Қуръон кўнгилларни обод қилувчи, қалбни нурга тўлдирувчи Каломдир. Қуръон ёдлаган инсон қалби чароғон бўлади. Биронта ҳам оят ёдламаган одамнинг дили эса деворлари нураб ётган вайрона уйга ўхшайди.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Ичида Қуръондан бирон нарса бўлмаган киши(нинг қалби) хароба уй кабидир ”.
Қалб имон-эътиқод, Қуръон тиловати, зикр-тасбеҳлар билан ободдир. Ибодатдан, зикрдан холи қалб кулбаи вайронадан фарқ қилмайди.
Маълумки, хароба иморатнинг бирон жойига қаралмаган, ҳамма ёғини ис босган, чанг-тўзон қоплаган, шифтлари кўчиб, деворлари нураб ётган бўлади. Қуръондан холи қалб турли иллатлар билан тўлиб-тошган бўлади. Қалбни обод этишнинг ягона чораси – Қуръон ўқиш, Қуръон ёдлаш. Киши Қуръондан қанча кўп ёдласа, қалби шунча очилиб-гўзаллашиб бораверади. Гарчи эгнига чиройли либослар кийиб олган бўлса-да, Қуръондан айро инсон қалби харобалигича қолади. Ялтир-юлтир либос кийган билан дил равшан бўлиб қолмайди. Қуръон ёдланса, Каломуллоҳни дилга жойланса, ана шунда кўнгил обод бўлади.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Қуръон Аллоҳнинг дастурхонидир. Ундан имкон қадар (кўпроқ) олинглар. Зеро, мен Аллоҳнинг Китоби бўлмаган уйдан кўра яхшиликдан холи жой борлигини билмайман. Аллоҳнинг Китобидан холи қалб хароба уй кабидир (Қуръондан бошқа) ҳеч нарса уни тиклай олмайди ”.
Одамлар яшайдиган уйларни, салоҳият кўзгуси қалбни Қуръондан бўлак нарса билан обод этиш имкони йўқ. Вайрона қалблар, шикаста диллар, хароба кулбалар фақат Аллоҳнинг Каломи ила мунаввар бўлади.