Қуръон ўқиётган одам хаёлини бир ерга жамласа, дили яйрайди, имони кучаяди, тиловат учун оладиган ажр-мукофоти ортади. Баъзи салафлар Қуръон ўқиётганларида қалблари таскин топиши учун битта оятни қайта-қайта такрорлашар экан. Улуғлар бу борада ҳам бизга ўрнакдирлар.
Ҳазрат Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу айтади: “Илмсиз бажарилган ибодатда, тушунмасдан эгалланган илмда, тадаббурсиз қироатда яхшилик йўқ ”.
Молик ибн Динор: “Эй, Қуръон аҳли! Бу Китоб қалбингизга нима экди? Зотан, баҳор ёмғири ерни ям-яшил майсаларга буркаганидек Қуръон мўмин киши қалбини яшнатади”, деган.
Аҳмад ибн Абулҳаворий айтади: “Агар Қуръон ўқувчи оятлар мазмунини теран англаб етганида, берилган шунча неъматлардан боши осмонга етиб, тонггача мижжа қоқмай чиқарди”.
Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Кийим эскириб йиртилганидек Қуръон ҳам баъзи қавмлар қалбида “эскиради”. Улар Қуръон ўқийдилар, аммо тиловатдан лаззат олмайдилар. Қалблари бўриникига ўхшайди. Фақат устларига қўй терисини ёпиб олганлар холос. Уларнинг амаллари тамадан иборат, хавфдан асар ҳам йўқ. Агар камчиликка йўқ қўйсалар, “Ҳали етиб оламиз”, дейдилар. Гуноҳ содир этсалар, “Гуноҳимиз кечирилар, чунки Аллоҳга ҳеч нарсани шерик қилаётганимиз йўқ-ку”, дейишади ”.
Бу ерда Қуръондан зиғирча таъсирланмайдиган, ташқи кўринишидан қўйдек ювош, мусичадек беозор, аммо қалби тошдек қаттиқ кимсалар тасвирланмоқда. Уларнинг қалбида тақво йўқ, шундай бўлса ҳам “умид”лари жуда-а кучли. Амаллари нуқсон-камчиликка тўла бўлсаям ўрнини тўлдиришни, гуноҳларини Аллоҳ кечириб юборишидан “умид” қиладилар. Аллоҳга ҳеч нарсани ширк келтирмаётганларини рўкач қилиб, кўнгиллари тусаган ишдан тап тортмайдилар...
Орқага Олдинга