loader

Қуръон ўқийлик, токи...

 

 

 

Қуръоннинг бизга таъсири қандай? Муборак Каломдан қанчалик ҳаяжонга тушамиз?
“Эй бандам! Мендан уялмайсанми? Йўлда кетаётган пайтинг дўстларингдан мактуб олсанг, дарров бир четга чиқиб, синчиковлик билан ўқийсан, нима демоқчилигини билиш учун бор диққатингни қаратасан. Ҳолбуки, Мен сенга Китоб юбордим. Уни тушуниб, амал қиласан дея такрор-такрор буюрган амрларим бор. Сен улардан юз ўгирасан, бўйсунмайсан. Сен учун ўша дўстингча қадр-қийматим йўқми?
Эй бандам! Баъзи яқинларинг билан суҳбатлашаркансан, жон қулоғинг билан тинглайсан, уларга янада яқинроқ ўтирасан. Ҳатто бирортаси озгина халақит берса, жаҳлинг чиқади. Мен сенга йўналиб, суҳбат қурганим ҳолда кўнглинг билан тингламайсан. Сенинг назарингда ўша яқинларингча қадрим йўқми?!”
Имом Ғаззолийнинг “Иҳёу улумид дин” китобида келтирилган бу парча бизнинг аҳволимизга изоҳдек гўё.
Қалбимиз кимга, нималарга муҳаббат билан тўлган? Кўнгил ойнамизда ненинг сурати? Қалб нималарни, қандай воқеаларни бахт деб қабул қилмоқда? Бутун фан-техника ютуқлари башариятга бахт ҳадя этиш учун хизмат қиларкан, нега инсон бахтсиз ва ёлғиз?..
Улуғлардан бири танҳоликда кун кечираётган обиддан сўради:
– Бирор гаплашадиган одаминг йўқ. Ҳамроҳсиз, ёлғизликда қандай яшаяпсан?
Обид ёнидаги Қуръони каримни кўрсатиб деди:
– Каломуллоҳдан яқин ҳамроҳ бўлиши мумкинми?..
Назаримизда, ҳаёт – узун. Аслида жуда қисқалигини, ҳамма нарсанинг ниҳояси борлигини билсак, ёлғиз эмасмиз. Чунки фонийликни билган киши тавҳид йўлидадир. Бу йўлда бораётган инсоннинг дўсти Аллоҳ, йўлбошчиси Қуръон.
Буларни билдик, англадик. Демак, навбат Қуръон ўқишга. Токи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тавсия қилганларидек, муборак Китобни ўқиш билан занглаган қалбларимиз жило топсин .

 

 

 

Орқага Олдинга