loader

Қалб салоҳиятини Аллоҳдан сўраш

“Қалб” сўзи луғатда “ўзгариш” маъносини англатади. Гоҳ у ёққа, гоҳ бу ёққа ўзгариб тургани учун ҳам инсон юраги “қалб” дейилади.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳдан мустаҳкам имон, қалб саломатлигини сўрашга чақирганлар. Зеро, Аллоҳ қалбларнинг Эгасидир, дилларни Ўзи истаган томонига буриб қўяди.
Қуръони каримда шундай дуо қилиш ўргатилган:

رَبَّنَا لاَ تُزِغْ قُلُوبَنَا بَعْدَ إِذْ هَدَيْتَنَا وَهَبْ لَنَا مِنْ لَدُنْكَ رَحْمَةً إِنَّكَ أَنْتَ الْوَهَّابُ.
Дуонинг ўқилиши: “Робанаа лаа тузиғ қулувбанаа баъда из ҳадайтанаа, ва ҳаб ланаа мил ладунка роҳма, иннака антал ваҳҳааб”.
Дуонинг маъноси: “Парвардигоро, бизни ҳидоят қилганингдан кейин қалбимизни (тўғри йўлдан) оғдирма, бизга ҳузурингдан раҳмат ато эт ”.
Ҳадиси шарифларда ҳам бу борада кўплаб дуолар келтирилган:

يَا مُقَلِّبَ القُلُوبِ ثَبِّتْ قَلْبِي عَلَى دِينِكَ.
Ўқилиши: “Я муқоллибал қулувб, саббит қолбий ъалаа дийник”.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Эй, қалбларни ўзгартирувчи Зот! Қалбимни Динингда мустаҳкам қил!” деб кўп дуо қилардилар. Шунда мен: “Ё Расулуллоҳ, сизга, сиз олиб келган нарсаларга имон келтирган бўлсак, биздан хавотирдамисиз?” деб сўрадим. У зот: “Ҳа (шундай). Чунки қалблар Аллоҳ “бармоқ”ларидан иккитаси орасидадир. У Зот (қалбларни) хоҳлаган томонига ўзгартиради”, дедилар ”.

اللهُمَّ مُصَرِّفَ الْقُلُوبِ صَرِّفْ قُلُوبَنَا عَلَى طَاعَتِكَ.
Ўқилиши: “Аллоҳумма мусоррифал қулувб, сорриф қулувбанаа ъалаа тоатик”.
Маъноси: “Ё Аллоҳ! Қалбларни (Ўзи истаган тарафга) бурувчи Зот! Қалбимизни тоатингга мойил қил” (Муслим, Аҳмад ривоят қилган).

اللهُمَّ إِنِّي أَعُوذُ بِكَ مِنَ الْعَجْزِ وَالْكَسَلِ وَالْجُبْنِ وَالْبُخْلِ وَالْهَرِمِ وَعَذَابِ الْقَبْرِ اللهُمَّ آتِ نَفْسِي تَقْوَاهَا وَزَكِّهَا أَنْتَ خَيْرُ مَنْ زَكَّاهَا أَنْتَ وَلِيُّهَا وَمَوْلاَهَا اللهُمَّ إِنِّي أَعُوذُ بِكَ مِنْ عِلْمٍ لاَ يَنْفَعُ وَمِنْ قَلْبٍ لاَ يَخْشَعُ وَمِنْ نَفْسٍ لاَ تَشْبَعُ وَمِنْ دَعْوَةٍ لاَ يُسْتَجَابُ لَهَا.
Ўқилиши: “Аллоҳумма инний аувзу бика минал ъажзи вал касали вал жубн, вал бухли вал ҳарими ва ъазаабил қобр. Аллоҳумма аати нафсий тақвааҳаа ва заккиҳаа, анта хойру ман заккааҳаа, анта валийюҳаа ва мавлааҳаа. Аллоҳумма инний аувзу бика мин ъилмил лаа янфаъ, ва мин қолбил лаа яхшаъ, ва мин нафсил лаа ташбаъ, ва мин даъватил лаа юстажаабу лаҳаа”.
Маъноси:  “Ё Аллоҳ! Ожизликдан, дангасаликдан, бахилликдан, ўта қариб (ночор аҳволда) қолишдан, қабр азобидан паноҳ беришингни сўрайман. Ё Аллоҳ! Нафсимга тақвосини бер, уни покла. Зеро, Сен (нафсни) покловчиларнинг энг яхшисисан, унинг валийси, хожасисан. Ё Аллоҳ! Фойда бермайдиган илмдан, хушуъсиз қалбдан, тўймайдиган нафсдан, ижобат бўлмайдиган дуодан паноҳ беришингни сўрайман ”.

