлаш ихтиёрини бердингиз. Аллоҳ ва унинг Расули мен учун озодлик ва қавмимга қайтишдан кўра маҳбуброкдир», деди.
Шундан сўнг Расулуллоҳ Сафияни никоҳларига олиб, унинг озод қилинишини маҳр сифатида белгиладилар. Шундан бошлаб чўрини озод қилиш маҳр ўрнига ўтиши шариат ҳукми бўлиб қолди.
Баъзи манбаларда Сафия (р.а.) ҳали мусулмон бўлмасдан олдин тушида осмонга чиққан ой қўйнига кирганини кўргани ривоят қилинади. Сафия тушини эрига (баъзи ривоятларда онасига) айтганида унинг юзига бир шапалоқ тушириб, кўзини кўкартиради ва «Сен янги чиққан Пайғамбардан умидвормисан ҳали», деб койиб беради.
Сафия бинт Ҳуяй (р.а.)нинг насаби Ҳорун (алайҳис-салом)га бориб туташгани, ақлли, фаросатли ва фазилатли бўлгани сабабли Пайғамбаримиз унга ҳурмат-эҳтиром кўрсатар эдилар.
Сафия бинт Ҳуяй (р.а.) юмшоқ кўнгилли, қўли очиқ, сахий, меҳрибон, эътиқоди мустаҳкам ва илмга ташна аёл эди. Ҳаттоки очиқ кўнгиллигидан ўзи ҳақида чақимчилик қилган жорияни озод қилиб юборган. Шунингдек, Усмон (р.а.) фитначилар қамалида сувсиз ва нонсиз қолганларида, Сафия бинт Ҳуяй (р.а.) қўрқмай чиқиб, Усмон (р.а.)га ёрдам берган.
У Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)дан 10 та ҳадис ривоят қилган.
Сафия бинт Ҳуяй (р.а.) 50/670 йили 65 ёшида Мадинада вафот этди. Бақиъ қабристонига дафн этилган.

"101 улуғ саҳобий" китобидан

Орқага Олдинга