Аллоҳ таоло Ҳаж сурасининг 46-оятида шундай деган: “Ахир улар (яъни, Макка мушриклари) ер юзида сайр қилиб айланмайдиларми? (Ана ўшанда) улар учун доно қалблар, тинглайдиган қулоқлар бўлади. Зеро, кўзлар кўр бўлмайди. Балки кўкраклардаги қалблар кўр бўлади”.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Кўзи кўрмайдиган одам сўқир эмас. Лекин басират (яъни, қалб) кўзи ожиз кимса (ҳақиқий) кўрдир”, деганлар .
Эътибор берганмисиз, кўзи ожиз одам ҳаётда камдан-кам адашади. Чунки унинг моддий кўзи кўрмаса ҳам қалб кўзи очиқ бўлади. У айнан қалб кўзи орқали тўғри йўлни топади. Кўзи кўрадиган қанчадан-қанча одамлар бор. Улар мана шу “заиф” инсонлар диллари ила ҳис этолган ҳақиқатни кўришдан ожизлар.
Бирон аъзоси нуқсонли шундай одамлар бор. Улардаги имон-эътиқод, одамийлик, инсоф тўрт мучаси соғ айрим шахсларникидан кучлироқ бўлади. Масалан, масжидларга келиб, ибодатни жамоат билан адо этаётган заиф кишиларни, ёши юзга яқинлашиб қолган мўйсафид отахонларни кўрамиз. Улар Аллоҳга тавба-тазарру қилади, мағфират сўрайди, неъматлар шукрини адо этади. Аммо тани-жони соғ баъзи кимсалар пешонасини саждага қўймайди, Аллоҳни эсламайди...
Мана бу оятда жаҳаннамий кимсаларга хос айрим сифатлар келтирилган: “Аниқки, Биз жин ва инсдан кўпларини жаҳаннам учун яратганмиз. Уларнинг қалблари бор-у, англай олмайдилар, кўзлари бор-у, кўролмайдилар, қулоқлари бор-у, эшитмайдилар. Улар чорвалар кабидирлар. Йўқ, улар (бефаҳмликда чорвалардан ҳам) адашгандирлар. Ана ўшалар ғафлатда қолган кимсалардир” (Аъроф сураси, 179-оят).
Аллоҳ таоло инсонни мукаммал қилиб яратган, унга тана аъзолари берган. Лекин кўп одамлар ҳақ гапни эшитмайди, ҳақиқатни тушунмайди, ҳидоят йўлини кўрмайди. Бундай кимсанинг яйловда ўтлаб юрган чорвалардан фарқи йўқ.
Ҳайвонлар эшитиш, кўриш, ҳидлаш, таъм билиш аъзоларини фақат қорин тўйғазиш учун ишлатади. Жониворлар тушунмаса ҳам эгасининг сўзига киради, нима деса шуни қилади. Бироқ, Аллоҳга исён қилган анави кимсалар яйловда ўтлаб юрган чорваларчалик ҳам эмаслар. Улар адашганлар, ғафлат уйқусидалар .
Аллоҳ таоло айтади: “Қачон Ёлғиз Аллоҳ зикр қилинса, охиратга имон келтирмайдиган кимсаларнинг қалблари сиқилиб кетади. У Зотдан ўзга бутлар зикр қилинганида эса баногоҳ шодланиб кетадилар” (Зумар сураси, 45-оят).
Ривоят қилинишича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Каъбатуллоҳ эшиги олдида Нажм сурасини қироат қилганларида оятда айтилган воқеа содир бўлган .
Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлиги ҳақида сўз очилса, У Зот билан бирга лот, уззо номли бут-санамлари зикр этилмаса, қиёмат кунига ишонмайдиган мушриклар кўнгли беҳузур бўлади, юраклари қинидан чиқиб кетай дейди, ўзларини қўярга жой тополмай қолишади. Агар улар сиғинаётган “илоҳ”лар мақталса, севинчлари ичлари сиғмай кетади. Чунки ширк амаллар мушриклар ҳавойи нафсига жуда мос тушади. Шариатга тескари ишларни қилиш уларнинг қон-қонига сингиб кетган. Бу энг ёмон ҳолатдир. Улар бунинг оқибати нима бўлишини қиёмат куни билиб оладилар.