loader

Ҳар ишнинг ҳисоби бор!

Мўмин банда Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигига ишонади, қилган ҳамма ишлари учун охиратда жавоб беришига имон келтиради. Қуръонда баён этилган ҳақиқатлардан бири – шу: ҳар ишнинг ҳисоби бор!
Аллоҳ таоло бандаларини огоҳлантириб айтади: “Биз қиёмат куни учун адолатли мезон-тарозиларни қўямиз. Бирон жонга заррача зулм қилинмайди. Агар хардал (ўсимлиги) уруғидек (яхши ёки ёмон амал қилинган) бўлса, ўшани келтирамиз! Биз Ўзимиз етарли ҳисоб-китоб қилувчимиз” (Анбиё сураси, 47-оят).
Аллоҳ таоло қиёмат куни адолат тарозисини қўяди. Унда зарра миқдоридаги амаллар ҳам тортилади, бирон кишига зиғирча зулм қилинмайди: мўминнинг савоблари камайтирилмайди, кофирнинг гуноҳлари кўпайтирилмайди. Аллоҳ ҳар бир амални одилона ҳисоб қилади .
Бу дунёда қилинган гуноҳлар учун жазо берилмаслиги, жиноятлар фош этилмай, “ёпиғлиқ қозон ёпиғлиғича қолиши” мумкин. Аммо қиёматда ҳеч бир нарса эътибордан четда қолмайди. Шунинг учун банда гуноҳ иш қилиб, “Хайрият, ҳеч ким билмади”, деб хурсанд бўлмасин. Одамлар билмасаям Аллоҳ таоло билиб туради!
Яхшига мукофот, ёмонга жазо бериладиган кун борлигини ҳис этиб яшаган инсон тушкунликка тушмайди. Ҳаётлик чоғида қилаётган ҳар бир иши учун куни келиб жавоб беришини билса, Аллоҳни бир зум ҳам унутмайди.
Эътибор берганмисиз, ҳисоб кунига имон келтирган ва қиёматга ишонмайдиган банда орасида ер билан осмонча фарқ бўлади. Дин-диёнатли одам вақти-соати келиб ҳар бир иши учун бирма-бир ҳисоб беришини ёдида сақлайди. Шунинг учун нафси буюрган нотўғри йўлларга юрмайди, ҳаром-ҳариш ишлардан тийилади. Охиратга имони йўқ банда-чи? Унинг учун фақат мана шу дунё бор. Ўлимдан кейинги ҳаётга ишонмагани учун кўнгли тусаган ишни қилади, ҳеч нарсадан тап тортмайди. Чунки содир этаётган жинояти учун жавоб беришига ишонмайди. Бундай нокас кимсалар жамият учун жудаям хавфли саналади.
Аллоҳ таоло айтади: “Ўша кунда одамлар – уларга (қилиб ўтган) амаллари(нинг жазоси ёки мукофоти) кўрсатилиши учун – тўда-тўда бўлиб чиқиб келадилар! Шундай экан, ким (ҳаётлик чоғида) зарра мисқоличалик яхшилик қилса, (қиёмат куни) ўшани кўради. Ким зарра мисқоличалик ёмонлик қилса, уни ҳам кўради” (Залзала сураси, 6-8-оятлар).
Ибн Аббос розияллоҳу анҳу мазкур оятларни шундай изоҳлаган: “Қайси бир мўмин ёки кофир банда тириклигида яхши-ёмон иш қилса, Аллоҳ уларга амалларини кўрсатади: мўминга савобларини кўрсатиб, гуноҳларини кечиради, савоблари учун мукофот беради. Кофирга “савоб”ларини, гуноҳларини кўрсатади, “савоб”ларини инкор этиб, гуноҳлари учун жазолайди ”.
Ривоят қилинишича, “Ким зарра мисқоличалик яхшилик қилса...” ояти нозил бўлганида Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳу сўради:
– Ё Расулуллоҳ! Мен қиёмат куни ҳар битта амалимни кўраманми?
– Ҳа.
– Катталарини ҳам кўраманми?
– Ҳа.
– Кичикларини ҳам кўраманми?
– Ҳа, (албатта кўрасан).
– Унда ҳолимга вой!..
– Эй Абу Саид, хурсанд бўл! Зотан, (мўмин банданинг) савоблари ўн баравардан етти юз бараваргача кўпайтирилади. Аллоҳ хоҳлаган бандаси учун кўпайтириб беради. Гуноҳлар эса ўз мислича бўлади ёки Аллоҳ уларни авф этади. (Шуни унутма,) бирон киши ўз амали билан зинҳор нажот тополмайди!
– Эй, Аллоҳнинг Пайғамбари! Сиз ҳамми?!
– Ҳа, мен ҳам. Илло Аллоҳ мени Ўз раҳмати ила ярлақаса, (шундагина нажот топаман ).

Орқага Олдинга