loader

Аллоҳни эслаш қалбни поклайди

Аллоҳ таоло шундай амр қилган: “Эй имон келтирганлар, Аллоҳни кўп зикр қилинглар, эртаю кеч У Зотга тасбеҳ айтинглар!” (Аҳзоб сураси, 41-42-оятлар).
Парвардигоримиз бу оятда Ўзини кўп зикр қилишга, куннинг аввалию охирида тасбеҳ айтишга чақирмоқда. Банда тонгда уйқудан соғ-саломат тургани, беҳисоб неъматлар бергани учун Аллоҳга тасбеҳлар айтади, солиҳ амалларга йўллагани, ризқ-рўз талабида ҳаракат қилишга куч-қувват ато этгани учун аср-шом вақтида Раббини зикр қилади, “Субҳааналлоҳ, валҳамдулиллааҳ, ва лаа илааҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар”, деб Аллоҳга ҳамду санолар, тасбеҳлар айтади.
Китобларда ёзилишича, Аллоҳни чин дилдан, ихлос билан эслаш кўп зикр қилишдир. Тил учида зикр қилган одам Аллоҳни кам эслаган бўлади .
Руҳий тарбия бобида зикруллоҳнинг ўрни беқиёс. Зеро, Аллоҳни эслаш қалбга нур бағишлайди, тилни беҳуда сўзлардан сақлайди. Аллоҳни зикр қилган банданинг дили роҳатланади. Зокир Аллоҳнинг муҳаббатига эришади, жуда кўп яхшилик қозонади.
Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтади: “Улар имон келтирган, қалблари Аллоҳнинг зикри билан ором оладиган зотлардир. Огоҳ бўлинглар, Аллоҳни зикр қилиш билан қалблар ором олади” (Раъд сураси, 28-оят).
Уламолар оятдаги “зикр”ни турлича изоҳлашган:
1. Қуръон.
2. Аллоҳни эслаш.
3. Аллоҳга тоат-ибодат қилиш.
4. Аллоҳнинг ажр-савоби.
5. Аллоҳнинг ваъдаси.
6. Аллоҳ номи билан қасам ичиш .
Имон келтирган мўмин бандалар қалби Аллоҳни зикр қилиш билан хотиржам бўлади. Парвардигорини эслаган мўминнинг хавотири арийди, безовталикдан халос бўлади.
Қалб учун Аллоҳнинг севгисидан-да тотлироқ нарса йўқ. Банда Парвардигорини эслаб, қалби олам-олам қувончга тўлади. Банда Аллоҳни қанчалик яхши таниса, У Зотга муҳаббати ортиб боради. Аллоҳни таниган инсон учун зикруллоҳ қалб лаззатига айланади.
Ким ҳақиқий мўмин экани, кимнинг имони сохталиги Аллоҳ зикр қилинганида маълум бўлади. Аллоҳнинг фазл-марҳамати эсланганида, ҳақиқий мўминнинг Парвардигорига муҳаббати ортади, имони кучаяди. Аллоҳнинг азоби, интиқоми эсланганида эса мўмин киши қалбига қўрқув тушади. Мўмини комил Парвардигори азобига гирифтор бўлишдан чўчийди. Унинг қалбида хавф билан ражо бўлади: Аллоҳнинг раҳматидан умид қилади, азобидан қўрқади.
Мўмин банда Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигини, Ундан бошқалар зиғирча зиён етказолмаслигини билади. Шунинг учун қалби ором олади, руҳий ҳаловатга эришади.
Мўмин банда дунёдаги ҳамма нарса Аллоҳдан эканига имон келтиради, оғир кунларда сабр қилади, фаровонликка шукр қилади. Ҳар қандай ҳолатда унинг кўнгли хотиржам бўлади.
Мўмин инсон Аллоҳнинг марҳамати кенг эканига ишонади. Шунинг учун зинҳор тушкунликка тушмайди. Боши берк кўчага кириб қолган тақдирда ҳам Аллоҳдан умид қилади, Парвардигори ёрдамига кўз тикади.
Аллоҳ хоҳлаган бандасига бойлик, мансаб-мартаба беришини мўмин киши билади. Шунинг учун бировга ҳасад қилмайди, борига шукр қилиб, бағри бутунликда хотиржам яшайди. Унинг ҳаёти жуда фаровон бўлмасаям, қалбида ҳузур-ҳаловат бўлади, умри мазмунли ўтади.
Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Парвардигорини эслайдиган банда билан У Зотни эсламайдиган кимса худди тирик билан ўликка ўхшайди”, деганлар .
Бу ҳадисда Аллоҳни эслайдиган одамнинг қалби уйғоқ бўлишига ишора қилинмоқда. Демак, Аллоҳни эсламайдиган кимсанинг қалби ўликдир. Чунки тананинг озуқаси таом билан ичимлик. Қалбнинг озуқаси эса илм-маърифат, зикр-тасбеҳ, тоат-ибодатдир. Қалб тирик бўлиши учун Аллоҳ эсланади, ибодат қилинади. Таом фақат ташқи кўринишга таъсир этса, зикр, ибодат танага ҳам, қалбга ҳам таъсир қилади. Ибодатли инсоннинг чеҳрасидан нур ёғилади. Қуръон ўқиладиган хонадоннинг файзи бўлакча бўлганидек доим Аллоҳни зикр қиладиган, юрган йўлида тасбеҳ, ҳамду сано, истиғфор айтадиган инсоннинг юзи мунаввар, қалби чароғон бўлади.

 

 

 

Орқага Олдинга