loader

Яқин ўтмишга бир назар

Мовароуннаҳрда Ислом дини анъаналарига кўра, ёш авлод таълимини дастлаб Қуръони карим сураларини ёд олдиришдан бошланган. Фарзандлар заковатини ўстириш учун ҳам мурғаклик давридан оятларни оғзаки ёд олишга қизиқтирилган. Бунинг учун барча шарт-шароитлар яратиб берилган. Ўтмишдаги буюк алломаларнинг барчаси ёшлик чоғидаёқ Қуръони каримни тўлиқ ёд олишган.
Тарихий манбалардан маълумки, Мовароуннаҳр Ислом дини марказларидан бири бўлган. Ўша замонда бу диёрнинг шаҳар, қишлоқлари у ёқда турсин, ҳатто жуда чет тоғ дараларидаги кичик овуллардан ҳам казо-казо донишманд мутафаккирлар етишиб чиққан. Шу билан бирга илм-маърифат даргоҳлари қаторида Қуръони каримни ёд олдирувчи махсус қорихоналар бўлган. Яқин-яқинларгача бундай дарсхоналар Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Андижон, Қўқон ва бошқа шаҳарларда фаолият кўрсатиб келган.
Ўтмишда Қуръон қорилари орасида жуда ажойиб мусобақалар ўтказилган. Ғолиб чиққан хушовоз, матонатли, бурро мураттаб қорилар учун катта совринлар берилган.
Бу беллашув қатнашчилари айтишича, қорилар ўз зукколигини, сабр-бардошини кўрсатиши учун ғишт устида бир оёқда турганча оёқ алмаштирмасдан хатми Қуръон қилганлар. Ҳатто етти ғиштни устма-уст қўйиб, тепасида бир оёқда турганча қилт этмасдан Қуръони каримни хатм қилиб, мукофотни қўлга киритган қорилар етишиб чиққан. Бундай жозибали беллашувларда одамлар ҳозиру нозир бўлиб, қорилар мусобақасини мароқ билан кузатиб турган.
Бугунги кунда ҳам мўмин-мусулмонлар орасида юқорида зикр этилган миллий анъаналаримиз сари интилишлар намоён бўлмоқда. Яқин келажакда шундай хайрли мусобақалар давом этишини, ҳар бир хонадондан мураттаб қорилар чиқишини Аллоҳ таолодан сўраймиз.

Орқага Олдинга