اللَّهُمَّ اجْعَلْنِي لَكَ شَاكِرًا لَكَ ذَاكِرًا لَكَ رَاهِبًا لَكَ مِطْوَاعًا إِلَيْكَ مُخْبِتًا أَوْ مُنِيبًا رَبِّ تَقَبَّلْ تَوْبَتِي وَاغْسِلْ حَوْبَتِي وَأَجِبْ دَعْوَتِي وَثَبِّتْ حُجَّتِي وَاهْدِ قَلْبِي وَسَدِّدْ لِسَانِي وَاسْلُلْ سَخِيمَةَ قَلْبِي.
Ўқилиши: “Аллоҳуммажъалний лака шаакиро, лака заакиро, лака роҳибаа, лака митвааъаа, илайка мухбитан ав мунийбаа. Робби тақоббал тавбатий, вағсил ҳавбатий, ва ажиб даъватий, ва саббит ҳужжатий, ваҳди қолбий, ва саддид лисааний, васлул сахиймата қолбий”.
Маъноси: “Ё Аллоҳ, мени Ўзингга шукр қиладиган, Ўзингни эслайдиган, Ўзингдангина қўрқадиган, итоат этадиган, хушуъли, тавба билан қайтувчи қил! Парвардигорим, тавбамни қабул эт, гуноҳимни кечир, дуоимни мустажоб айла, ҳужжатимни мустаҳкам (кучли) қил, қалбимни (ҳақ йўлга) бошла, тилимни тўғрила, қалбимдаги ҳасад-адоватни кетказ ”.

اللَّهُمَّ إِنِّي أَعُوذُ بِكَ مِنْ مُنْكَرَاتِ الأَخْلاَقِ وَالأَعْمَالِ وَالأَهْوَاءِ.
Ўқилиши: “Алоҳумма инний аувзу бика мим мункаротил ахлаақи вал аъмаали вал аҳвааъ”.
Маъноси: “Ё Аллоҳ, ёмон хулқ ва амаллардан, ҳойи ҳаваслардан паноҳ беришингни сўрайман” (Термизий, Ибн Ҳиббон, Табароний ривоят қилган. Ривоят санади саҳиҳ).

اللَّهُمَّ إِنِّي أَسْأَلُكَ الثَّبَاتَ فِي الأَمْرِ وَأَسْأَلُكَ عَزِيمَةَ الرُّشْدِ وَأَسْأَلُكَ شُكْرَ نِعْمَتِكَ وَحُسْنَ عِبَادَتِكَ وَأَسْأَلُكَ لِسَانًا صَادِقًا وَقَلْبًا سَلِيمًا.
Ўқилиши: “Аллоҳумма инний асъалукас сабаати фил амр, ва асъалука азийматар рушд, ва асъалука шукро ниъматика ва ҳусна ъибаадатик, ва асъалука лисаанан содиқов-ва қолбан салиймаа”.
Маъноси: “Ё Аллоҳ, Сендан ишларда собитқадамлик сўрайман, чиройли тасарруф (ёки қатъият) сўрайман, берган неъматларингга шукр қилишни, Сенга гўзал суратда ибодат қилишни сўрайман. Сендан ростгўй тил, салим (покиза) қалб сўрайман ”.

 

 

 

Орқага Олдинга