loader

Қуръон эшитиб ҳидоят топганлар қиссаси

 

 

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбар бўлганларидан олти йил ўтиб, кофирларнинг мусулмонларга қарши зуғуми янада авж олди. Мушриклар мусулмонларга озор беришда кимўзарга ўйнашарди. Кофирнинг обрўйи янги динга кирганларга етказган зулмига қараб ўлчанарди. Шунинг учун ҳам кофирлар мусулмонларга нисбатан кишининг етти ухлаб тушига кирмаган турли азоб-уқубатларни ўйлаб топишарди. Бу ишда ўзига яраша ном чиқарганлар ҳам бор эди. Ана шундай кўзга кўринган “қаҳрамонлар”лардан бири “Умар ибн Хаттоб” исмли мушрик эди. У ўзининг турли шаддодликлари, мусулмонларга қарши адовати билан эл оғзига тушганди. Умар ҳар бир нобакорлигидан кейин олқишга сазовор бўлар, обрўйи янаям ошарди. Бу ҳол унинг кучига куч, ғайратига ғайрат қўшарди.
Ахири иш шунгача бориб етди: Умар Расулуллоҳни ўлдиришга қасд қилди!
Бир куни у қиличини яланғочлаб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ўлдиргани отланди. Йўлда унга бани зуҳралик бир киши дуч келиб қолди.
– Қаерга кетяпсан, эй Умар?
– Муҳаммадни ўлдиргани!
– Муҳаммадни ўлдирсанг, Бани Ҳошим билан Бани Зуҳра сени соғ қўяди деб ўйлайсанми?
– Сен ҳам диндан чиққанга ўхшайсан!
– Қизиқ бир гап айтайми? Куёвинг билан синглинг диндан чиқдилар! Ҳа, сенинг динингдан чиқдилар!
Бу хабардан Умарнинг тепа сочи тикка бўлди. Ғазаб отига миниб йўлини бошқа томонга ўзгартирди: тўғри синглисиникига қараб йўл олди. Умар манзилга етиб борди. Хаббоб ибн Арот ҳам ўша ерда эди. Хаббоб Умарнинг шарпасини кўриб ўзини панага олди. Умар ичкарига кириб деди:
– Бу қандай шивир-шивир?
Улар Тоҳа сурасини қироат қилаётган эдилар. Иккиси:
– Ўзаро суҳбатимиздан бўлак ҳеч гап йўқ, – дейишди.
– Эҳтимол, икковинг диндан чиққандирсанлар?! – деди Умар.
Шунда куёви унга: “Эй Умар, агар ҳақ сенинг динингдан бошқада бўлса...” деб гап бошлаши билан Умар унга шердек ташланди, босиб олиб роса дўппослади. Синглиси уни эридан ажратмоқчи эди, Умар синглисини уриб юзини қора қонга белади. Ғазабланган сингил:
– Агар ҳақ сенинг динингдан бошқада бўлса, мен “Ашҳаду аллаа илааҳа иллаллоҳ, ва ашҳаду анна муҳаммадан абдуҳув ва росулуҳ!” деб гувоҳлик бераман, – деди. Шунда Умарнинг ғазаби бироз босилиб:
– Ўзингиздаги ёзилган нарсани менга беринглар. Ўқиб кўрай-чи, – деди.
Синглиси:
– Сен нопоксан. Буни фақат пок инсонлар ушлайдилар. Тур, таҳорат қилиб (покланиб) кел, – деди.
Умар туриб покланиб келди. Сўнг ёзилган нарсани қўлига олди, Тоҳа сурасини “Албатта Мен Ўзим Аллоҳдирман. Мендан ўзга илоҳ йўқ. Шундай экан, Менга ибодат қил, Мени зикр этиш учун намозни тўкис адо эт”гача ўқиди. Кейин айтди:
– Мени Муҳаммаднинг олдига бошлаб боринглар!
Хаббоб – Умарнинг гапини эшитиб – беркинган жойидан чиқиб келди.
– Эй Умар, суюнчи бер! Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам пайшанба кечаси: “Ё Аллоҳ, Исломни Умар ибн Хаттоб ёки Амр ибн Ҳишом билан қувватла!” деб қилган дуолари сенинг фойдангга ижобат бўлишидан умидворман, – деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Сафонинг пастидаги ҳовлида эдилар. Умар ўша жойга борди. Эшик олдида Ҳамза, Талҳа ва бошқалар туришганди. Ҳамза:
– Ана Умар келяпти! Агар Аллоҳ унга яхшиликни ирода этган бўлса, мусулмонлар сафига қўшилади. Борди-ю нияти бузуқ бўлса, биз Умарни қатл этамиз”, – деди.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ичкарида эдилар. Ўша вақтда ваҳий нозил бўлаётганди. У зот чиқиб Умарнинг олдига келдилар, ёқасидан, қиличбоғидан тортиб:
– Эй Умар! Аллоҳ сенга Валид ибн Муғийрага туширган хорлик ва азобни туширмагунича қайтмайсанми?! – деб қатъий суратда таъкидладилар.
Умар “Ашҳаду аллаа илааҳа иллаллоҳу ва ашҳаду анна муҳаммадан абдуҳув ва росулуҳ!” деб имон келтирди. Ана шу ҳаяжонли лаҳзада ҳовлида турганлар овозлари борича такбир айтишди .
* * * * *
Қуръондан таъсирланиб мусулмон бўлганлардан яна бири Туфайл Давсий эди.
Ўз қабиласида катта обрўга эга бўлган, шоирлиги, уддабуронлиги билан эл орасида шуҳрат қозонган Туфайл ибн Амр Давсий Маккага келди. Қурайшликлар дарҳол унинг йўлини тўсиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга қулоқ солмасликка чақиришди.
– Бошингга бизникидек мусибат тушиб қолишидан қўрқамиз. Сен Муҳаммадга гапира кўрма, сўзларига ҳечам қулоқ солма, – деб тайинлашди.
Гапнинг қолганини Туфайлнинг ўзидан эшитинг: Аллоҳга қасамки, улар ҳадеб жаврайверганларидан у зотдан бирон нарса эшитмасликка қарор қилдим. Ҳатто қулоғимга пахта ҳам тиқиб олдим. Кейин ибодатхона томонга юрдим. Қарасам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Каъба ёнида намоз ўқиётган эканлар. Яқинроқ бордим. Аллоҳнинг иродаси билан у зотнинг овозларини эшитдим. Гўзал бир калом эди. Сўнг ўзимга ўзим: “Мен ақлли, шоир одам бўлсам, яхши-ёмоннинг фарқига бораман. Кел, мана шу одам нима деяётганини бир эшитиб кўрай: яхши бўлса, қабул қиламан. Ёмон бўлса, тарк этаман”, дедим.
Шундай қилиб, Туфайл Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ортларидан у зотнинг уйларига кирди, бўлиб ўтган воқеани сўзлаб берди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом Туфайлни Исломга чақирдилар, унга Қуръон ўқиб бердилар. Туфайл Давсий мусулмон бўлди. Кейин қавми олдига бориб, уларни динга даъват этди. Туфайлнинг шарофати билан Давс қабиласи аъзолари мусулмон бўлишди.

 

 

 

Орқага Олдинга