Инсон қалби гоҳ у тарафга, гоҳ бу тарафга ўзгариб туради: савобли иш қилганида, қалби яйрайди, дили чексиз қувончга тўлади. Гуноҳ-маъсият кирлари эса дил ойнасини хиралаштиради. Оқибатда қалб қораяди, кўнгли хижил бўлади.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Темирга сув тегса занглайди. Худди шунга ўхшаб қалбларни ҳам занг босади”, дедилар. Шунда: “Ё Расулуллоҳ, унинг жилоси нима?” деб сўралди. У зот: “Ўлимни кўп эслаш, Қуръон ўқиш”, дея марҳамат қилдилар ”.
Қалб худди темир каби занглайди. Темирга сув тегса, сиртини занг босади. Гуноҳлар йиғилиб-йиғилиб қалбни занглатади, дилни қорайтиради, кўнгилни ғаш қилади. Қалб қорайиши оқибатида инсон шуури ўтмаслашади, меҳр-оқибат туйғуси киши билмас тарзда кўтарилиб боради.
Мазкур ҳадисда айтилишича, ўлимни эслаган, Қуръон ўқиган одамнинг қалби занглардан тозаланади. Қандай қилиб, дейсизми? Гап шундаки, ўлимни эслаган кишининг ўткинчи дунёга хоҳиши сўнади. Ўлимни эслаган, охиратни ўйлаган инсон гуноҳлардан тийилади, нафаси кириб-чиқиб турганида Парвардигорига тезроқ тавба қилишга шошилади, ўзини ислоҳ қилади. Инсон ўлимни эслаганда лаззатлар парчаланади, ҳакалаб отиб турган нафс хоҳишлари сал бўлсаям жиловланади. Бир кунмас-бир кун дунёни тарк этишини билган киши оқибатли бўлади, бир иш қилишдан олдин охирини ўйлайди, мулоҳаза юритади.
Одам ўлимни эсдан чиқариб, дунёга кўнгил қўйгани учун қинғир йўлларга кириб кетади. Чунки ўлимни унутган кимса, “Бу дунёда абадий қоламан”, деб ўйлайди. Аслида ундай эмас. Ҳар бир тирик жон бошида ўлим қисмати бор. Бундан қочиб қутулиб бўлмайди. Ақлли инсон умр дафтари ёпилмасидан олдин ўлимга тайёргарлик кўради, охират озуқасини шай қилиб, фоний дунёдан охиратга хотиржам риҳлат қилади.
Бир нарсани унутмайлик: ўлимни эслаган билан одам ўлиб қолмайди. Ғафлат босиб, ўлимни эсдан чиқаришдан ёмони йўқ. Ўлимни эслаган одам камтарин, дийдаси юмшоқ, меҳрли бўлади. Баъзилар худди ўлмайдигандек, дунёга устун бўладигандек қадам босади, кибр билан унча-мунчасини назар-писанд қилмайди, одамларни оёқ учида кўрсатади. Беш кунлик бу дунёда мансаб-мартабага, бойликка ишониб, азиз инсонлар дилини оғритади, ўзгаларга паст назар билан қарайди.
Доно халқимиз “Тўқ бўлсанг, мозорга бор, оч бўлсанг, бозорга бор”, деб бежизга айтмаган. Қабристонни зиёрат қилсак, дўппайиб турган гўрлар ичида не-не инсонлар: шоҳу гадолар, фақиру бойваччалар ётганини кўриб, кўзимизнинг ёғи эрийди, шикаста қалб бўлиб қоламиз. Аслида ҳар бир инсон ҳафтада ёки ўн беш кунда бир мозорларни зиёрат қилиб турса, дийдаси юмшайди, қалби мумдек эрийди.
Юқоридаги ҳадисда айтилишича, Қуръон тиловати қалбдаги зангларни кетказади. Ҳақиқатан, Қуръон ўқиш билан қалб яйрайди, кўнгил таскин топади. Мўмин банда қироатдан бир дунё маънавий озуқа олади. Шу йўсин қалбни қоплаган занг қурумлари аста-секин тозаланиб боради. Бежизга “Қуръон қалбга малҳам, дилни тозалайдиган илоҳий даво”, дейилмаган.
Маълумки, темирга доим ишлов бериб турилмаса, кўп ўтмай занглайди. Худди шунга ўхшаб, Қуръон ўқилмаса, дилни занг босади. Ҳамиша Қуръон ўқийдиган инсон қалбига гард юқмайди. Тиловат билан жилоланган қалби ойнадек ярқираб туради.
Ҳозирги “замонавий” одамларнинг кўпи дунёга ҳирс қўйиш дарди билан оғриган. Кишилар орасида ўзаро ишонч, садоқат, вафо, меҳр-оқибат камайиб кетаётгандек. Бизнингча, бунинг сабаби битта: ўлимни унутиш, Қуръон ўқимаслик.
Айрим одамларга ўлимни эслатсангиз, охиратдан гап очсангиз: “Қўйинг, яхши мавзуда гаплашайлик!” дея сўзингизни бўлади. Ўлимни эслаш ёмонми?! Ҳар кимнинг бошида бор-ку бу савдо! Ўлимдан қочиб-қутулиб бўлмайди. Шунинг учун ўлимга тайёргарлик кўриш керак. Қандай қилиб, дейсизми? Ўлимга ҳозирлик солиҳ амаллар билан бўлади, қоронғи гўрни ёритувчи Қуръон тиловати билан бўлади. Қуруқ кафанлик олиб ёки қабристондан ўзи учун алоҳида жой ажратиб қўйган одамни охират сафарига ростмана шай деб бўлмайди.
Банда оламдан ўтса, уни ювиб кафанлаш, жаноза ўқиб дафн этиш ортда қолган мусулмонлар зиммасига тушади. Одамлар маййит ҳурматини жойига қўйиб, жаноза ўқиб дафн этишлари, Қуръон тиловат қилиб савобини бағишлашлари мумкин. Бироқ улар марҳум зиммасидаги фарз ибодатларни тўкис бажаролмайдилар. Ҳамма гап шунда.
Бошқа тарафдан олиб қараганда, кўпчилик Қуръон ўқимай юргани учун ҳам руҳий тушкунликка, Ғарб тили билан айтганда, депрессияга тушиб қоляпти. Ҳар қадамда стресс (руҳий зўриқиш, асаббузарлик) кузатилади. Баъзи одамлар асаби чатоқ, сал нарсага ловуллаб ёниб кетади, сиркаси сув кўтармайди. Бундай сабабини суриштирсангиз, Қуръон ўқимаслиги, Исломдан бехабарлиги билиниб қолади. Ҳатто Қуръон таржимасини олиб ўқишга ҳам қунт қилмайди. Аллоҳнинг Каломини ўқимасдан қандай қилиб хотиржам яшаш мумкин?!
Хуллас, айни дамда ечими қийин бўлиб турган глобал руҳий муаммонинг оддий давоси – Қуръон ўқиш, охиратни эслаш.
Унутмайлик: қалб зангини, кўз ширасини зеб-зийнатлар, бойлик, обрў-эътибор билан кетказиб бўлмайди. Қалби зилол сувдек мусаффо, икки дунёси обод бўлишини истаган инсон охиратни унутмайди, Аллоҳнинг Каломини қунт билан ўқиб-ўрганади.
Орқага Олдинга