loader

Қуръон ўқиш фазилатлари

Аллоҳ таоло айтади: “Албатта, Аллоҳнинг Китобини тиловат қиладиган, намозни тўкис адо этадиган, Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан махфий ва ошкора инфоқ-эҳсон қиладиган зотлар ҳаргиз касод бўлмайдиган олди-сотдидан умидвордирлар. Зеро, (Аллоҳ) уларнинг ажрларини тўлиқ қилиб беради, ўз фазлу карамидан уларга яна зиёда (мукофотлар) ҳам беради. Албатта, У мағфиратли, ўта шукр қилувчидир (яъни, озгина яхши амал учун ҳам кўп мукофот беради)” (Фотир сураси, 29-30-оятлар).
Қуръон тиловат қилган, намоз ўқиган саховатпеша инсонлар ҳечам касодга учрамайдиган тижоратдан умид қилсалар бўлади. Зеро, солиҳ амаллар савоби боқий қолади. Дунё матоҳлари эса ўткинчидир.
Ақлли мўмин банда охират диёрига харидор бўлади. Чунки қиёмат куни тижорати орқасидан мўмай даромад олишига сўзсиз ишонади. Қалбидаги мана шу мустаҳкам имон уни эзгу ишларга ундайди.
Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “(Эй Муҳаммад,) шундай қилиб, (худди аввалги пайғамбарларга ваҳий қилганимиздек,) Ўз амримиз билан Сизга Руҳни ваҳий қилдик. Сиз илгари на Китобни, на имонни билардингиз. Лекин Биз (Қуръонни) бир нур қилдикки, у билан бандаларимиздан Ўзимиз хоҳлаган кишиларни ҳидоят қиламиз. Албатта Сиз тўғри йўлга бошлайсиз” (Шўро сураси, 52-оят).
Ибн Аббос розияллоҳу анҳуга кўра, оятдаги “Руҳ”дан мурод – Қуръони карим .
Бу ерда Қуръоннинг Руҳ, дейилиши бежиз эмас. Чунки инсон танаси руҳ билан, қалби эса Қуръон билан тирик. Мўмин кишининг дили Қуръон ўқиш, Қуръон ёдлаш, кўрсатмаларига амал қилиш билан ҳаёт булоғидан сув ичади.
Қуръон ўқиш фазилати ҳақида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан жуда кўп ҳадислар ривоят қилинган. Жумладан, Оиша розияллоҳу анҳо онамиздан ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилган: “Қуръонни моҳирона тиловат қиладиган қори элчи, ёзувчи, ўта яхши фаришталар билан (бир мақомда)дир. Қуръон ўқиганда тили тутиладиган қорига икки ҳисса кўп савоб (берилади )”.
Ҳадиси шариф мазмунига кўра, Аллоҳнинг топшириқларини етказувчи, банданинг ҳар бир ишини номаи аъмолига ёзиб борадиган итоатгўй фаришталар қандай улуғ мавқега эга бўлса, Қуръонни бурро-бурро ўқийдиган қорилар ҳам худди шундай мартабага эришади.
“Қуръон ўқиганда тили тутиладиган қорига икки ҳисса кўп савоб (берилади)”.
Қуръонни қийналиб ўқийдиган қори икки баравар савобга эга бўлади: Қуръон ўқигани ҳамда машаққат чеккани учун ажр олади.
Беш қўл баравар эмас. Одамларнинг ташқи кўриниши, хулқ-атвори ҳар хил бўлганидек, қобилияти, зеҳни, ақл-идроки ҳам турличадир. Кимдир Қуръонни дона-дона қилиб ўқийди. Яна кимдир Қуръон ўқишга бироз қийналади, айрим ҳарфлар талаффузига тили келишмайди ёки ҳижжалаб ўқийди. Юқоридаги ҳадисда ана шундай инсонларга далда берилмоқда, кўнгиллари кўтарилмоқда. Зеро, уларнинг Қуръон ўқиш йўлида чеккан машаққатлари бесамар кетмайди. Ҳатто моҳир қоридан ҳам кўпроқ савоб олишлари мумкин. Ҳаммаси ихлосга боғлиқ. “Қуръон ўқийман”, деб ҳаракат қилган бандани Аллоҳ беҳисоб ажр-мукофотлар билан сийлайди.
