Аллоҳ таоло айтади: “У (Қуръон) илм ато этилган зотлар қалбларида (ёд бўлувчи) аниқ-равшан оятлардир. Бизнинг оятларимизни фақат золимларгина инкор этади” (Анкабут сураси, 49-оят).
Имом Насафийга кўра, оятларнинг мўъжизавийлиги, қалбларда жо бўлиш хислати фақат Қуръонга хос. Аввалги самовий китоблар мўъжиза бўлмаган, ёд олинмаган, фақат саҳифаларга қараб ўқилган .
Бошқа бир оятда шундай дейилган: “Биз Қуръонни зикр-эслатма олиш учун осон қилиб қўйдик. Бас, бирон эслатма-ибрат олувчи борми?” (Қамар сураси, 17-оят).
Парвардигори олам бу оятда: “Қуръондан ўзи учун панд-насиҳат оладиган борми?!” деб мўминлар-мусулмонларга хитоб қилмоқда.
Одамлар ўқиб, ёдлаб, ибрат олишлари учун Аллоҳ Қуръонни осон тушуниладиган, қийинчиликсиз талаффуз этиладиган қилиб қўйилган. Бу – Аллоҳнинг раҳмати.
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу шундай деган: “Аллоҳ Қуръонни одамлар тилига осон қилиб қўймаганида Қуръон ўқишга ҳеч кимнинг тили келишмасди ”.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Сизларнинг яхшиларингиз Қуръон ўқиб, уни (одамларга) ўргатганлардир. Қуръонни кўтарувчи учун бир мустажоб дуо бор. Агар дуо қилса, унга ижобат этилади ”.
Ривоят қилинишича, бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдиларига келиб деди:
– Ё Расулуллоҳ, мен фалончининг улушини сотиб олиб шунча фойда кўрдим!
– Сенга бундан ҳам кўпроқ фойда келтирадиган нарсани ўргатайми? – дедилар Расулуллоҳ.
– Шунақаси ҳам бўладими?
– Бир нечта оятни ўрганган киши (ундан кўпроқ фойда олади).
Ҳалиги киши бориб ўнта оятни ўрганди. Кейин Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб, бунинг хабарини етказди .
Инсон ҳалол йўл билан фойда орттиришининг айби йўқ. Бироқ Қуръон ўқиш учун олинадиган ажр-савоблар ўткинчи мол-дунёдан яхшироқ. Чунки унинг савоби боқий қолади. Моддий бойликлар эса куни келиб қўлдан кетади. Боқий қолувчи солиҳ амаллар инсонга умид бағишлайди. Тириклигида қилган яхши ишлари инсонга қиёматда асқотади.
Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: “Ким Қуръон ўқиса, ёдласа, (Қуръон) ҳалол деганни ҳалол, ҳаром деганини ҳаром деб билса, Аллоҳ ўша бандани жаннатга киритади, унга оила аъзоларидан дўзах(га тушиши) вожиб бўлган ўн кишини шафоат қилиш имконини беради”, дейилган .
Ҳадис мазмунига кўра, кимда-ким Қуръонни тўлиқ ёд олиб, ҳалолни ҳалол, ҳаромни ҳаром деб эътиқод қилса, Аллоҳ уни жаннатга киритади. Бундан ташқари, дўзахга тушган оила аъзоларидан ўн кишини шафоат қилиш имконини беради.
Жаннатга кириш осон эмас. Жаннатнинг баҳоси жуда баланд. Унга эришиш учун Аллоҳга тоат-ибодат қилиш, синовларни мардонавор енгиб ўтиш керак. Жаннат калитини қўлга киритиб, яна ўзгаларни шафоат қилиш, бу – жуда улуғ мартаба. Бу мақом ҳаммага ҳам насиб этавермайди, Қуръон ҳақларини адо этган қориларга берилади.