loader

Қуръон қироати даражалари

 

 

 

Қуръони карим тиловатининг даражаси учта:
Биринчи даража. Қироат қилаётган банда Аллоҳ таоло ҳузурида туриб ўқиётганини, Аллоҳ унга назар солиб-эшитиб турганини ҳис қилиши. Бу даражадаги банданинг ҳоли сўраш, ялиниш, тазарру, илтижодан иборат. Бу – ўнг тараф эгалари даражаси.
Иккинчи даража. Қироат қилаётган банда қалби ила Аллоҳ таолони кўриб турганига, Унга муножот қилаётганига шоҳид бўлиши. Бу даражадаги банданинг мақоми ҳаё, улуғлаш, қулоқ солиш, фаҳмлаш билан бўлади.
Учинчи даража. Каломда Аллоҳнинг сифатларини кўриш даражаси. Бу даражага эришган банда ўзига ҳам, қироатига ҳам, берилган инъомларга ҳам қарамайди. У бор эътиборини Аллоҳнинг ўзига қаратади, фикрини У Зотга боғлайди, худди Аллоҳни кўришга ўта муштоқ ҳолга келади. Бу – муқарраблар даражаси.
Шундай олий даражага эришганлардан бири Жаъфар ибн Муҳаммад Содиқ раҳматуллоҳи алайҳдир. У кишининг қуйидаги гаплари жуда ибратли: “Аллоҳга қасамки, Аллоҳ азза ва жалла халойиққа Ўз Каломида тажаллий қилган. Лекин улар кўрмайдилар”.
Бир куни Жаъфар ибн Содиқ намозда ҳушдан кетиб йиқилди. Ўзига келганида бунинг сабаби сўралди. Жавоб қуйидагича бўлди: “Бир оятни қалбимда шунчалар такрорладим. Охири уни ўз Эгасидан эшитдим. Шунда жисмим бу ҳолни кўтаролмади”.
Ана ўша даражага етганда қироат ҳаловати кучаяди, муножот лаззати чўққисига чиқади.
Ҳаким зотлардан бири бу ҳақида қуйидагиларни айтган: “Қуръони каримни тиловат қилардим-у, ҳаловатини сезмасдим. Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларига тиловат қилиб бераётганларини эшитгандек бўлиш даражасига чиқдим. Кейин яна юқори даражага кўтарилиб, тиловат қилганда худди Жаброил алайҳиссалом Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга тиловат қилаётганларини эшитаётгандек бўлишга эришдим. Сўнгра Аллоҳ менга бир даражани берди. Ҳозир Қуръонни Аллоҳнинг Ўзидан эшитаётгандек ҳолга сазовор бўлдим. Ана шунда фироқига чидай олмайдиган даражада ҳаловатга, лаззатга эришдим”.
Ҳазрат Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг: “Агар қалбларимиз пок бўлганида, Парвардигоримиз Каломига тўймасди”, деган гапи бежиз эмас.

 

 

 

Орқага Олдинга