loader

Тонггача Қуръон эшитиб чиққанлар қиссаси

 

 

 

Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбар бўлганларидан кейин одамларни Ислом динига чақирдилар. У зотнинг Қуръон ўқишлари энг кучли даъват вазифасини ўтарди. Чунки тиловатни эшитган одам беихтиёр Қуръонга мафтун бўлиб, ҳақ динга мойиллик сезарди. Пайғамбар алайҳиссалом Қуръони каримни тиловат қилганларида Қурайш бошлиқлари ҳам тинглашарди. Аммо ундан таъсирланиб қолмаслик учун турли чораларни кўришарди. Бу ҳақида машҳур тарихчилардан бири Ибн Исҳоқ шундай ривоят қилади: Тунларнинг бирида Абу Суфён ибн Ҳарб, Абу Жаҳл ибн Ҳишом, Ахнас ибн Шурайқлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан Қуръон эшитиш учун чиқишибди. Улардан ҳар бири алоҳида ўтириб тинглабди. Бир-биридан хабари йўқ экан. Кечаси билан у зот алайҳиссаломга қулоқ солиб, тонг отганда уйларига тарқалишибди. Йўлда ногаҳон учрашиб қолиб, бир-бирларини роса маломат қилишибди. “Энди бу ерга бошқа келмайлик. Эси паст одамлар кўриб қолса, гап-сўз бўлмасин тағин”, деб уй-уйларига тарқалишибди. Иккинчи кечада уларнинг ҳар бири яна ўз жойига келиб, эрталабгача Қуръон эшитиб чиқибди. Тонг отганда қайтиб кетаётиб йўлда учрашиб қолишибди. Яна бир-бирларига аввалги гапларни айтишибди. Учинчи кечада ҳам келиб, туни билан Қуръонга соме бўлишибди. Тонг отганда қайтиб кетаётиб, яна аввалги ҳол такрорланибди. Бу сафар бир-бирларига: “Бошқа қайтиб келмасликка аҳд қилмагунимизча тарқалмаймиз”, дейишибди. Қатъий аҳду паймон қилиб уйларига тарқалишибди. Ахнас кундузи ҳассасини қўлига олиб Абу Суфён ибн Ҳарбнинг уйига борибди. – Эй Абул Ҳакам, Муҳаммаддан эшитганларинг ҳақида нима дейсан? – дебди. Абу Суфён: – Нима эшитибман?! Биз Бани Абдуманоф билан обрў талашиб келганмиз. Улар ҳам кишиларга таом беришди. Биз ҳам бердик. Улар ҳам улов беришди. Биз ҳам бердик. Ҳамма тиз чўкиб, пойгага қўйилган икки отдай бўлган бир паллада, улар: “Бизда пайғамбар бор. Унга осмондан ваҳий келди”, деб турибдилар. Биз бунга қачон етиб оламиз, ахир?! Аллоҳга қасамки, биз Муҳаммадга зинҳор имон келтирмаймиз, уни тасдиқламаймиз, – деди. Ахнас унинг олдидан чиқиб кетди. Кибр, таассуб, мансабпарастлик Макка мушрикларини имон келтиришдан тўсиб турарди . Лекин оз бўлса-да, баъзи кишилар ҳақиқатни англаб ета бошлагандилар.

 

 

 

Орқага Олдинга