Қуръон бизни холисликка ундайди, Ёлғиз Аллоҳ розилиги учун амал қилишга чақиради, риёдан қайтаради. Каҳф сурасининг сўнгги оятида шундай дейилган: “(Эй Муҳаммад, уларга) айтинг: “Ҳеч шак-шубҳасиз, мен ҳам сизлар каби бир одамман. Менга Тангрингиз Ёлғиз Аллоҳнинг Ўзи экани ваҳий этилмоқда. Шундай экан, ким Парвардигорига рўбарў бўлишидан умидвор бўлса, у ҳолда яхши амал қилсин, Парвардигорига бандалик қилишда бирон кимсани (Унга) шерик қилмасин!” (Каҳф сураси, 110-оят).
Яъни: Эй Муҳаммад! Сизнинг пайғамбарлигингизни тан олмаётган анави мушрикларга айтинг:
– Мен сизларга ўхшаган одамман, Аллоҳ ваҳий қилган нарсаларнигина биламан, ғайбни билмайман. Сизларни даъват этаётганим Парвардигорингиз Аллоҳ Ёлғиздир. Унинг шериги йўқ. Шундай экан, ким савоб умидида бўлса, ибодатни Ёлғиз Аллоҳ розилиги учун қилсин!
Ҳар қандай амал Аллоҳ ризоси учун қилинса, шариат талабига мувофиқ бўлса, мақбулдир. Риё, бидъат-хурофот аралашган амални Аллоҳ рад этади.
Шаддод ибн Авс розияллоҳу анҳу айтади: “Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларида риёни кичик ширк деб билардик ”.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Кимда-ким риё учун (хўжакўрсинга) намоз ўқиса, аниқ ширк келтирибди! Кимда-ким риё учун рўза тутса, аниқ ширк келтирибди! Ким риё қилиб садақа берса, аниқ ширк келтирибди ”.
Ривоят қилинишича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
– Мендан кейин умматим учун ширкдан, махфий шаҳватдан қўрқаман, – дедилар. Шунда сўралди:
– Ё Расулуллоҳ! Сиздан кейин умматингиз ширк келтирадими?
– Йўқ, улар қуёшга, ойга ёки тошга сиғинишмайди, амалларини одамларга кўз-кўз қилишади.
– Ё Расулуллоҳ, махфий шаҳват нима?
– Рўзадор киши нафси тусаган нарсани кўриб қолганда рўзасини бузиб, ҳирсини қондириши .
Шундай одамлар бор, ибодати билан – ҳажга бориб келгани, намоз ўқиши, Қуръон хатм қилиши билан мақтанади, “Мен зўрман, ҳаммадан тақволиман”, деб ўйлайди. Тили билан айтмаса ҳам, ўзини тутишидан шундоқ билиниб туради...
Инсон танаси тетик бўлиши учун таом ейди, ичимлик ичади. Ибодат ҳам шундай. Ибодат қилсак, руҳимиз тетик бўлади, қалбимиз озуқа олади. Ибодатни бировга кўрсатиш учун бажарилмайди. Шу билан “Мартабам сеникидан юқори” деб юбориш бўлмайди. Ҳеч қайсимиз билмаймиз: ибодатларимиз қабул бўляптими-йўқми? Аллоҳ билади. Аллоҳ қалби пок, нияти холис бандасининг ибодатини қабул қилади. Хўжакўрсинга бажарилган амал рад этилади.
Аллоҳ таоло айтади: “Эй мўминлар, молини одамларга кўрсатиш учун берадиган, Аллоҳга, охират кунига ишонмайдиган кимсага ўхшаб берган садақаларингизни миннат ва озор билан йўққа чиқарманг! Зеро, (риёкорнинг) мисоли худди устини чанг-тўзон қоплаб олган силлиқ тошга ўхшайди. Унга шаррос ёмғир текканда, (устидаги ғуборни ювиб тушириб) силлиқ тошлигича қолдирган. Улар топган дунёларида ҳеч нарсага эга бўлмайдилар. Аллоҳ кофирларни ҳидоят қилмайди” (Бақара сураси, 264-оят).
Хўжакўрсинга амал қилаётганларнинг асл қиёфасини одамлар билмаслиги, амалини холис ибодат деб ўйлаши ҳам мумкин. Одамларни алдаб, сохта обрў орттириш мумкиндир. Лекин Аллоҳ ҳаммасини кўриб-билиб туради.
Агар тошнинг устини чанг қоплаб олса, одамлар кўзига серҳосил тупроқдек кўринади. Бироқ ёмғир ёғиши билан унинг асл қиёфаси маълум бўлади. Силлиқ тош устида гиёҳ ўсмаслиги ҳаммага аён. Худди шунга ўхшаб риёкорнинг бир қарашда чиройли кўринган амали (холисаллиллоҳ бўлмагани учун) қиёмат куни ҳеч қандай самара бермайди. У қилган амалига ажр-савоб олмайди .
