loader

Қалб қаттиқлиги сабаблари, белгилари ва давоси

 

 

 

Қалб қаттиқлиги сабаблари:
– Аллоҳ кўриб турганини унутиш.
– ғафлатга ботиш.
– Аллоҳни ёд этмаслик.
– орзу-ҳавасга берилиш.
– ҳаром-ҳариш нарсаларни истеъмол қилиш.
– кибр отига миниш, бировни менсимаслик.
– одамларга қўпол муомала қилиш.
– зулм-ситам ўтказиш.
– ўткинчи дунёга берилиш, бойлиги билан мақтаниш, ўлимни, қабрдаги ҳолатни, охиратни унутиш.
– номаҳрамларга ҳирс билан қараш.
– ўзини тергамаслик, орзулар кетидан қувиш.
– динга ҳам, дунёга ҳам фойдасиз сўзларни кўп гапириш.
– намозда хушуъга бепарво бўлиш.
– Аллоҳ ҳаром қилган ишларга журъат этиш, “Аллоҳ кечирворади!” деб гуноҳдан тап тортмаслик.
– шубҳали нарсалар атрофида ўралашиб қолиш.
– ҳазиллашишда меъёрни билмаслик;
– кўп кулиш, кўп ейиш, кўп ухлаш.
– ҳеч қандай сабабсиз ғазабланиш, ўзи учун ўч олиш.
– ёлғон гапириш, ғийбат қилиш.
– ёмон суҳбатдош билан ўтириш.
– ҳасад, ичиқоралик, кўролмаслик, адоват, нафрат.
– вақтни бекор кетказиш, фойдали ишлар билан шуғулланмаслик.
– шаръий илмларга қизиқмаслик.
– ножоиз нарсаларни эшитиш, шариат қайтарган томошаларни кўриш.
– дуога эътиборсизлик.
Қалб қаттиқлиги белгилари, оқибатлари:
– Қалби қотиб қолган кимса тоат-ибодатларга дангасалик қилади, яхши ишларга кўп ҳам эътибор бермайди. Унинг намози фақат ётиб-туришдангина иборат бўлади, қалбида хушуъ йўқ, ихлос йўқ. Ибодатни зўрға адо этади, намозга эринади, роҳат-фароғатни хоҳлайди.
– бағритош кимса Қуръони каримни эшитганда таъсирланмайди, қулоғига панд-насиҳат кирмайди. Жаннат васф қилинганда шавқи ошмайди, жаҳаннам зикр этилганда сергак тортмайди.
– қалби тошдек қаттиқ шахс теварак атрофдаги воқеа-ҳодисалардан таъсирланмайди, ҳеч нарсага эътибор бермайди. Чунки унда қўрқув йўқ. Қабристонда ҳам ўзини худди бозорда юргандек ҳис қилади, маййитлар ҳолидан ибрат олмайди, охиратни эсламайди.
– қалби қотиб қолган одам дунёни охиратдан устун қўяди. Унинг бор эътибори беш кунлик дунёга қаратилган, ғам-ташвиши ҳам дунёдан иборат. Унинг назарида дунёга оид нарсалар биринчи ўринда туради. Бундай кимсанинг дилида ғайрат-шижоат бўлмайди. Шунинг учун ҳаром ишлар содир этилсаям пинагини бузмайди, гуноҳларни менсимайди, яхшилик қадрига етмайди, ёмонликдан ҳазар қилмайди.
– бағритош кимса меҳр-мурувватни четлаб ўтади, камбағалларга раҳми келмайди, етимлар ҳолига ачинмайди, қариндошлари билан борди-келди қилмайди.
Қалб қаттиқлиги давоси:
– Одамлар орасида ҳам, ёлғиз қолганда ҳам Аллоҳ кўриб турганини қалбдан ҳис этиш;
– фойдали илм олиш;
– Қуръонни ихлос билан, тафаккур билан тиловат қилиш;
– Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак ҳаётларини ўрганиш;
– одамларга кўз-кўз қилмасдан садақа бериш;
– камбағалларга, бева-бечораларга яхшилик қилиш, етимнинг бошини силаш;
– кишиларни яхшиликка буюриш, ёмонликдан қайтариш;
– ота-она хизматида бўлиш, дуоларини олиш;
– қариндош-уруғлари билан силаи раҳм қилиш;
– беморлар ҳолидан хабар олиш, ширин сўз айтиш, совғалар бериб кўнгилларини кўтариш.
– қабристонни зиёрат қилиш, маййитлардан ибрат олиш;
– ўлимни, қабрда ёлғиз қолишни, савол-жавобни эслаш;
– Аллоҳни кўп зикр қилиш;
– кўпроқ нафл намоз ўқиш;
– гўзал хулқли бўлиш;
– таниган-танимаган одамга салом бериш;
– ўлимдан олдин нафсини тергаш, ўзини ҳисоб-китоб қилиш;
– солиҳ кишилар суҳбатидан баҳраманд бўлиш;
– нафаси кириб-чиқиб турганида эзгу амалларга бел боғлаш, охират тадоригини кўриш;
– дунёнинг ортиқча матоҳларидан четлашиш;
– қиёмат куни Аллоҳга ҳисоб беришни ўйлаш;
– одамлар хатосини кечириш;
– ҳалол касб-кор билан шуғулланиш.
– барча мўмин-мусулмонлар ҳақига дуо қилиш;
– жониворларга шафқат қилиш;
– нафл рўза тутиш;
– кишилар орасини ислоҳ қилиш;
– жаннат неъматларини эслаш;
– жаҳаннам азобларини эслаш;
– Аллоҳ берган ҳисобсиз неъматлар ҳақида фикр юритиш;
– Аллоҳга доим дуо-илтижо қилиш, ўзини хокисор тутиш.

 

 

 

Орқага Олдинга