Абу Масъуд Ансорий розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Аллоҳ таолонинг Китобини яхшироқ ўқийдиган қори қавмга имомлик қилади. Агар улар қироатда тенг бўлсалар, у ҳолда суннатни яхшироқ билувчи  (имомликка ўтади...)”
Қуръон ўқувчининг мавқеи қанчалик юқори эканини шундан ҳам билса бўлади. Банда Қуръонни чиройли, бехато ўқигани учун дунёда қавмга имом бўлади, охиратда ҳам юқори мартабаларга эришади, жаннат аҳли пешқадамига айланади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай марҳамат қилганлар: “Қуръон бойликдир. Ундан кейин фақирлик йўқ, Ундан ўзга бойлик йўқ ”.
Қуръон ўқиган мўминнинг қалби бойийди, илми зиёда бўлади, маънавияти юксалади, фикр доираси кенгаяди.
Бойлик деганда, мусулмон одам фақат дабдабали ҳаётни, ҳисобсиз мол-дунёни кўз олдига келтирмайди. Зеро, Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Ҳақиқий бойлик нафс тўқлигидир”, деганлар. Мана шу ҳадисдан келиб чиқиб айтиш мумкин, Қуръон ўқиган одамнинг кўзи тўқ бўлади. Қуръон ўқиган инсон дунёнинг ўткинчи матоҳлари ортидан ҳаллослаб югурмайди, турмуш ташвишлари деб ўзини ўтга-чўққа урмайди, хотиржам яшайди, қаноатли бўлади: борига шукр, йўғига сабр қилади. Ана ҳақиқий бойлик, ҳузур-ҳаловат қаерда!
Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Ким Қуръон ўқиса, нубувватга (яъни, пайғамбарлик даражасига) поғонама-поғона кўтарилиб борибди. Фақат унга ваҳий қилинмайди холос. Қуръон соҳиби қалбида Аллоҳнинг Каломи бўла туриб ғазабланган киши билан талашиб-тортишиши, нодон кимсага қўшилиб жоҳиллик қилиши тўғри эмас ”.
Қуръон маъноларини дилига сингдирган мўмин киши секин-аста юксак мартабага кўтарилади. У энг гўзал одобларни Қуръондан ўрганади. Шундай экан, Қуръон ўқувчи инсон оғир-вазмин бўлиши керак. Мабодо бир жоҳил одам жанжал чиқарса, мўмин киши унга бас келаман, демасин. Зеро, қалбига Аллоҳнинг Каломи жо бўлган қори биров билан сан-манга бориши маъқул эмас.
Машҳур саҳоба Абу Зар Ғифорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Бир куни: “Ё Расулуллоҳ, менга насиҳат қилинг?” дедим. У зот: “Аллоҳга тақво қил! Чунки барча ишларнинг боши тақводир”, дедилар. “Ё Расулуллоҳ, яна насиҳат қилинг”, деб сўрадим. Шунда у зот: “Қуръон тиловат қил. Зеро, бу сен учун ерда нур, осмонда захира бўлади ”, деб марҳамат қилдилар ”.
Кунларнинг бирида Абу Зар розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ алайҳиссалом насиҳат қилишларини сўради. Пайғамбаримиз унга тақвони маҳкам ушлашни тайинладилар. Абу Зар Ғифорий Пайғамбаримиздан яна насиҳат сўраганди, у зот Қуръон ўқишни тавсия этдилар. Чунки Қуръон банда йўлини ёритади, қалбини чароғон этади. Қуръон қоронғи қабрда банда учун нур бўлади, гўрини нурга тўлдиради. Охиратда ҳаммаёқни зулмат қоплаган паллада Қуръон ҳақиқий мўмин банда учун нур бағишлайди, унинг фойдасига ҳужжат бўлади.
