loader

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам қироатлари

 

 

 

Бирон-бир қоридан устози кимлигини сўраб-суриштирилса, силсила охири Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бориб тақалади. Чунки Пайғамбар алайҳиссалом Жаброил фаришта воситасида Қуръонни Аллоҳдан қабул қилдилар. Кейин саҳобаларга ўқиб бердилар. Саҳобалар тобеинларга, тобеинлар табаа тобеинларга Қуръонни қунт билан ўргатдилар. Қуръон ўқиш илми устоз-шогирд воситасида бизгача етиб келган.
Аллоҳ таоло Қуръонни Пайғамбар алайҳиссаломга нозил қилган, “Қуръонни тартил билан қироат қилинг!” дея қандай ўқишни ўргатган .
Қуръон ҳарфларни дона-дона қилиб, тажвид қоидаларига амал қилиб ўқиш тартил, дейилади.
Ривоят қилинишича, Алқама устози Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳуга Қуръон ўқиб берди. Шунда Абдуллоҳ шогирдига: “Қуръонни тартил билан тиловат қил! Зеро, бу Қуръонни зийнатлайди”, деди .
Қатода – Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан – Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам қироатлари ҳақида сўраганида: “Расулуллоҳ мад билан (чўзиб) ўқирдилар”, деб жавоб берган .
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Қуръонни қандай ўқишлари ҳақида сўралганида, у мад билан қироат қилишларини айтиб, буни басмала мисолида кўрсатиб берган. Бу иш қорилар, қолаверса ҳар бир мўмин банда учун ўрнакдир. Қуръон ўқиш мушофаҳа  йўли билан устоздан ўрганилади. Қуръони карим қироати ана шу тарзда авлоддан авлодга омонат билан ўтиб келади.
Демак, бизнинг қироатимиз Пайғамбар алайҳиссалом қироатларига мос бўлиши керак. Бунинг учун силсиласи Расулуллоҳга етиб борадиган қоридан таҳсил олинади, Қуръоннинг ҳар бир ояти, ҳар бир сўзи қандай ўқилиши диққат-эътибор билан ўрганилади.
Ривоят қилинишича, Умму Салама  розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қироатларини эслаб: “У зот “Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Ал-ҳамдулиллааҳи роббил ъааламийн. Ар-роҳмаанир-роҳийм. Малики явмид дийн”, деб оятлар орасини ажратиб қироат қилардилар”, деган .
Пайғамбаримиз алайҳиссалом оятлар орасида тўхтаб, нафас ростлардилар. Аслида икки оятни бир-бирига улаб ўқиса ҳам бўлади. Лекин икки оят ўртасида тўхташ суннатга мувофиқдир.
Абдуллоҳ ибн Муғаффал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам уловларида кетаётиб Фатҳ сурасини таржиъ билан енгил қироат қилганларини кўрганман ”.
Қуръонни таржиъ билан ўқиш оятларнинг баъзи жойларини чўзиб, такрор-такрор қироат қилишдир.
Авф ибн Молик Ашжаийдан ривоят қилинади: “Тунларнинг бирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан намозга турдим. У зот Бақара сурасини ўқидилар. Раҳмат оятидан ўтсалар, дуо қилардилар, азоб оятидан ўтсалар, паноҳ сўрардилар. Кейин қиёмда турган миқдорда руку қилдилар. Рукуда: “Субҳаана зил жабарувти вал малакувти вал кибрияи вал азома”, дедилар. Сўнг қиёмда турган миқдорда сажда қилдилар. Саждада ҳам худди шундай (дуо) ўқидилар. Кейин туриб Оли Имронни қироат қилдилар. Шундан кейин бир сура-бир сурадан ўқидилар ”.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тунги намозда узун сураларни ўқирдилар. У зотнинг қиёмлари, рукулари, саждалари жуда узун бўларди. Агар Аллоҳнинг раҳмати зикр этилган оятлардан ўтсалар, дуо-илтижо қилардилар, азоб ҳақидаги оятларни ўқисалар, Аллоҳдан паноҳ сўрардилар.
Муслим ибн Михроқдан ривоят қилинади: “Мен Оиша розияллоҳу анҳога: “Эй, мўминларнинг онаси! Баъзилар Қуръонни бир кечада икки-уч мартадан хатм қилишяпти”, дедим. Шунда у: “Ўша одамлар Қуръон ўқишибди, аммо уқишмабди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кечаси билан ибодат қилиб чиқар, Бақара, Оли Имрон, Нисо сураларини ўқирдилар. Агар башорат берилган оятдан ўтсалар, дуога юзланар, умид қилардилар, (Аллоҳнинг азобидан) қўрқитиладиган оятдан ўтсалар, Аллоҳга дуо қилиб паноҳ сўрардилар”, деди ”.

 

 

 

Орқага Олдинга