loader

Қуръоннинг қалбга таъсири

 

 

 

Аллоҳ таоло комил мўмин бандаларини шундай таърифлайди: “Ҳақиқий мўминлар фақат Аллоҳ (номи) зикр қилинган вақтда қалбларига қўрқинч тушадиган, Унинг оятлари тиловат қилинганда имонлари зиёда бўладиган, ёлғиз Парвардигорларигагина суянадиган кишилардир” (Анфол сураси, 2-оят).
Аллоҳ номи зикр қилинганида чинакам мўминлар қалбига қўрқув тушади, Аллоҳнинг оятлари эслатилганида имонлари мустаҳкамланади. Улар фақат Аллоҳга таваккул қиладилар, У Зотдан мадад сўрайдилар.
Каломуллоҳнинг қалбга таъсири ҳақида яна шундай дейилган: “Аллоҳ энг гўзал Сўзни (оятлари фасоҳатда, балоғатда) бир-бирига ўхшаш, (ичидаги ҳукмлари) такрор-такрор келувчи бир Китоб – Қуръон нозил қилди. (Ундаги Аллоҳнинг азоби ҳақидаги оятларни тиловат қилганларида) Парвардигоридан қўрқадиган зотларнинг терилари титраб кетади. Сўнг терилари ҳам, диллари ҳам Аллоҳнинг зикрига юмшайди. Мана шу (Китоб) Аллоҳнинг ҳидоятидирки, унга Ўзи хоҳлаган кишиларни ҳидоят қилади. Аллоҳ кимни йўлдан оздирса, унинг учун бирон ҳидоят қилувчи бўлмайди” (Зумар сураси, 23-оят).
Огоҳликка чақирувчи оятлар ўқилса, Аллоҳдан қўрқадиган бандалар этлари жимирлайди, қалблари қўрқувга тушади. Агар раҳмат, мағфират, мукофот ҳақидаги оятлар ўқилса, қалблари юмшайди, кўнгиллари Аллоҳнинг зикрига мойил бўлади.
Олимлар аниқлашича, инсон териси атрофдаги овозларни эшитиб, уни мияга юборар экан. Шунинг учун Қуръон ёдлаётганда овоз чиқариб тиловат қилинса, фойдадан холи бўлмайди.
Қуръон тиловати ҳаммага бирдек таъсир қилиши илмий тажриба орқали исботланган. Бунинг учун тўрт киши – араб мусулмон, араб номусулмон, арабмас мусулмон, арабмас номусулмон танланиб, уларга Қуръон тиловати эшиттирилди. Махсус электрон асбобларда руҳий таъсирланишлари текшириб кўрилганида, ҳаммаси бир хил таъсирлангани қайд этилди .
Аллоҳ таоло айтади: “Агар Биз бу Қуръонни бирон тоққа нозил қилганимизда, албатта сиз у (тоғ)ни Аллоҳнинг қўрқувидан эгилиб-ёрилиб кетган ҳолида кўрган бўлардингиз. (Лекин айрим инсонлар диллари тоғнинг тошидан-да каттиқроқ бўлгани сабаб уларга Қуръон оятлари ҳам таъсир қилмайди). Биз бу мисолларни одамлар учун, шояд тафаккур қилсалар, деб келтирмоқдамиз” (Ҳашр сураси, 21-оят).
Салобати билан одамларни лол қолдирадиган пурвиқор тоғлар Қуръонни тушунганида, Аллоҳдан қўрққанидан парча-парча бўлиб кетарди. Энди инсон зоти қандай қилиб Қуръонни тушунмасин, қалби таскин топмасин, Аллоҳни ёд этганда дили юмшамасин?!
Ривоят қилинишича, Молик ибн Динор мана шу оятни ўқиб: “Агар мўмин банда Қуръонга ҳақиқий имон келтирса, қалби юмшашига шубҳа йўқ”, деб айтган.

 

 

 

Орқага Олдинга