Биз “захира” деганда, керак бўлганда фойдаланиш учун бир жойга тўплаб қўйилган нарсани тушунамиз. Умид қиламиз, бу дунёда Қуръон тиловати учун олган тоғдек улкан савобларимиз охиратда бизга асқотади, иншааллоҳ!
Бир куни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Эй, савдогарлар жамоаси! Бозордан қайтиб келганда, ўнта оят ўқишга қодирмасмисизлар? (Агар шундай қилсангиз,) Аллоҳ ҳар бир оят учун битта ҳасана ёзади”, деб тужжорлар жамоасига мурожаат қилдилар .
Арабча “ҳасана” сўзи “эзгулик”, “ажр-савоб”, “садақа” маъноларини англатади.
Маълумки, тижоратчилар кўпинча мол олди-бердиси, кирим-чиқимларни ҳисоблаш билан банд бўлади. Бироқ қалбида имони бор инсон тижоратчими, деҳқонми, косибми, ким бўлишидан қатъи назар, кундалик юмушларидан бўшаб, қўлига Қуръон олиб, ақалли бир-икки бет бўлса ҳам ўқийди. Мўмин киши тирикчилик деб Қуръон ўқишни ташлаб қўймайди. Дилидаги мустаҳкам имон Аллоҳнинг Каломини ўқишга ундайди.
Мўминлар амири Ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу: “Мен бирон кунни Аллоҳнинг Каломига назар солмай ўтказишдан уяламан”, деган. Бутун бошли давлат раҳбари айтяпти бу гапни. Биз-чи! Бизнинг бўш вақтимиз етарли. Баҳона излашдан фойда йўқ. Ҳаммаси ихлосга, бўш вақтдан унумли фойдаланишга боғлиқ. Ҳаракат қилган одам бир иложини топади. “Китоб ўқишга вақтим йўқ”, деб баҳона қидирган киши эса файз-баракадан, ажр-савобдан қуруқ қолади.
Қуръон муфассири Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтади: “Ким Қуръон ўқиса, (кўп нарсани) билганидан кейин ҳеч нарсани билмай қолиши учун энг тубан умрга қайтарилмайди. Бу Аллоҳ азза ва жалланинг қуйидаги оятида айтилган: “Сўнг уни асфаласофилинга қайтардик. Фақат имон келтирган...” яъни, Қуръон ўқиганларгина  (бундан саломат бўладилар)”.
Маълумки, ёш ўтганидан кейин одамнинг кўзи хиралашади, қулоғи яхши эшитмайди, бўғимлари заифлашади, белидан қувват кетади, хотираси сусаяди. Бироқ Қуръон ўқиганлар кексайган чоғларида ҳам эс-ҳушларини, куч-қувватларини йўқотишмас экан. Қизиқ, бунинг сабаби нимада?
Илмий тажрибаларда аниқланишича, Қуръон ўқиш, эшитиш мия фаолиятига ижобий таъсир кўрсатади, кексаликда юз берадиган паришонхотирлик, хотира сусайиши каби нохуш ҳолатлардан сақлайди.
Кўп касалликлар шайтоннинг зарари оқибатида юзага келади. Чунки шайтон ёмонлик ўчоғидир. Тутқаноқ, сеҳрланиш, фалаж, баданга оқ тушиши, яра тошиши каби касалликлар тиббиёт тилида “Бактерия, микроб ёки вируслар таъсирида келиб чиқади”, дейилса ҳам, аслида уларни инсон жисмига шайтон олиб киради. Маълумки, Қуръон шайтони лаин зарарини даф этади .
Умр бўйи Қуръонга ошно бўлган қори боболар ҳаётига ибрат назари билан қарасак, бу гап қанчалик тўғрилигига амин бўламиз. Юз ёшни қоралай деб қолганларига қарамай, таналари бақувват, хотиралари яхши, кўзлари равшанлигини кўрамиз. Зеро Аллоҳ Қуръон ҳақларини адо этган бандасини соғлом тана, кучли хотира неъмати билан сийлайди. Қуръон ўқийдиган инсон икки дунёда ҳурмат-эҳтиромга сазовор бўлади.

 

 

 

Орқага Олдинга