Шу ўринда тўй-ҳашамлардаги исрофгарчилик, кимўзарга ўйнаш ҳақида ҳам икки оғиз тўхталиб ўтсак. Бугунги кунда тўйларда риёкорлик жуда авжига чиққан. Борлар борича қиляпти. Кўр-кўрона ўзга миллат вакилларига тақлидан турли бидъат-хурофотлар ўйлаб топилмоқда. Бундай олиб қарасак, шу қадар дабдабали тўйлар қилишдан мақсад нима: моддий ҳашамат билан ёшлар бахтли бўлиб қоладими ёки хотамтойлигимиз шу қадар кучайиб кетганми? Аслида бунинг ортида риё туради: “Одамлар менинг кимлигимни кўриб қўйсин!”, “Тўйимнинг довриғи етти маҳаллага достон бўлсин!” қабиладаги орзу-ҳаваслар шундай исрофгарчиликка сабаб бўлмоқда.
Энг ёмони, қўли калта одамлар ҳам “Бировдан кам жойим борми?!” деб, қарз-қавола қилиб бўлсаям тўйини дабдаба билан ўтказишга уринмоқда. Бунинг отини хўжакўрсинлик дейдилар. Мана шунақа риёкорлик натижасида тўйдан кейин жуда кўп одамлар ҳоли танг бўлиб, бўйнигача қарзга ботиб қолмоқда. Оқибатда ҳаёти заҳарга айланмоқда. Бир кунлик орзу-ҳавасни деб шунча оворагарчилик, асаббузарлик, етмаганига гуноҳга ботиш кимга керак?!
Айрим одамлар бева-бечораларга уч-тўрт сўм садақа беради-да, масжид имоми олдига бориб: “Қорака, шуни одамлага маълим қип қўйин!” дейди. Агар унинг бажарган ишини кўпчиликка айтмасангиз, хафаям бўлади...
Эҳсон бобида ҳам кўп риёкорлик қилинади. Масалан, онаси тириклигида битта рўмол ёки кўйлак олиб бермаган “ўғил”, онаси ўлганидан кейин қабри устига фалон пулли мармар тош қўйдиради. Отасига маҳси олиб бермаган “фарзанд”, унинг вафотидан кейин дошқозонда юз килолаб ош дамлатиб халққа ош беради. Бу ҳам риёкорликнинг бир кўриниши. Чунки шунча яхшилик ота-она ҳаётлигида қилинмаяпти, ўтганларидан кейин одамлар кўрсин-билсин учун қилиняпти. Агар тириклик чоғларида иккита иссиқ нон билан тансиқроқ таом олиб келиб, “Ота (ёки она), мана буни еб олинглар!” деб кўнгилларини олса-ку, уларнинг дуоси билан икки дунё саодатига эришарди...
Яхшилик қилган одамдан камдан-кам яхшилик қайтади. Аллоҳ бу яхшиликларни бошқалар орқали қайтаради ёки мукофотини охиратда беради. Бир кишига яхшилик қилганингизни одамлар билса билар, билмаса йўқ. Муҳими Аллоҳ кўриб турибди. Аллоҳ мана шу эзгу ишингизни ўн баравар қилиб қайтаради. Шунинг учун “Мен фисабилиллоҳ яхшилик қилувдим, ажр-савобини Ўзинг бер, Парвардигорим”, десангиз, Аллоҳ таоло савобларини сиз ўйламаган жойдан етказади.
Ҳадиси шарифда айтилишича, эзгу ишларни холис ниятда қилган мўминлар қиёмат куни мукофот олганларида, Аллоҳ риёкорларга: “Дунёда ким учун риё қилган бўлсангиз, ана ўшаларнинг олдига боринг. Қаранг-чи, улар сизга мукофот берармиканлар?!” деб айтар экан .
Ҳазрат Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу шундай деган: “Риёкорнинг учта аломати бор: ёлғиз қолганда дангасалик қилади, одамлар орасида серғайрат бўлади, одамлар мақтаган ишни кўпайтиради, қоралаган ишни камайтиради ”.
Биз яхшиликни ким учун қиляпмиз? Одамлар кўриши, эшитиши учунми ёки Аллоҳ розилиги учун? Аллоҳ учун қилаётган бўлсак, одамлар билиши шартмас. Аллоҳ ким нима қилаётганини кўриб турибди. Охиратда бизга ажр-мукофотни одамлар эмас, Аллоҳ беради. Шундай экан, бирон эзгу иш бажараётганда ниятни холис қилсак, охиратда юзимиз ёруғ бўлади. Сирлар очиладиган кунда ким аслида кимлиги маълум бўлади.